Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров бошчилигидаги делегациянинг Покистонга ташрифи доирасида мамлакатимиз ташқи савдоси учун стратегик аҳамиятга эга келишувга эришилди.

Покистоннинг Денгиз ишлари вазири ўринбосари Умар Зафар Шайх ҳамда Карачи порти раиси Шахид Ахмед билан ўтказилган музокаралар якунида Карачи порти ҳудудида Ўзбекистон омборларини ташкил этиш бўйича келишув имзоланди.

Учрашувда асосий урғу Покистон портлари орқали Ўзбекистон юкларини ташишда максимал даражада қулай шароитлар яратишга қаратилди. Хусусан, Карачи портида юртимиз тадбиркорлари учун ўз омборларига эга бўлиш имконияти юкларни сақлаш ва тақсимлаш харажатларини сезиларли даражада камайтиради. Шунингдек, музокаралар давомида соҳага сармоя киритадиган инвесторлар учун алоҳида имтиёзлар бериш масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди.