Камчатка қирғоқларида 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Дальний Восток ва АҚШ учун цунами ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Бу ҳақда 18 сентябрь, пайшанба куни кечқурун Россия оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Россия Фанлар академияси Геофизика хизматининг Камчатка бўлими маълумотларига кўра, ер силкинишларининг эпимаркази Петропавловск-Камчатскийдан 93 километр денгизда, 123 километр чуқурликда жойлашган.
Камчатканинг шарқий қирғоғида цунами хавфи эълон қилинди, маҳаллий ҳокимият вакилларига кўра, аҳоли огоҳлантирилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги баландлиги 1,5 метргача бўлган тўлқинлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Шу билан бирга, америкалик сейсмологлар зилзиладан кейин Камчатка қирғоқларида икки бор 5,8 ва 5,4 магнитудали афтершок содир бўлганини хабар қилишди.
Россиялик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг хабар беришича, уйларда мебеллар чайқалиб, қандиллар ларзага келган, аэропортдаги тебранишлар туфайли электрон маълумот тахталарини синдиришга бир баҳя қолган.
Жабрланганлар ва вайронагарчиликлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.
АҚШ Геология хизмати ҳам зилзила туфайли цунами ҳақида огоҳлантирди, Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сахалин вилояти бўйича бошқармаси Курил ороллари учун ҳам худди шундай огоҳлантириш берди, деб хабар берди korrespondent.net.