Қашқадарё вилояти Касби туманида ташкил этилган хайрия тадбирида ҳам кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

— Бугунги тадбирда “Касби”, “Дўстлик”, “Пандирон” ва “Шакаржўй” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олдик, — дейди фонд Қашқадарё вилоят бўлими бошқаруви раиси Нурали Маҳматов. — Бундан ташқари, шу ҳудудда истиқомат қилаётган ногиронлиги бор оилаларга ҳам моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. Бу каби хайрия тадбирларини йил охирига қадар ўтказишни режалаштирганмиз. Мақсадимиз — юртдошларимиз ҳаётини фаровонлаштириш ва уларни рози қилишдан иборат.

Таъкидлаш керак, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” ҳамда “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас” шиорлари остида хайрия тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

“Маҳалла” фонди

матбуот хизмати