Биринчи чоракда ялпи ички маҳсулот 3 фоизга, саноат – 3,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 3,1 фоизга ўсгани маълум қилинди.
— Бугун ҳар бир тармоқ раҳбари бирор муаммо бўлса айтиши керак. Ҳар бир масаланинг ечимини топиш шарт, — дейди Шавкат Мирзиёев. — Ура-ура қиладиган раҳбарлар керак эмас. Мураккаб пандемия даврида иқтисодий барқарорликни таъминлаш керак. Вазирликлар, ҳокимликлар, тармоқларда вертикал тизим ишламаяпти. Ташаббускорлик етишмаяпти. Шунча вазир ўринбосарлари нима иш билан шуғулланяпти? Вазирларнинг ўринбосарлари ҳам қонун доирасида масъулият ва жавобгарликни ўзига олиши керак. Агар ҳар ким ўз вазифасини бажарса, коррупцияни йўқ қилсак, жойларда вазирнинг вертикал тизими ишласа, натижа бўлади.
Шунингдек, Президент саноат тармоқларида ўсиш кўрсаткичларини қўшиб ёзиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида гапирди.
— Биз пахтада “приписка”ни йўқ қилдик, лекин саноат тармоқларида қўшиб ёзишни йўқ қилолмаяпмиз. Бу нима деган гап? Ҳокимлар таниш-билиш қилиб, шерик бўлиб асл ҳолатни беркитишяптими? Прогнозни бажаролмаса, нега раҳбар бўлиб ўтириши керак? дея танқид қилди давлат раҳбари.
Биринчи чоракда “Ўзавтосаноат”да ишлаб чиқариш ҳажми 40 фоизга, “Ўзбекнефтгаз” – 4,7 фоизга, чарм маҳсулотлари – 10 фоизга пасайган.
Сўнгги бир йилда дори-дармон ва тиббиёт буюмларига эҳтиёж кескин ошса-да, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш 22 фоизга камайишини қандай изоҳлаш мумкинб дея мутасаддиларга савол берди Президент.
Давлат раҳбари вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, тармоқ ва банк раҳбарларига май-июнь ойларида биринчи навбатда асосий энергоресурслар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш лозимлигини таъкидлади.