Мамлакатимизда сўнгги тўрт-беш йилда инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш, юртдошларимиз манфаатини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш барча ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятига айланди. Айниқса, ўзгалар парвариши ва кўмагига муҳтож фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, давлат қарамоғига олиб, моддий-маънавий кўмаклашиш, ўксик кўнгилларга таскин бериш, меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос азалий қадрият сифатида янги паллага кирмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг шу йил 25 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони ҳам юртимизда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга ҳар томонлама кўмак бериш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган.

Кенг қамров ва тарихий аҳамиятга эга мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар туфайли Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва бу йўналишда ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Мазкур қарор ва фармонда қатор вазифалар белгиланган бўлиб, улар узоқ йиллар давомида ечимини кутиб ётган кўплаб масалаларнинг ижобий ҳал этилишига, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд юртдошларимизга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизмат сифатини оширишга хизмат қилади.

Жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари фаолиятида янги хизмат турларини жорий этиш орқали васийликка олинганларни соғломлаштириш ва реабилитация қилиш ишлари янада яхшиланади. Тиббий-ижтимоий муассасалар, шу жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларининг кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича фаолияти, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилади ҳамда мутахассислар тайёрлаш, муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш ишлари такомиллаштирилади.

Тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлиги илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил ва мониторинг қилиб борилади. Одам савдосидан жабрланганларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш ва психологик қўллаб-қувватлаш тизими мувофиқлаштирилади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси ўз вақтида таъминланади. Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш фаолиятига ташкилий-услубий кўмак кўрсатилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга ўз қизиқишидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади. Соғлиқни сақлаш тизимининг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳар йили икки марта диспансеризациядан ўтказилади. Санаторийларда режали соғломлаштирилади ва ихтисослаштирилган стационарларда даволанади.

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари, шахсий гигиена воситалари билан таъминлашга катта эътибор қаратилади. Бу тоифадаги инсонларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар мунтазам такомиллаштириб борилади. Маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар, концерт дастурларини ташкил этиш орқали кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминланади. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг юртимиздаги диққатга сазовор жойлар ва зиёратгоҳларга саёҳати ташкил этилади.

Шу билан бирга, одам савдосидан жабрланганларни қулай яшаш шароити ва шахсий гигиена воситалари, озиқ-овқат, дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий мослаштириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор методикаларини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш, жабрдийдаларга ўз қизиқишидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашишга кўмаклашилади.

Тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш, тизим ходимларининг малака ва касбий маҳоратини ошириш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилади. Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамланади. Жумладан, 35 та муассасада 428 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишларини олиб борилади. Қирқ миллиард сўмлик жиҳозлар ва техника билан таъминланади. Зарур тиббий, физиотерапия ва спорт анжомлари билан жиҳозланади. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилади.

Мамлакатимиздаги ҳар бир “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйидаги шарт-шароит ўрганилади. Қўшимча бино қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш, моддий-техник базасини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун янги бино қуриш ва ушбу муассасага туташ уч гектар ташландиқ ерда “Нуронийлар” боғи бунёд этилади. “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида қўшимча ва ёрдамчи функцияларни, яъни таом тайёрлаш, кир ювиш, тозалаш, техник хизмат кўрсатиш, ахборот-коммуникация таъминотини ташкиллаштиришда аутсорсинг хизматидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилади.

Бу йил май ойидан бошлаб “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳар йили бир марта Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси маблағлари ҳисобидан санаторийларда бепул соғломлаштирилади. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда 10-11-синф ўқувчилари, профессионал ва олий таълим муассасаларининг талабалари ва ёшларнинг муайян тиббий-ижтимоий муассасаларда “икки авлод” учрашувлари ташкил этилади.

Алоҳида рўйхатга олинган, ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз истиқомат қилувчи пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан доимий хабар олиш тизими янада кучайтирилади. Уларнинг ҳаётини мазмунли ташкил этиш борасида кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар кўлами кенгайтирилади. Ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйида ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш бўйича ишлар янада такомиллаштирилади.

Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида, санаторий туридаги мактаб-интернатларда таълим-тарбия олаётган, ногиронлги бўлган болаларнинг ҳолидан хабар олиш борасидаги ишларнинг кўлами оширилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари билан учрашув, давра суҳбатлари, давлат ва нодавлат жамоат ташкилотлари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириши ва фойдаланиши учун шарт-шароит яратиш мақсадида махсус акциялар, ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бепул юридик маслаҳат хизматлари мунтазам ташкил этилишига жиддий эътибор қаратилади.

Бу каби эзгу амалларни, хайрли ишларни бажаришга ҳамкор ташкилотлар ҳамда саховатпеша ҳамюртларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшишади. Барчамиз ягона мақсад атрофида бирлашиб ишлаймиз. Бу эзгу амал айни пайтда юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатига уйғун тарзда халқимизнинг бугунидан рози, эртасидан хотиржам бўлиб яшашига замин яратади.

Алишер ИНОҚОВ,

Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори