Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобига кўра, ҳар йили ҳавонинг ифлосланиши 7 миллион бевақт ўлим ва миллионлаб соғлом йилларнинг бой берилишига олиб келади. Болаларда бу ўсиш ва ўпка фаолиятининг сустлашиши, нафас йўллари инфекциялари ва астма касаллигининг асоратларида намоён бўлади. Катта ёшлиларда ташқи ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ бўлган юрак ва қон томир касаллиги эрта ўлимнинг энг кўп учрайдиган сабабларидан биридир. Диабет ва нейродегенератив касалликлар ҳам кўпаяди.
Ҳавонинг ифлосланиши иқлим ўзгариши билан бирга инсон саломатлигига таъсир кўрсатадиган энг жиддий экологик таҳдидлардан биридир. Ҳавонинг тозалигини таъминлаш иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга ёрдам беради ва чиқиндиларни камайтириш, ўз навбатида, ҳаво сифатини яхшилайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги кўрсатмалари алоҳида таҳдид солувчи моддалар — озон, азот ва олтингугурт диоксиди ва углерод оксиди каби моддаларга нисбатан қўлланилади. Улар билан зарарланган ҳаво ўпкадан қонга кириб, нафас олиш, юрак-қон томир касалликларига, ҳатто саратонга олиб келиши мумкин.
Қайд этилишича, иқтисодиёти заиф мамлакатлар аҳолиси иқтисодий ривожланиш учун қазиб олинадиган ёқилғига қарам бўлганлиги сабабли, ҳаво сифати ёмонлигидан кўпроқ зарар кўради.
“Ҳавонинг ифлосланиши барча мамлакатлар аҳолисининг соғлиғига таҳдид солади, лекин у асосан паст ва ўрта даромадли мамлакатларда ўз изини қолдиради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳаво сифати бўйича янги кўрсатмалари ҳолатни яхшилашнинг илмий асосланган ва амалий воситаси бўлиб, унга бутун ҳаёт боғлиқдир. Мен барча мамлакатлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун курашаётганларни ушбу кўрсатмалардан фойдаланишга чақираман”, — деди ЖССТ бош директори Тедрос Aданом Гебрейесус.
ЖССТ экспертлари ҳаводаги углерод миқдорини мунтазам ўлчаш, чиқиндилар ва ифлосланиш манбаларини ҳисобга олишни тавсия қилади. Олимларнинг фикрича, давлат ҳокимияти органлари атмосферага зарарли зарраларни камайтириш бўйича янги стандартлар ишлаб чиқиши ва мақсад қўйиши шарт. Чиқиндиларнинг инсон саломатлигига таъсирини баҳолайдиган ёндашувларни илгари суриш учун фан ва технологиянинг сўнгги ютуқларини жорий этишлари керак. ЖССТ, шунингдек, кўчаларда зарарли чанг ва чиқинди газларни камайтириш учун шаҳар майдонларини яхшироқ режалаштиришни тавсия қилади.