Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Қ.Қирғизалиев, Фарғона вилояти ҳокими Х.Бозоров, вилоят сектор раҳбарлари, бошқарма, ташкилотлар, касаба уюшмалари ходимлари ва фаоллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ўтган даврда касаба уюшмалари томонидан ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Айниқса, сўнги йилларда касаба уюшмалари жамиятимизнинг муҳим бир бўлагига айланганини вилоятимиз мисолида кўришимиз мумкин.

Бугунги кунда вилоятимизда касаба уюшмалари тизимида 3,5 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотларда 462 мингдан зиёд фаоллар фидокорона меҳнат қиляпти. Улар корхона ва ташкилотларда ишчи-ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, муносиб меҳнат шароитларини яратишда фаол иштирок этиб келяпти.

Байрам тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан эълон қилинган «Энг яхши сектор раҳбари», «Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси», «Энг яхши аёл иш берувчи», «Касаба уюшмалари лауерати мукофоти» ва бошқа турли танловларнинг ғолиблари диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Шунингдек, тадбирда 82 нафар касаба уюшмалари фаоллари, ҳамкор ташкилот вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Касаба уюшмалари кунига 1 йил» кўкрак нишони билан тақдирланди.

А.Отабоев,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.