Юртимизда ижтимоий хизматлар ривожлантирилиши ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратишга қаратилган чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.
Ушбу тарғиботларни янада кенг кўламли татбиқ этиш мақсадида 2025 йил 18 июль куни Тошкент шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Яшнобод туманида жойлашган “Wunderkind” хусусий мактабга таълим ташкилотига ташриф буюрди. Бу ерда ҳамкорлик йўналишида ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда 7 нафар бола таълим ва парвариш билан қамраб олинган.
Кейинги манзил Мирзо Улуғбек туманида жойлашган кичик ҳажмли болалар уйи бўлди. Мазкур муассасада 9 нафар бола тарбияланмоқда. Улардан 7 нафарида турли хил тиббий ташхислар мавжуд (Даун синдроми, дисплазия, анемия, анатомик юрак нуқсонлари), 2 нафар бола эса соғлом ҳисобланади.
Муассасада ҳар бир болага индивидуал ёндашув, меҳр ва ғамхўрлик асосида тарбия беришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга, болаларнинг оила муҳитида улғайиши, оилавий қадриятлар руҳида тарбияланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
— Мазкур кичик ҳажмли болалар уйининг ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни муқобил жойлаштиришнинг бошқа шаклларидан фарқи турли эҳтиёжларга эга, жумладан, ногиронлиги бўлган болалар оилага ўхшаш муҳитда биргаликда тарбияланади, — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси, Фарҳод Комилов. — Ҳозирда 200-250 нафар болалар тарбияланаётган Меҳрибонлик ва Мурувват интернат муассасаларида болалар учун энг яхши шароитлар яратилган бўлса-да ҳар бир болани индивидуал ёндашув асосида тарбиялаш имкони йўқ. Кичик ҳажмли болалар уйида болалар сони кўпи билан 9-10 нафар бўлиб, кун давомида тарбиячилар улар билан бирга бўлади. Бу ерда ҳар бир болага индивидуал ёндашиш ҳамда меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш билан бирга оила муҳитида улғайиш ва оилавий қадриятлар асосида тарбияланиш имконияти яратилмоқда. Соғлом болаларни ҳаммасини оилаларга қайтаришганда, ногиронлиги бўлган болалар қолиб кетган. Кейин бу болаларни нима қиламиз, деган савол бўлган. Яъни бутун дунё тажрибасида айтадиган бўлсак, масалан яқинда Гурузияга ҳам бориб уларнинг тажрибасини ҳам кўриб келдик. Ушбу кичик ҳажмли болалар уйи (Small group home) модели ривожланган давлатларда узоқ вақт самарали қўлланган. Бу сўнги чора сифатида ташкил этилди. Яъни болани жойлаштиришнинг энг сўнги чораси. Яъни мақсад болалар оилавий муҳитни хис қилсин, қаровсиз қолмасин, қадриятларимизни англасин ва 18 ёшга етгандан сўнг мустақил ҳаётда қийналмаслиги ўзини-ўзи эплаб кетиши учун шароит яратишдир.
Тарбиячилар болаларнинг индивидуал ривожланиш режалари ва интеграция дастурлари асосида таълим-тарбия ишларини олиб боради, шунингдек, ҳар бир боланинг қизиқиш ва қобилиятини инобатга олган ҳолда турли фаолиятлар билан шуғулланади.
Пресс-тур иштирокчилари Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Фаол ҳаёт” кундузги қатнов марказида ногиронлиги бўлган ва ўзга парваришига муҳтож фуқароларга кундузги қатнов асосида қараб туриш ва парваришлаш хизматлари билан ҳам яқиндан танишишди.
Шу ўринда айтиб ўтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Фаол ҳаётга қадам” дастури йўлга қўйилган.
Ушбу дастур доирасида 18 ёшдан катта бўлган, мустақил ҳаёт кечириш имконияти чекланган шахсларга ваучер асосида бепул ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда. Улар орасида уй шароитида парвариш ва ёрдам, овқатлантириш, гигиена қоидаларига ёрдам, психологик кўмак ва тюторлик хизматлари бор.
Мирзо Улуғбек туманидаги “Нодирабегим” маҳалласида ташкил этилган ушбу маскан 9 нафар фуқарога мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 7 нафар ўзгалар парваришига муҳтож фуқарога хизмат кўрсатиб келмоқда. Масканда 5 нафар ходим фаолият юритмоқда, уларнинг барчаси олий тоифали, кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга мутахассислар ҳисобланади.
Бундан ташқари, Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази орқали 12 тоифадаги муҳтожларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатилиб келинмоқда. Марказ замонавий шароитлар ва рақамлаштирилган хизматлар билан таъминланган бўлиб, мурожаатлар қабул қилинади, эҳтиёжлар аниқланади ва хизмат кўрсатиш жараёнлари самарали ташкил этилган. Шунингдек, хизматдан фойдаланувчиларнинг ҳолати доимий равишда мониторинг қилиб борилади.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган “Имкониятлар олами” муассасасида 3 ёшгача бўлган болалар учун эрта аралашув, ногиронлиги бўлган болалар учун ижтимоий мослашув ва реабилитация ҳамда кундузги парвариш хизматлари йўлга қўйилган. Муассаса ҳозирда 80 нафар инсонга хизмат кўрсатмоқда ва 12 нафар малакали мутахассислар томонидан парвариш қилиняпти.
Ташкил этилган пресс-тур доирасида амалга оширилаётган янги хизматларимизни кенг жамоатчиликка етказиш билан бирга, фуқароларимизнинг хабардорлигини оширишга ҳам эътибор қаратилмоқда” – деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг етакчи мутахассиси, Ситора Латипова.
Зеро, мамлакатимизда ижтимоий давлат тамойиллари устувор бўлиб, барча аҳоли қатламларига меҳр-оқибат ва кўмакни яқинлаштиришга қаратилган бу каби лойиҳалар жамиятимизда ижтимоий адолат ва инсон қадрини мустаҳкамлайди.
Зулхумор АКБАРОВА