Компаниянинг маълумот беришича, Mony Mint деб номланган смартфон фойдаланиш ноқулай бўлган вазиятларда энг қиммат телефонлар ўрнини босиш учун мўлжалланган. Масалан, катта телефонни кўчадаги машғулотлар вақтида кўтариб юриш кўплаб ноқулайликларни юзага келтиради. Буни олиб юриш эса анча қулай.

Mony Mint смартфони 3 дюймли сенсор дисплей билан жиҳозланган. Ўзига хос дизайнга эга смартфоннинг ўлчамлари деярли пластик картаси билан тенг. Телефонда USB-C портидан ташқари, ўчириб-ёқиш ҳамда овозни бошқариш тугмалари мавжуд.

Mony Mint 3 гигабайт тезкор ва 64 гигабайт ички хотира билан таъминланган. Ҳатто SD-карта слотидан ҳам фойдаланиш мумкин. Иккита SIM-картага эга смартфон кўплаб машҳур мобил дастурлар ўрнатилган ҳолда етказиб берилади. Қурилма Android 9 операцион тизими ёрдамида бошқарилади.

Смартфоннинг аккумулятор сиғими 1250 мА/соатга тенг бўлиб, у қурилманинг бир марта қувватланиш орқали уч кунгача ишлашини таъминлайди.

Mony Mint нархи 150 долларни ташкил этади. Ноябрдан сотувга чиқарилиши кутилмоқда.