Август ойида ҳарорат фони пасая бошлайди, бу ой июль каби жуда иссиқ бўлмайди. Ўзбекистон ҳудуди бўйича август ойининг ўртача ойлик ҳарорати июль ойига нисбатан 1,5-2,5 даражага паст бўлади. Аммо, шунга қарамай, август ҳали ҳам жуда иссиқ ой ҳисобланади.

Август ойи қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг катта қисмида ҳарорат асосан кундузи 34-37 даража атрофида, жанубда баъзи жойларда 40-41 даражагача бўлади. Бундай ҳарорат ёз фасли учун жуда қулай бўлиб, у август ойидаги ўртача йиллик қийматларга яқиндир.

Кечалари ҳарорат асосан 18-23 даража бўлади.

Учинчи ўн кунликда ҳарорат кечалари аста-секин 13-18 даражагача, кундуз кунлари 30-35 даражагача, жанубда 36-38 даражагача пасаяди.

Август ойи асосан қуруқ бўлиши кутилмоқда. Республика ҳудудининг катта қисмида ой давомида ёмғир ёғиши эҳтимоли кам.