2020 йилнинг январь ойидан Тошкент шаҳар жамоат транспорти автобус ва метрополитен йўналишларида автоматлаштирилган тўлов тизимини жорий этиш ишлари бошланди. Ушбу тизим фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Тошкент метрополитенининг барча линияларидаги станцияларга махсус турникетлар ўрнатилди. Тошкент шаҳрида йўналишларга чиқарилаётган автобусларнинг барчаси мобиль ва стационар валидаторлар билан тўлиқ жиҳозланди.
Автоматлаштирилган тўлов тизими самарадорлигини ошириш ва уни кенгайтириш мақсадида 2020 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Тошкент метрополитенида жетонлар сотуви тўхтатилди. Бугунги кунда метрополитен хизматидан фойдаланаётган йўловчилар йўл ҳақи тўловларини ягона транспорт карталари ва бир марталик QR чипталар орқали амалга ошириши мумкин.
Ягона транспорт карталари 2020 йилнинг январь ойидан сотувга чиқарилган эди. Ушбу вақтда тўлов карталарининг нархи 11 000 сўмни ташкил этган бўлиб, ҳар бир картага олдиндан бир марталик тўлов миқдори, яъни 1400 сўм юкланган эди.
Автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори (АТТО) томонидан йўловчилар орасида ягона транспорт карталарини оммалаштириш мақсадида 1 июлдан эътиборан махсус акция ташкил этилди. Ушбу акция доирасида ягона транспорт карталари йўловчиларга бепул тақдим этилди. Яъни, йўловчилар томонидан карта сотиб олиш учун сарфланган 5000 сўм пул маблағи карта балансига ўтказиб берилди.
Мазкур акция доирасида 120 мингдан ортиқ транспорт карталари сотилди. Жорий йилнинг 1 декабрь санасидан ушбу акция ўз ниҳояси етди. Акция тугагандан сўнг “АТТО” карталарини сотиш нархи 15 000 сўмни ташкил этмоқда. Бунда карта нархи (10 000 сўм) ва карта балансига ўтказиб бериладиган пул маблағи эса (5 000 сўм) ни ташкил этади.
Транспорт вазирлигининг @mintrans_attobot боти орқали йўловчилардан келиб тушган ҳар бир мурожаат махсус ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этилади.
Йўловчилар қўшимча қулайлик яратиш мақсадида смартфонлардаги NFC технологияси орқали йўлкира тўловларини амалга ошириш имкониятини яратиш, шунингдек, China Union Pay, Mastercard ва Visa халқаро банк карталаридан ҳам тўловларни қабул қилишни бошлаш бўйича ташкилий масалалар якунига етмоқда.
Автоматлаштирилган тўлов тизими имкониятларини кенгайтириш мақсадида, 2021 йилда республиканинг барча шаҳарларида шаҳар ичи, 2022 йилда шаҳар атрофи йўналишларида йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими жорий этиш режалаштирилган.
2021 йил январь ойидан бошлаб йўлкира ҳақини тўлаш учун махсус дифференциаллашган тариф тизими жорий этилади, Бунда йўловчилар томонидан 5, 10, 15, 20 ва 30 кунлик йўлкира тўловлари олдиндан харид қилинганда 30 фоизгача чегирмалар тақдим қилинади ҳамда умумий фойдаланувчилар учун кўк, пенсионерлар учун қизил, ўқувчилар учун сариқ, талабалар учун яшил рангдаги транспорт карталарини сотувга чиқариш режалаштирилмоқда.
Ҳисоб – китобларга кўра автоматлаштирилган тўлов тизимини тўлиқ жорий этилиши натижасида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ йилига ўртача 10 – 15 фоиз ёки 39,8 миллиард сўмгача қўшимча даромад олиши мумкин.