Ўзбекистон туманида қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш, ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида қиш фаслининг охирги ойлари, баҳорнинг илк кунларида уларнинг кўпларига ер ажратиб берилган эди.

Ҳудудлардаги фермер хўжаликлари дала майдонларидан ер олиб, деҳқончилик қилган ёшлар бугун ўз ҳосилларини йиғиштириб оляпти.

Ёшларни қўллаб-қувватлаган ана шундай фермер хўжаликларидан бири «Озода ая Ражабгарди» хўжалигида айни кунларда иш янада қизғин. Боиси, таъкидлаганидек бу ерда ёшларнинг баъзилари ўз эккан-тикканларидан ҳосил кўтараётган бўлсалар, баъзилари сўнгги парвариш ишлари билан банд.

Далада ёшлар эккан мош, ловия, картошка, сабзи, лавлаги, помидор, қалампир ва булғор қалампирлари етарли ҳосил туккан. Айрим ёшлар муносиб даромад олиш учун хаттоки хризантема гулларигача экишган.

— Февралнинг ўрталарида атроф қишлоқлардаги 23 нафар ишсиз ёшларнинг ҳар бирига 20-25 сотихдан ер майдони ажратиб берган эдик. Меҳнатлари натижасини кўриб, биз ҳам бениҳоят қувоняпмиз. Хоҳловчиларига биринчи ҳосилини йиғиштириб олгандан сўнг иккинчи экинни экишларига ҳам имконият берганмиз, — дейди фермер хўжалик раҳбари Ихтиёржон Мелиев.

Фермернинг қўшимча қилишича, давлатимиз раҳбарининг ташаббусига кўра, янги тартиб асосида шу кунгача яна 40 дан ортиқ фуқароларга 15 гектар ер майдони иккиламчи шартнома асосида ажратиб берилган.

— Берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, фермернинг 20 сотих ерига картошка эккан эдим. Яхшигина ҳосил олдим. Картошкани йиғиштириб бўлиб, иккинчисига мош экаман, — дейди «Ёшлар дафтари»даги қайқуободлик Шохсанамхон Иномова.

Ўзбекистон туманидаги кўплаб фермер хўжаликлари дала майдонларида ишли бўлган ёшлар бугун ана шундай ҳалол меҳнатларининг мевасини татиб кўрмоқдалар, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Ўзбекистон тумани ҳокимлиги маълумоти асосида.