Картошка куяси картошка, тамаки, бақлажон, помидор ва бошқа итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларга катта зарар етказувчи хавфли карантин ҳашарот ҳисобланади. Капалаги кичкина, оч кулранг тусда бўлади. Бош қисми тўқ жигарранг ёки қора рангда.

Куя личинкаси умри давомида 4 даврни ўтайди, 11-26 кунгача ривожланади. Картошка куяси ҳаво ҳарорати +40 0 дан юқори бўлганда 7 кунда ривожланади. Ҳаво ҳарорати +270 даражага етганда зараркунанданинг ривожланиши ҳаммаси бўлиб 25 кунга чўзилади. Бир йилда 5-6 авлод беради. Қулай шароитда картошка куяси йилига 11-13 тагача авлод бериши ҳам мумкин.

Картошка куяси кўчатларга ҳам, ўзини тутиб олган ўсимликларга ҳам зарар етказади, кўчатларнинг айрим баргларини ва баъзан бутун тупини қуритиб қўйиш ҳолатлари кузатилади. Тамаки ўсимлигига куя тушса, у саноат учун яроқли ва сифатли ҳосил бермайди. Картошка куяси баъзан помидорнинг мевасига ҳам зарар етказади. Картошка куясининг капалаги экинларнинг баргидан ташқари юзароқдаги картошкасини ҳам жароҳатлайди. Далада картошка қазиб олингандан кейин, омборга куя личинкалари билан зарарланган тугунаклар олиб кирилса 25-80 фоиз сақланаётган картошка тугунаклари нобуд бўлиши мумкин. Кўп зарарланган барглар қуриб, қўнғир тусга киради ва қовжираб ёрилиб кетади. Куя кўпайган далалар куйганга ўхшаб қолади. Кузда ўсимликларнинг учларидаги қўшни барглар кўпинча ўргимчак иплари билан бир-бирига ёпишади. Зарарланган картошка юзаси қурт киргандан бир неча кун кейин пушти доғ бўлиб қолади. Зарарланган помидор ва картошка ҳосилининг аксарияти чириб кетади.

Картошка куясига қарши кураш чоралари қуйидагилардан иборат:

- зараркунанда тарқалган давлатлардан келаётган юк машиналари ва юкларни мажбурий карантин текширувидан ўтказиш;

- саноат юклари ва транспорт воситаларини зарарсизлантириш;

- ўсимлик маҳсулотлари ортилган ҳудудларни 3 км гача феромон тутқичлар ёрдамида текшириб чиқиш;

- итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларни доимий назорат қилиб, текшириб туриш

- картошка поясини қуриб қолишига 5-7 кун қолганда ўриб олиш ва йўқ қилиш;

- даладан картошкани тез йиғиштириб олиш;

- белгиланган тартиб қоидалар асосида картошка мевасини бром -метил билан зарарсизлантириш;

- республикамизга картошка куяси тарқалган давлатлардан картошка ва бошқа итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимлик маҳсулотларини кириш Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан бериладиган сертификатлар орқали амалга оширилади.

Картошка экилган майдонларда картошка куяси капалаги яхши уча бошлаганда ёки личинкаси зарари аниқланиши билан Энтовант 15 % эм.к. препаратини 0,45-0,5 л/га меъёрида кечки салқинда 250-300 л ишчи эритма тайёрлаб ишлов бериш керак. Орадан 10-15 кун ўтказиб иккинчи ишловни Энтовант 15 % эм.к. 0,4л/га + Энтолучо 20 % эм.к. 0,2 л /га амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, картошка етиштирадиган майдонларда ушбу зараркунанда ҳашарот ҳамда унинг личинкаларининг пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ходимлари билан доимо маълумот алмашинувини йўлга қўйиш ва керакли кўрсатма ҳамда тушунчаларга эга бўлиб бориш тавсия этилади, деб хабар беради Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати.