Жорий йилнинг 10-24 январь кунлари вазирлик ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган назорат тадбирларида 300 та ҳолатда айрим тадбиркорлик субектлари ва истеъмолчилар томонидан 4,5 млн кВт-соат миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланди.

Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди. 

Сурхондарё вилоятидаги “Машҳура Торт Ангор” МЧЖ, Андижон вилоятидаги “Оқ ёр сауна” ОК ҳамда Қорақолпоғистон Республикасидаги “Cаке бумер” МЧЖлар каби маиший хизмат кўрсатувчи бир қатор корхоналар томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётганлиги маълум бўлди.

Бунинг оқибатида энергетика тизимига жами 2,1 млрд сўм миқдорида зарар келтирилгани маълум бўлди. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 22 минг 500 та хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.

Ўтказилган ўрганишлар натижасида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган истеъмолчиларнинг электр қурилмалари тармоқдан ажратилиб, ҳолат бўйича тегишли чоралар қўллаш учун расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилмоқда.

Ҳудудларда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.