Жорий йил 1 январдан 1 февралга қадар 32 755 242 та (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан, 17 134 987 та кўп, яъни 191 % га ошган) харид чеки онлайн назорат-касса техникалари орқали чоп этилган бўлиб, шундан 1 482 563 тасига Солиқ мобил иловаси орқали 19,4 млрд сўмлик кешбек ҳисобланган. Бу ҳақида Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумки, 2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларидаги харид учун берилган онлайн назорат-касса техникаси ҚР-кодли чекини Солиқ мобил иловасида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар харид суммасидан 1 % кешбекка эга бўлмоқда. Таъкидлаш лозим, чакана савдо, маиший хизмат ва умумий овқатланиш соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кешбек амалиёти истеъмолчилар орасида тобора оммалашиб бормоқда.
Давлат солиқ қўмитаси кешбек амалиёти тўғри қўлланилишини доимий назорат қилиб боришга масъул бўлгани ҳолда, бугунги кунга қадар кешбек учун рўйхатдан ўтказилган чеклар таҳлил қилинганда, айрим техник хизмат кўрсатиш маркази (ТХКМ) ходимлари кешбекка эга бўлиш мақсадида вазифаларини суиистеъмол қилиб, ўзгалар томонидан амалга оширилган харид учун шаклланган чекларни ўз номидан рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари аниқланган.
Жумладан, 3 нафар ТХКМ ходими томонидан ўзлари хизмат кўрсатаётган 281 та тадбиркорлик субъектининг 11 миллиард сўмлик 15,9 мингта харид чеки рўйхатдан ўтказилган.
Хусусан, ТХКМ ходимлари:
▫️Қ.Н. томонидан 178 та тадбиркорнинг 7 524 та 5,8 млрд сўмлик;
▫️Қ.А. томонидан 80 та тадбиркорнинг 5 206 та 4,6 млрд сўмлик;
▫️Р.Ф. томонидан 23 та тадбиркорнинг 3 131 та 0,6 млрд сўмлик чекларини “Солиқ” мобил иловасида ҚР-код орқали рўйхатдан ўтказган.
Шу боис, “Солиқ” мобил иловасида юқоридаги шахслар томонидан харидни амалга оширмасдан рўйхатга олинган чеклар учун ҳисобланган кешбек суммаси бекор қилинади.