Бугун “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида реконструкция қилинган “Бўстон” канали шарқий қисмининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, лойиҳа доирасида амалга оширилган ишларга тўхталиб, ушбу кун халқимиз учун тарихий эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Президентимизнинг бу йўналишдаги ишларни давом эттириш борасидаги ташаббусини Қорақалпоғистон аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрликлардан бири эканлигини билдириб, халқимиз номидан миннатдорлик билдиришини ва бу ишга бош-қош бўлган Сув хўжалиги вазирлиги, барча қурувчиларга миннатдорлик билдирди.
Таъкидланганидек, “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасининг умумий қиймати 374,2 млн доллар бўлиб, шундан 214,9 млн доллари Жаҳон банкининг кредити, 159,3 млн. доллари Ўзбекистон Республикасининг улуши ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида умумий узунлиги 70 км бўлган “Бўстон” каналининг 35,2 км бўлган ғарбий қисми бетонлаштирилди ҳамда каналдаги гидротехник иншоотлар ва автомобилларнинг ўтиш кўприклари қурилди.
Қиймати 44,94 млн. доллар бўлган бу ишлар Хитойнинг «China Railway 20th Bureau Group Co., Ltd.» компанияси томонидан олиб борилди.
Лойиҳа 2023 йилда тўлиқ якунига етгач, Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида 33 минг 200 гектар, Беруний туманида 34 минг гектар, Тўрткўл туманида 32 минг 800 гектар, жами 100 минг гектар суғориладиган майдонларида сув таъминоти яхшиланади, 833 км каналлар ва 2000 та гидротехник иншоотлар реконструкция қилинади.
Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги 23 та насос станциялари ҳамда фермер хўжаликлари ҳисобидаги 400 тадан ортиқ насос агрегатлари фаолияти тўхтатилади.
Натижада, йилига 6,9 млн. АҚШ доллари миқдоридаги электр энергияси ва фойдаланиш харажатлари иқтисод қилинади.
Тадбирда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш бўйича минтақавий директори жаноб Саме Ваҳба, қурилиш ташкилоти вакиллари, меҳнат фахрийлари сўзга чиқди.
Хитойнинг қурилиш компанияси вакиллари томонидан “Бўстон” каналининг рамзий калити Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Адилбек Реимбаевга тантанали равишда топширилди. Оқсоқоллар, масъул раҳбарлар иштирокида тасмалар кесилиб, “Бўстон” каналининг шарқий қисми расман очилди.
Тадбир иштирокчилари “Бўстон” каналининг бетонланган қисмлари, лойиҳа асосида қурилган гидроиншоотлар ва диспетчерлик хоналари билан танишди.
Баҳорнинг дастлабки ойидаги байрамлар, табиатнинг уйғониши барчамизга хуш кайфият бағишлайди. “Бўстон” каналнинг фойдаланишга топширилиши қорақалпоғистонликлар учун яна бир унутилмас тарихий кун – байрамга айланди.