Жорий йилда Балиқчида 500га яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият бошлади.

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, келгусидаги вазифалар белгиланмоқда. 
Халқ депутатлари Балиқчи тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими Жасурбек Абдураимов 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Балиқчи туманини 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари бўйича ҳисобот берди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга кўра шаҳар ва туманлар “яшил”, “сариқ” ва“қизил” ҳудудларга ажратилган эди.

Рга кўра, Балиқчи тумани (умумий 13,98 балл) “қизил” ҳудуд тоифасига киритилган.
Мавжуд салбий холатни бартараф этиш ва туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш мақсадида амалга оширилган ишлар натижасида 2020 йилнинг ўтган даври якунларига кўра умумий 16,57 балл билан Балиқчи тумани “сариқ” ҳудуд тоифасига киритилди.

Аҳолининг реал даромадларини ошириш бўйича жорий йилда тижорат банклари томонидан 28,9 миллиард сўм оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик, чорвачилик ва паррандачилик, пиллачилик, қуёнчилик йўналишларида 849 нафар аҳолига имтиёзли кредитлар ажратилган. 1 минг 100 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Инвестиция дастурига асосан, умумий қиймати 373 миллиард 600 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Унинг ҳисобига 59 та янги лойиҳалар ишга туширилиб, 1 минг 879 нафар янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Ҳисобот даврида 11 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди ва уларнинг 10 таси томонидан 43,3 миллион АҚШ долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.
Жорий йил давомида 332 млрд 869 миллион сўмлик 46 та саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги лойиҳа амалга оширилиб, 982 та янги иш ўринлари ташкил этилди. 
Мисол учун, "Скортон текстиль" МЧЖ томонидан 20,1 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициянинг ўзлаштириши ҳисобига йиллик қуввати 10 минг 300 тонна калава ип ишлаб чиқариш, 24 миллион 720 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт қувватига эга янги ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. Натижада 400 нафар янги иш ўринлари яратилди. 
Тумандаги яна бир хорижий корхона "Миг фарфор" МЧЖ томонидан чинни буюмлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 1,0 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилиб, йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати 7 миллиард сўмга етказилиб, 150 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида депутатлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари билан биргаликда туман ҳудудида камбағал, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити ўрганилиб, 8 минг 834 нафар аъзолари бўлган 2  минг 381 та “Темир дафтар”га киритилди.
Бугунги кунгача, “Темир дафтар”даги 2 минг 974 нафар ишга муҳтож фуқаронинг 2 минг 926 нафари ёки 98,4 фоизи турли соҳаларга ишга жойлаштирилди, 58 нафарига 800 миллион сўмлик имтиёзли кредит, 466 нафар фуқарога субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди.

Буларнинг натижасида 1 минг 770 та оила турмуш шароити яхшиланганлиги муносабати билан, ўз мурожаатларига мувофиқ, сессия қарорлари асосида “Темир дафтар” дан чиқарилган бўлса, 238 та оила янгидан “Темир дафтар” га киритилди. 

Коронавирус пандемияси давом этаётган хозирги шароитда озиқ-овқат маҳсулотларини танқислиги юзага келишини олдини олишга қаратилган жиддий чора-тадбирлар кўрилиши билан бирга аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини асосан ички имкониятлар ҳисобидан тўлиқ таъминлаш, нархларни асоссиз ошишига йўл қўймаслик мақсадида туманда тизимли ишлар ташкил этилди. 
Жорий  йилда 2019 йилга нисбатан ҳар гектардан олинган ҳосилдорликни 3 центнерга ортгани ҳисобига 3 минг 300 тонна кўп пахта хом-ашёси етиштирилди, ҳосилдорликни ошириш эвазига 27 миллиард сўм қўшимча  даромад  олинди.

Сессияда бир қатор камчилик ва муаммолар ҳам қайд этилди. 

Жумладан, тадбиркорлик соҳасида 426 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилган бўлсада, белгиланган 310 та фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг 191 тасининг фаолияти тикланган холос. 
Инвестиция дастури доирасида белгиланган 6 та лойиҳа пандемия сабабли, четдан келтириладиган дастгоҳларни муддатида етиб келмаганлиги сабабли ишга туширилмади. Бундан ташқари, давлат хусусий шерикчилик асосида ёки хусусий мактабларни очилишига етарли эътибор қаратилмади. Ҳозирда туманда бирорта ҳам хусусий мактаб йўқ. 

Шунингдек, туманда 564 гектар боғдорчилик ер майдонлари мавжуд бўлсада, бир гектар ҳам тўлиқ замонавий интенсив боғлар ташкил этилмаган. Бу эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сессияда электр ва газ таъминотини яхшилаш, мактабларни рақамлаштириш, интернет тармоғига улаш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.