Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 пандемияси пайтида антибиотикларнинг нотўғри ишлатилиши сабабли уларга қаршилик кучайиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди. Бу ҳақда ЖССТнинг Европа минтақасида ўтказилган тадқиқотда айтилди, дея хабар бермоқда РИА Новости.

“Жисмоний шахслар ва соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан узоқ вақтдан бери қўлланилаётган антибиотиклардан фойдаланиш муаммоси COVID -19 пандемияси туфайли ёмонлашмоқда...” Антибиотиклар COVID-19 сингари инфекцияларнинг олдини олмаслиги ёки даволамаслигига қарамай, Европанинг айрим ҳудудларида пандемия давомида касаллик ҳолатларининг кўпайиши билан антибиотиклардан фойдаланиш ҳам ортган. Тадқиқотга кўра, антибиотик қабул қилганларнинг 79-96 фоизи COVID-19ни юқтирмаган, аммо юқтирмаслик учун дори ичган.

Шунингдек, касалхонага ётқизилганлар орасида беморларнинг атиги 15 фоизи антибиотикларга муҳтож бўлган, чунки улар бир вақтда бактериал инфекция билан касалланган, аммо юқтирганларнинг 75 фоизига дори берилган.
Таъкидланишича, цефалоспорин синфининг учинчи авлод антибиотиклари тез орада ўз самарасини йўқотиши мумкин, чунки COVID -19 пандемияси бошида бир қатор Европа тиббиёт муассасалари вирусни айни шу дори билан даволашга ҳаракат қилишган.