Байрам арафасида каттақўрғонлик китобхонлар учун барча қулайликларга эга бўлган Ахборот-кутубхона маркази фойдаланишга топширилди.
Ушбу маркази 2020 йил 1-январдан 1-сон умумтаълим мактабининг битта хонасида иш фаолиятини бошлаган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 23-сентябрдаги 580-сонли “2020-2022-йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Каттақўрғон шаҳар “Ғарб-мачит” маҳалласи ҳудудидаги 1-сон умумтаълим мактабининг фойдаланилмай бўш турган биноси Каттақўрғон шаҳар Ахборот-кутубхона маркази балансига ўтказилди.
Самарқанд вилояти хокими Э.Турдимов ҳамда шаҳар ҳокими Г.Алимованинг саъй-ҳаракатлари билан ушбу бинода 718 миллион сўм маблағлик капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. 160 миллион сўмлик маблағ билан жиҳозланиб, моддий техника базаси такомиллаштирилди.
Марказ дастлаб 9898 дона адабиётлар билан хизмат кўрсатишни бошлаган бўлса, 2020-йилда китоблар фонди 22074 донага, 2021 йил III- чорагига қадар 15502 донага кўпайтирилиб, китоб фонди 47474 донага етказилди. Каттақўрғон шаҳар Ахборот-кутубхона маркази ўз веб-сайтига эга. Мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари ҳамда маҳаллалар билан тузилган икки томонлама шартномалар асосида кўчма кутубхоналар фаолияти ҳам йўлга қўйилган, деб хабар беради Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.