2021 йил май ойида Жанубий Оролбўйи Ўзбекистон-Россия комплекс археологик экспедицияси археологик ишларининг 2-мавсуми иш бошлади.
Экспедиция ишларида ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар институти ҳамда Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Россия Фанлар академияси Н.Н.Миклухо-Маклай номидаги этнология ва антропология институти, Россия Шарқ халқлари санъати музейи илмий ходимлари иштирок этмоқда, дея хабар беради ЎзФА матбуот хизмати.
Таъкидланишича, Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган «Катта Қирққиз қалъа» ёдгорлигида амалга оширилган археологик қазиш ишлари мазкур минтақада қадим даврларда яшаган халқлар тарихи тўғрисида янги маълумотларга асос бўлади. Археолог-олимларнинг таъкидлашича, мазкур ёдгорлик милоддан аввалги IV-III асрларда қўрилган бўлиб, милодий VII-VIII асрларгача гуллаб-яшнаган.
Қалъанинг ғарбий томонида ташқи комплекс – йирик монументал бино мавжуд бўлиб, унда археологик қазиш давомида антик керамика намуналари, маиший буюмлар, энг асосийси, бутун камалак рангларини ўзида жамлаган деворий рангли тасвирлар намуналари топилди. Ҳеч қандай муболағасиз айтиш мумкинки, мазкур объект ноёб археологик ёдгорлик ҳисобланади. Бундай ташқари, қалъа ҳудудидан тангалар ҳам топилди ва уларни реставраторлар ўрганмоқда.