“Европа минтақасида пандемия бошланганидан буён COVID-19ни юқтирган беморлар сони бир неча ҳафта ўтиб 250 миллион нафарга етади, — дейди у. — Тўғри, биз ўтган даврда коронавирусга қарши кураш борасида катта натижаларга эришдик.
Аммо ҳали инфекция кенг тарқалишда давом этмоқда. Шифохоналарга ҳамон бу касалликка чалинган беморлар ётқизиляпти ва ҳануз жуда кўп ўлим ҳолатлари кузатилмоқда.
Масалан, ўтган ҳафтанинг ўзида минтақамизда 3 минг нафарга яқин киши мазкур хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу дунё бўйича 22-28 август кунлари коронавирусдан вафот этганларнинг учдан бир қисмини ташкил қилади”.
Ханс Клюгенинг таъкидлашича, жаҳондаги кўплаб мамлакатлар, ҳатто иқтисодий аҳволи мақтанарли бўлмаган давлатлар ҳам эмлаш жараёнини узлуксиз давом эттирмоқда.
Аммо Европада ҳали вакцина олмаган миллионлаб кишилар бор. Энди ана шу одамларнинг эмланиши учун зарур чораларни топиш лозим. Айниқса, аҳолининг иммунитети заиф қатламлари, жумладан, кекса ёшли инсонлар, ёндош касалликлардан азият чекаётган беморлар биринчи навбатда бустер дозани қабул қилишлари керак.
Шунингдек, ЖССТ вакили бу мавсумда грипп эпидемиясига қарши вакциналарни ҳам қўллашга алоҳида эҳтибор қаратиш зарурлигини қайд этди, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги ҳафталарда Европа бўйича энг кўп касалланиш ҳолатлари Германия ва Францияда рўйхатга олинмоқда.