Биргина камбағаллик муаммосини олайлик. БМТ маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда 1 миллиард 100 миллион аҳоли камбағалликда умр кечирмоқда. Бу дунёда шунча аҳоли озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, тиббий хизмат ва таълим олиш билан боғлиқ эҳтиёжини қондириш учун етарли даромад ва ресурсларга эга эмаслигини англатади. Табиийки, бу тўлақонли ҳаёт кечиришга тўсқинлик қилади. Бундан, энг аввало, аҳолининг заиф қатлами — болалар, ногиронлиги бор инсонлар азият чекяпти. Ер юзида кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, пандемиялар, дунёдаги геосиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик бу жараёнларни янада қийинлаштирмоқда.
Ушбу ҳолатларни бартараф этиш, дунёда тенглик ва адолатни таъминлаш учун БМТ томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида муҳим ҳужжат қабул қилинган. Унга кўра, 2030 йилгача глобал миқёсда камбағалликка барҳам бериш ушбу мақсадларнинг биринчиси сифатида белгилаб олинган. Мазкур тамойилларни рўёбга чиқариш барча давлатлар, халқаро ташкилотлар, умуман, жаҳон ҳамжамияти олдига янги ва долзарб вазифаларни қўйиб, уларга ечим топиш бўйича тезкор қарорлар қабул қилишни тақозо этмоқда.
Янги Ўзбекистонда барча ислоҳотлар “Инсон қадри учун” эзгу тамойили асосида кечаётгани ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмак бериш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Бу борада одамларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялаш, муносиб иш билан таъминлаш, даромадини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган улкан ишлар қилинди. Жумладан, камбағалликка қарши кураш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилиб, умуммиллий ҳаракатга айлантирилди.
Янгиланган Конституциямизда пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилаётгани ҳар бир маҳаллага бизнес муҳити, ҳар бир оилага фаровонлик олиб кирди. Юртимизда бу йўналишда ишлар бошланганида аҳолимизнинг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшагани ва 2025 йил якунига келиб камбағаллик даражаси 5,8 фоизга тушгани ислоҳотлар самарасини яққол намоён этади.
Албатта, қисқа вақтда бундай натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 2 карра ўсгани бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ҳисобига Ўзбекистон 2030 йилга қадар камбағалликни қисқартириш бўйича зиммага олинган мажбуриятини барвақт бажаришга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда 2025 йил бандликни таъминлаш, камбағалликни камайтиришда энг муҳим ва ҳал қилувчи йил этиб белгиланиб, аниқ ва тизимли ишлар амалга оширилди.
Президентимиз парламент ва халқимизга Мурожаатномасида бу жабҳадаги ислоҳотлар самараси хусусида тўхталиб, “Биз камбағалликни қисқартириш масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантирдик. Такрор айтаман, ўтган даврда 8,5 миллиондан зиёд аҳолини камбағалликдан чиқаришга эришдик. Асосий мақсадимиз — одамларимизни доимий даромадли қилишдан иборат. Пули бор одам яхши кийиниш ва овқатланишга, сифатли таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланишга, мазмунли дам олишга, бир сўз билан айтганда, фаровон яшашга интилади”, деди.
Камбағалликка барҳам беришда энг тўғри йўл таълим эканини ҳаётнинг ўзи яққол намоён этмоқда. Бу йўналишдаги тадқиқотларга кўра, юқори маълумотлилар қуйи маълумотга эга бўлганларга нисбатан кўпроқ иш ҳақи олади. Шу боис, таълим тизимига инсон капиталини ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришнинг асосий драйвери сифатида устувор эътибор қаратилмоқда. Бу жабҳадаги саъй-ҳаракатлар самарасида мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошгани натижасида 1 миллион аёл таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш ва даромад топиш имконига эга бўлди. Ҳар бир камбағал оилада камида 1 нафар олий маълумотли йигит ёки қиз бўлиши учун имтиёзли таълим кредити ва давлат грантлари кўпайтириляпти.
Камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шароит яратиляпти. Ўзбекистон дунёга очилгани ва фаол инвестиция сиёсати туфайли иқтисодиётимизга жалб этилаётган сармоя ошиб, юқори даромадли иш ўринлари кўпаймоқда. Қулай ишбилармонлик муҳити ҳисобига тадбиркорлар барқарор бизнесига эга бўлмоқда. Эътиборлиси, давлат бизнесга шароит яратиб беряпти, тадбиркорлар эса ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд аҳолини ишли ва даромадли қилишга кўмаклашяпти.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил 1 ноябрь ҳолатида 1 миллион 540 мингта оила ўрганилиб, шундан 717 мингтаси, яъни 3 миллион аҳоли “Камбағал оилалар реестри”га киритилди.
Ҳар бир оила бўйича индивидуал ёндашув асосида муаммолар ўрганилиб, уларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган аниқ чоралар белгиланди. Индивидуал режалар асосида қарийб 2 миллиондан кўпроқ аҳолига 791 мингдан ортиқ турли хизмат кўрсатилди. Жумладан, 323 минг фуқаро доимий иш билан таъминланди, 124 минг нафарига кредит ва субсидиялар ажратилди, 296 минг нафари тадбиркорлик фаолиятига жалб этилди ҳамда 48 минг киши касб-ҳунарга ўқитилди. Натижада реестрдаги 311 мингта камбағал оила ёки 1,3 миллион аҳоли расмий даромадга эга бўлиб, моддий аҳволи яхшилангани сабабли камбағаллик ҳолатидан чиқарилди. Бу реестрга киритилган оилаларнинг 43 фоизини ташкил этади.
Яхшиланаётган инфратузилма аҳоли даромадини оширмоқда
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ўтган йил оғир тоифадаги 1024 та маҳаллада инфратузилмани яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мақсадлар учун республика бюджетидан 3,2 триллион сўм йўналтирилиб, унинг самарали ўзлаштирилиши қатъий назоратга олинди. Хусусан, суғориш тармоқлари қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 1 триллион 394 миллиард сўмлик иш бажарилди. Натижада 448 та суғориш насоси, 862 та қудуқ ва 2629 километр суғориш тармоғи барпо этилиб, 77,5 минг гектар томорқа ерларини суғориш имкони яратилди. Бу эса 2,3 миллион аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, электр энергиясини барқарор етказиб бериш мақсадида 959 та маҳаллада электр инфратузилмаси лойиҳаларига 928 миллиард сўм ажратилди. Бу лойиҳалар доирасида маҳаллалардаги эскирган трансформаторлар янгиланди, янги симёғочлар ўрнатилди, тўрт ярим минг километрдан узунроқ электр тармоғи тортилди ва реконструкция қилинди. Натижада 3,7 миллион аҳоли барқарор электр таъминоти билан қамраб олинди.
— Аҳолини камбағалликдан чиқариш ва даромадли қилишда ҳар бир ҳудуднинг ўз тажрибаси пайдо бўлмоқда, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Соатов. — Жумладан, вилоятимизда ҳам бу борада ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқилди. Шаҳар ва туманлар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айланмоқда. “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилалар билан индивидуал ишланди. Натижада ўтган йили ўн уч мингдан кўпроқ оила даромад манбаига эга бўлгани учун ушбу рўйхатдан чиқарилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 100 миллиард сўм ҳисобига “оғир” тоифадаги 58 та маҳалланинг сув таъминоти яхшиланди. Натижада 47 минг хонадоннинг томорқасида даромад олиш имкони яратилди.
— Ўттиз сотихга яқин томорқа еримиз бор, лекин шу вақтгача ундан яхши даромад олишни тасаввур ҳам қилолмасдик, — дейди Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги Бирлик маҳалласида яшовчи Арслон Баратов. — Чунки сермаҳсул экин тури ва навини танлаш, экиш, парваришлаш бўйича тажрибамиз етишмасди. Боз устига сувсизлик туфайли бор экинлар ҳам нобуд бўларди. Сув таъминоти яхшиланиши ва маҳалла фаоллари томонидан томорқадан унумли фойдаланиш бўйича амалий кўмак кўрсатиш тизимли йўлга қўйилгани айни муддао бўлди.
Бундан унумли фойдаланиб, хонадон эгалари томорқа майдонида кичик иссиқхона ташкил қилди ва бир мавсумда икки марта ҳосил олмоқда. Суғориш имконияти яхшиланганидан кейин томорқанинг қолган қисмидан ҳам бир мавсумда уч мартагача ҳосил олиняпти. Шу тариқа ушбу оиланинг йиллик даромади қарийб 80 миллион сўмга етди. Қишлоқ шароитида бу маблағ бир оиланинг тўкис ва фаровон яшаши, фарзандларини ўқитиши ва орзу-ниятларни рўёбга чиқариши учун катта имкониятдир.
Вилоятда бундай ишлар ўзига хос ёндашувлар асосида давом эттирилиб, камбағаллик даражасини 3 фоизга ҳамда ишсизликни 3,4 фоизга тушириш мақсад қилинган. Умуман, 2026 йилда вилоят бўйича 5 та ҳудуд камбағаллик ва ишсизликдан холи бўлади.
Бу борада ишлар барча ҳудудларда изчил давом этяпти. Маҳаллаларни обод қилиш, одамлар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга катта маблағ йўналтириляпти. Қишлоқ аҳолисини даромадли қилиш учун пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, одамларга 30-50 сотихдан ер ажратишнинг янги механизми жорий этилди. Бу ишлар 800 минг одамнинг даромадини оширишда муҳим қадам бўлди. Етакчи тадбиркорлар кўмагида томорқада сердаромад экинлар экиш ва етиштирилган маҳсулотни кафолатли сотиб олиш йўлга қўйилди. Натижада биргина ўтган йилнинг ўзида аҳоли томорқасида етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 465 миллион долларга етди.
Айни пайтда томорқа эгалари ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш давом этмоқда. Шу мақсадда маҳаллаларда мева-сабзавотни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватлари барпо этилди. Натижада одамлар томорқадан 2-3 марта ҳосил олиб, бир сотихдан 15-20 миллион сўм даромад топяпти. Бундай ишларни муттасил ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратиляпти.
Инсонпарварлик сиёсати самараси
Умр йўллари инсон учун доим синовли. Бугун соппа-соғ юрган инсон бирор бахтсиз тасодиф ёки оғир хасталик туфайли бехосдан ижтимоий-тиббий кўмакка муҳтож бўлиб қолиши мумкин. Айнан шундай оғир вазиятда давлатнинг инсонпарварлик сиёсати яққол намоён бўлади.
Зиммасига ижтимоий давлат мақомини олган мамлакатимизда аҳолининг бундай тоифасига кўмак кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Сўнгги йилларда бу жабҳадаги ишлар натижасида ижтимоий ҳимоя тизими янги босқичга олиб чиқилиб, ягона марказлашган тизим сифатида шакллантирилди. Туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилди.
Маҳалла даражасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш, жамиятга интеграция қилиш, сифатли протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминлаш тизими такомиллаштирилди.
Президентимиз мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бу йўналишдаги кенг қамровли ислоҳотларнинг ўзига хос аҳамияти ва самараси ҳақида тўхталиб, битта бўлса ҳам қийин аҳволга тушиб қолган ҳамюртимизнинг тақдири барчамизни бирдек ташвишга солиши, зеро, халқимизнинг энг катта қудрати меҳр-оқибат, саховат ва бирдамликда эканини алоҳида таъкидлади. Бу сўзлар замирида халқимизнинг инсонпарварлик, эзгуликка йўғрилган қадриятлари, инсон қадрини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асл мақсад-моҳияти ўз аксини топган.
Шу боис, аҳолининг муҳтож қатламига йўналтирилган ижтимоий кўмак тобора кенгаймоқда. Бу борада Ҳамроҳлик дастурига мувофиқ ота-она меҳридан маҳрум бўлган 11 минг боланинг таълим, касб-ҳунар, спорт тизимига қамраб олингани муҳим натижа бўлди. Эҳтиёжманд оилаларнинг 2,5 миллиондан зиёд аъзосига 110 турдаги ёрдам ва хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Умуман, 2025 йилда ёрдамга муҳтож аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга 19 триллион сўм йўналтирилди.
Бу жабҳадаги ислоҳотлар изчил давом этяпти. Жараёнда профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштириляпти. Барча ҳудудларда ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш марказлари, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун реабилитация хизматлари ташкил этилмоқда.
Аҳолининг ижтимоий муҳофазаси ҳақида гап кетганда, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиш жоиз. Зеро, аёл оила чироғи, фарзанд тарбиячисидир. Аёлга эътибор оила фаровонлиги ва барқарорлигини таъминлаш ва фарзандлар камолотига хизмат қилади. Шу боис, юртимиздаги ижтимоий ҳимоя тадбирларида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича ўзига хос тизим яратилди. Бу борада “Аёллар дафтари” юритилаётгани ўз самарасини бермоқда.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилда “Аёллар дафтари”нинг олтинчи босқичи доирасида бир миллиондан зиёд кишига амалий ёрдам кўрсатилгани қувонарлидир. Бу жараёнда ишсизларнинг бандлиги таъминланди, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлганларга имтиёзли кредит ажратилди. Бундан ташқари, уй-жойга муҳтож тўрт мингга яқин аёлга кўмак берилди. Уларнинг 230 нафари уй-жой билан таъминланди. 2828 нафарига 5,1 миллиард сўм миқдорида ижара компенсацияси тўлаб берилди. Бир қанча эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойи таъмирланди. Икки юз мингдан зиёд она ва бола тиббий кўрикдан ўтказилди.
Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аёлларга ёрдам кўрсатилди. Жумладан, қарийб 150 минг хотин-қизга туғилганлик ҳақида гувоҳнома ёки фуқаролик паспорти олиш учун 1,2 миллиард сўм тўлаб берилди. Деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги аёлларга 46 гектар ер ажратилди.
Хотин-қизларнинг олий таълим олишини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятлар ҳам йил сайин кенгаймоқда. Бу борада “Аёллар дафтари” доирасидаги чора-тадбирлар ҳам опа-сингилларимизга елкадош бўлмоқда. Бу гал олий ўқув юртида таҳсил олаётган 70 қиз ҳамда ижтимоий дафтарда турган аёлларнинг фарзандига контракт тўловининг бир қисми тўлаб берилди.
Ижтимоий ҳимоя соҳасида ишлар изчил давом эттирилиб, жорий йилдан “Тенг имкон — инклюзив бандлик” лойиҳаси доирасида ногиронлиги бўлган 40 минг одамни ишли қилиш кўзда тутилмоқда. Бандлик жамғармасидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади. Камбағалликка қайта тушиш хавфи мавжуд оилаларга ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар сақлаб қолинади. Уларга 6 ой мобайнида моддий ёрдам ва болалар нафақаси тўланиши давом эттирилади, боғча ва тўгарак харажатини қоплаш, даволаниш ордери каби 110 та ижтимоий хизмат ва ёрдамдан 12 ой давомида қўшимча фойдаланиш имкони берилади.
Бундан ташқари, оғир ҳаётий вазият сабабли камбағалликка тушиб қолиши хавфи юқори оилаларни олдиндан аниқлаб, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.
Касб-ҳунар — туганмас хазина
Камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги касбий кўникмалар марказлари ҳамда хусусий таълим ташкилотларининг самарали фаолияти туфайли камбағал ва ишсиз аҳолини касб-ҳунар, тадбиркорликка ўқитиш охирги 8 йилда 25 баробар оширилди. Хусусан, 2017 йилда 7 минг киши касб-ҳунарга жалб қилинган бўлса, 2025 йил ушбу рақам 230 мингни ташкил этди.
Таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилиб, ўтган йилда вазирлик тизимидаги касбий кўникмалар марказларининг 200 нафарга яқин ўқитувчиси замонавий технологиялар асосида хорижий давлатларда малака оширди. Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) кўмагида ўқув марказлари сони кўпайди. Уларнинг битирувчиларида 95 фоиз иш топиш ва 97 фоиз иш берувчилар томонидан қаноатлантириш даражаси қайд этилмоқда.
Шунингдек, Жаҳон банки билан ҳамкорликда автомобилларга, шу жумладан, электромобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишида 10 та вилоятдаги касбий кўникмалар марказлари ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Меҳнат бозори талаблари асосида 12 та янги касбга ўқитиш йўлга қўйилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда ҳудудларда камбағал оилалар аъзолари учун ахборот технологиялари йўналишида ўқув курслари ташкил этилди. 4 та йўналиш бўйича 168 минг ёш, шундан камбағал оилаларнинг 36 минг фарзанди ўқитилди. Келгусида камбағал оилалар аъзоларини қамраб олиш улуши 40 фоизга етказилади. Бу борадаги ишлар янада кенгайиб, пойтахтимизда Креатив соҳалар кластери ташкил этилмоқда. Бу ерда 32 турдаги халқаро стандартга мос креатив соҳа мутахассислари тайёрланади.
Ушбу йўналишдаги хайрли ишлар кўламини муттасил кенгайтириб бориш учун дунёдаги илғор тажрибаларни ўрганиш, мамлакатимизда эришилаётган ютуқларни кенг оммалаштириш инсоният тараққиётига хизмат қилади. Шу мақсадда юртимиз кўплаб халқаро форумларга мезбонлик қилмоқда ва барқарор ривожланишга эришиш борасида Ўзбекистон очиқ мулоқотлар майдонига айланди.
Хусусан, 2025 йил май ойида бўлиб ўтган ана шундай йирик халқаро форумда дунёнинг барча минтақаларидан кўплаб олимлар ва етакчи экспертлар иштирок этиб, бу борадаги глобал муаммолар ечими хусусида фикр алмашди. Ушбу тадбир жараёнида дунёда камбағалликни қисқартириш орзу эмас, қўлимиз етадиган мақсад экани, Ўзбекистонда сўнгги йилларда эришилган ютуқлар бу борада ўрганиш ва ўрнак олишга арзирли яхши тажриба бўлиши эътироф этилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ортга қайтмас тус олган ана шундай муҳим ислоҳотлар йўлидан қатъий бориб, камбағалликни қисқартириш борасида ва Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришиш бўйича барча мажбуриятларини бажаришда янгидан янги марраларни кўзлаб илгариламоқда. Бу жабҳада орттирилаётган ҳар бир ижобий тажриба ва қўлга киритилаётган ютуқлар нафақат халқимиз, балки дунё аҳлининг фаровон жамият барпо этиш ва адолатли дунёни қарор топтиришга оид эзгу орзу-умидлари рўёби йўлида муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири