Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, боғчаларга болаларни тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги хайрли ишларнинг дебочаси бўлди. Айниқса, 2017 йилда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгани соҳада туб бурилиш ясади.
Айни пайтда юртимизда 3-7 ёшдаги жами 2 миллион 859 мингдан зиёд бола яшайди. Уларнинг 1 миллион 997 мингдан ортиғи боғчаларда таълим-тарбия олмоқда. Ваҳоланки, 2017 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 708 247 нафар эди.
“Ақлвой” — барча учун тенг таълим
Ўтган беш йилда болаларни мактабгача таълимга қамров кўлами икки баробар оширилганида юртимизнинг кўплаб ҳудудига қайта жиҳозланган автобуслар етказилиб, “Ақлвой” мобиль мактабгача таълим гуруҳлари шакллантирилгани муҳим аҳамият касб этди. Ўз навбатида, мактабгача таълимнинг ушбу муқобил инновацион шакли ўқувтарбия хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш имконини берди.
“Ақлвой” мобиль болалар боғчаси нафақат кичкинтойлар, балки ота-оналар ҳамда жамоатчилик учун катта янгилик бўлди. У фойдали ва қизиқарли тарбия тизими бўлиш билан бирга, иқтисодий самарали экани ҳам ўз исботини топди.
Қамров кўрсаткичи паст 142 та маҳалла фуқаролар йиғинида 7 мингга яқин ўғил-қизни қамраб оладиган, қайта жиҳозланган 65 та автобус негизида 387 та мобиль гуруҳ шакллантирилди. Бу лойиҳа орқали шаҳар ва қишлоқда яшовчи болаларнинг тенг савияда таълим-тарбия олиши назарда тутилган. Шу боис, лойиҳа доирасида мобиль гуруҳларга замонавий фикрлайдиган, болалар билан дўстона муносабат ўрната оладиган, тажрибали, энг яхши педагоглар жалб қилинди.
Иш аввалида лойиҳанинг чекка ҳудудларгача етиб бориб, у ердаги ўғилқизларнинг сифатли таълим-тарбия олишини таъминлаш, боғчага қамров даражасини ошириш ва замон билан ҳамнафас тарзда педагогикадаги сўнгги технологиялардан унумли фойдаланиш мақсад қилинган эди. Дидактик адабиётлар, ишланган фильм ва кўрсатувларнинг имкон борича жозибали, кичкинтойларга маънавий озуқа берадиган шаклда тайёрланиши лойиҳамиз мазмунини таъминлади. Ўйлаймизки, лойиҳа барчага манзур бўлди. Келгусида бу йўналишда ҳам лойиҳа қамровини, фаолиятини кенгайтириб, янада кўп болани қамраб олиш, боғчаданоқ кичкинтойларга сифатли таълим-тарбия бериш мақсад қилинган.
“Имкон” — мутлақо янги модель
2019 йил апрелда илк маротаба Қорақалпоғистонда таркибида алоҳида парваришга муҳтож болалар учун “Имкон” реабилитация маркази бўлган ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти очилди. Лойиҳанинг ноёблиги шундаки, у алоҳида парваришга муҳтож, ногиронлиги бўлган болаларнинг ижтимоий-маданий ривожланиши, таълим олиши ва соғломлаштирувчи реабилитациясини таъминлайди. Ўтган йили Тошкент вилояти Қибрай туманида ҳам “Имкон” реабилитация марказига эга янги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти очилди. Бу мамлакатимиздаги иккинчи марказдир.
Тўлақонли реабилитация маркази ва 150 ўринли болалар боғчасига эга “Имкон” марказлари мактабгача таълим тизимидаги мутлақо янги модел. Улар фаолияти имконияти чекланган болаларга ҳар томонлама ёрдам беришга қаратилган бўлиб, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг ота-оналар билан биргаликда ҳар бир болани ривожлантириш ва реабилитация қилиш режасини ишлаб чиқиш, уни бир муассаса доирасида амалга оширишга кўмаклашади. Бу, шубҳасиз, ота-оналар ва фарзандлар учун қўшимча қулайликдир. Чунки улар авваллари ҳар томонлама ёрдам олиш учун шаҳар ёки туманнинг турли ҳудудидаги ҳар хил мутахассисларга мурожаат қилиши керак эди.
“Имкон” марказларида 2-7 ёшли ўғил-қизлар учун (қўйилган ташхисга қараб) 10 гуруҳдан иборат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 18 ёшгача бўлганлар учун реабилитация маскани фаолияти йўлга қўйилди. Даволаш тадбирлари ривожланишдаги камчиликларни тузатишга, тиббий реабилитация ва ижтимоий мослашувга йўналтирилган. Бунинг учун зарур барча тиббий шарт-шароит яратилган. Етакчи хорижий ташкилотлар иштирокида махсус тайёргарлик ва малака оширишдан ўтган тажрибали мутахассислар ота-оналар ва фарзандларга кўмак бериб келмоқда.
Дунё билан бўйлашиб...
Мактабгача таълим вазирлиги хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамламоқда. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган 80 га яқин меморандум ҳамда келишув имзолангани бунинг тасдиғидир.
Жумладан, тегишли йўналишда Жанубий Корея, Хитой, АҚШ, Россия, Япония, Сингапур, Туркия, Беларусь каби давлатлар ҳамда Жаҳон банки гуруҳи, UNICEF, UNESCO, KOICA, JICA, TIKA, ЕХҲТ, Саудия тараққиёт жамғармаси, “Mercy Corps”, “Россотрудничество” сингари кўплаб халқаро молия институтлари ва ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА) билан биргаликда 2018 йилда Самарқанд шаҳридаги 6 та мактабгача таълим ташкилоти ва Пайариқ туманидаги биринчи мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда қиймати 73,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “Кичик ёшдаги болаларнинг эрта ривожланишини такомиллаштириш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Бундан мақсад эрта ёшда билим олиш имкониятини ва мактабгача таълим муассасаларида ўқитиш сифатини оширишга қаратилган.
Корея Республикасининг “Booyoung Group” вa “AHA” компаниялари томонидан мамлакатимиздаги баъзи боғчаларни жиҳозлаш учун рақамли ўргатувчи пианино ва интерактив доскалар шаклидаги моддий-техник воситалар тақдим этилди. Мамлакатнинг “EDULINK” компанияси билан ҳамкорликда болалар учун мактабгача таълим ташкилотлари, педагоглар ва тарбияланувчиларнинг отаоналари учун “S-Board” мобиль таълим иловаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан мактабгача таълим соҳасидаги 20 нафар педагогнинг малакасини ошириш бўйича шу йилнинг июнь ойида 2 марта ҳафталик курслар ташкил этилди.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида мактабгача таълим соҳасига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш учун халқаро молия институтлари билан музокаралар ўтказилди. Хусусан, Ислом тараққиёт банки, OPEC фонди ва Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан умумий қиймати 70 миллион АҚШ долларига тенг давлатхусусий шериклик битимларини молиялаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун лойиҳаолди ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, инвесторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида АҚШ дастурларини амалга оширувчи “Mercy Corps” халқаро нодавлат ташкилоти билан қиймати 21,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “Таълим учун озиқ-овқат” лойиҳаси бажарилмоқда.
Мактабгача таълим соҳасини янада ривожлантириш ва давлат-хусусий шериклик асосида тизимда нодавлат сектор улушини ошириш мақсадида вазирлик томонидан Осиё тараққиёт банки билан 100 та МТТ очиш лойиҳаси бўйича музокаралар ўтказилмоқда.
Ислом тараққиёт банки ва Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳани амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди. Лойиҳа доирасида республиканинг барча ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида 200 га яқин нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш кўзда тутилган.
Инновацион ёндашув — давр талаби
Ўқув-тарбия жараёнида замонавий таълим дастурлари, илғор ахборот ва педагогика технологияларини жорий этиш орқали болаларни интеллектуал, маънавий-ахлоқий, жисмоний ривожлантириш, мактабга тайёрлаш даражасини ошириш катта аҳамиятга эга. Бу борада мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизими — OpenEMIS дастури қулайлик ва сифатли фаолиятга йўл очди, десак муболаға бўлмайди.
У мактабгача таълим ташкилотлари ҳақида маълумот тўплаш ва уларни тақдим қилишга мўлжалланган, ўқитиш ва тарбияга оид маълумотларни бошқариш тизимидир. Унинг ишга туширилиши болаларнинг мактабгача таълим ташкилотига электрон навбат асосида шаффофлик билан қабул қилинишини таъминлади. Қолаверса, у орқали тарбияланувчиларнинг ёши ва жинсини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар ва мактабгача таълим ташкилотлари бўйича болаларнинг қатнови ва саломатлигини онлайн назорат қилиш имконияти пайдо бўлди. Тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, унда онлайн тўлов, МТТ ҳисобини юритиш, ходимлар мониторингини олиб бориш мумкин.
Шунингдек, UNICEF билан ҳамкорликда Microsoft тизими асосида яратилган, тармоқ ва офлайн функциялар ҳамда имкониятларнинг ўзига хос тўплами мавжуд бўлган Learning Passport платформаси ишлаб чиқилди. Бу тизим жорий этилишининг ўзига хос сабаби бор. Чунки дунё миқёсида кечаётган пандемиянинг таълим-тарбия жараёнига сезиларли таъсири натижасида онлайн ўқув дастурларига эҳтиёж ортди. Learning Passport бу борада энг мақбул ечим сифатида қатор хориж мамлакатларда амалиётга татбиқ этилди. Ҳадемай платформа мамлакатимизда ҳам ишга туширилади.
Таълим-тарбия жараёнида фойдаланиш учун ўқув-методик материаллар, мультимедиали контент ишлаб чиқиш, мактабгача таълим тизими ходимларининг ахборот-коммуникация ва педагогика технологиялари бўйича билим ва малакасини ошириш, инновацион таълим муҳитини ташкил этиш борасида ҳам қатор ишлар бажарилмоқда. Жумладан, ўқитувчилар, таълим соҳаси экспертлари, вазирликдаги малакали мутахассисларнинг махсус методикаси бўйича мактабгача ёшдаги болалар учун “InnoKids” маърифий мобиль ўйини ишлаб чиқилди. Ундаги ранг-баранглик ва графиканинг сифати ҳар қандай боланинг эътиборини тортиши шубҳасиз. “InnoKids” 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган ўғил-қизлар учун таълимга оид турли қизиқарли маърифий ўйинларни ўз ичига олади.
Жанубий кореялик ҳамкорларимиз томонидан беғараз ёрдам тариқасида мамлакатимиздаги мактабгача таълим ташкилотларига 275 та Albert вa Genibot ақлли роботи, жумладан, болаларга робототехника ва дастурлаш кўникмаларини ўргатишга мўлжалланган 350 та ўқув қўлланма тақдим этилди. Мазкур роботлар 6 ёшдан катта тарбияланувчиларга мўлжалланган. Биринчи босқичда бола тайёр кодлаш карталари ёрдамида ўйинчоқни ҳаракатланишга, кўзини пирпиратишга, гапиришга мажбур қилади. Шу тарзда у код блокларининг қандай ишлашини тушуниб олади. Ёши каттароқ болалар роботни смартфонга улаб, ўз буйруқ ва алгоритмларини киритиши мумкин.
“Болалик академияси” тегишли халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, таълим соҳасининг илғор мутахассислари ҳамкорлигида яратилган қулай ва мослаштирилган рақамли платформадир. У узлуксиз таълимни қўллаб-қувватлаш, анъанавий ўқитиш тизимларига рақамли технологияларни жорий этиш, юртимиздаги мактабгача таълим тизими ходимлари ва мутахассисларига, шунингдек, ота-оналар ва боғча ёшидаги кичкинтойларга кўмаклашишга мўлжалланган. Айни пайтда у мазмунан такомиллаштирилмоқда.
UNICEF ота-оналар учун 6 ёшгача болалар саломатлиги ва ривожланишининг барча жиҳатига доир мутахассислар маслаҳати билан таъминловчи Bebbo мобиль иловасини ишга туширди. Унда эмлаш, тиббий кўрик ва бола ҳаётининг бошқа муҳим босқичларини қайд этиб бориш мумкин. Мазкур бепул илова ота-оналарни боланинг соғлиғи ва ривожланиши бўйича озиқлантириш, эрта ёшдан ўқитиш ва ўйиннинг аҳамияти, сезгир ота-оналик, ҳимоя ва хавфсизлик каби кенг кўламли масалалар бўйича мутахассислар маслаҳати билан таъминлайди.
Келажакка қаратилган инвестиция
Давлатимиз раҳбарининг “2017– 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизим фаолиятини янги босқичга кўтариш, соҳани бугунги кун талаблари даражасида модернизациялашга хизмат қилаётир. 2017–2022 йилларда 1926 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 236 минг 621 ўринли боғчалар фойдаланишга шай ҳолда топширилди. Кейинчалик қўшимча 91 минг 448 та янги ўрин очилди.
Президентимизнинг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 50 та мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва бунинг натижасида 7 минг 500 янги ўрин очиш устида иш олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида юртимиз миқёсида 142 та объектда қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари қизғин кетмоқда. Натижада 19 минг 135 ўрин очилиши кўзда тутилган. Қолаверса, Президентимизнинг ўтган йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида жорий йилда 24 та мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, бу орқали 6 минг 420 ўрин очилмоқда.
Бош мезон — сифат
Мактабгача таълим узлуксиз ўқитишнинг бошланғич қисми сифатида болада билим олишга иштиёқ уйғотади, уни тизимли ўқув жараёнига тайёрлаб боради. Илк ва мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантириш бўйича давлат талабларига мувофиқ ва халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган “Илк қадам” давлат ўқув дастури шу мақсад рўёбига хизмат қилади.
Дастур доирасида ҳар бир мактабгача таълим ташкилотида 5 та ривожланиш маркази ташкил этилиб, болалар қуриш ва математика, санъат, илм-фан ва табиат, тил ва нутқ, сюжетли-ролли ўйинлар каби йўналишларда кўникма ҳосил қилмоқда.
UNICEF ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамкорлигида ўқув-тарбия жараёни сифатини баҳолаш тизими ишлаб чиқилди, асосий мезонлар тасдиқланди. Мактабгача ёшдаги болалар учун бадиий-ўқув рангли буклетлар яратиш концепцияси ишлаб чиқилгани ҳамда унинг асосида китоблар тайёрлангани соҳадаги катта қадам бўлди.
Грециянинг “MM-publication” нашриёти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган 20 минг нусха “Hi Kids! For Uzbekistan” тўплами инглиз тилини ўқитиш учун мактабгача таълим ташкилотларига тақдим этилди. Улардан самарали фойдаланиш юзасидан халқаро мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар ўтказилди.
Жаҳон банкининг болаларнинг барвақт ривожланишига кўмаклашиш лойиҳасини тайёрлаш дастури бўйича MELQO барвақт таълим сифати ва натижаларини баҳолаш халқаро тизими воситаларидан фойдаланган ҳолда таълим жараёни сифатини баҳолаш юзасидан ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Улар ҳаётимиз мазмуни
Болалар кулгиси бизни ҳамиша қувонтиради. Улар ҳаётимиз мазмунидир. Уларнинг табассумига сабабчи бўлиш учун барча ўғил-қизларни, жумладан, алоҳида таълимга муҳтож болалар эҳтиёжини таъминлаш тизимдаги муҳим йўналишлардан.
Шу боис, ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсони бўлган болаларни кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ҳамда қўшма мактабгача таълим ташкилотларига йўллаш бўйича Тиббий психологик-педагогик комиссия фаолияти такомиллаштирилди. Бугун мамлакатимиз бўйича малакали педагог ва тиббий мутахассислар билан таъминланган 14 та ҳудудий тиббий психологик-педагогик комиссия фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, болаларни реабилитация қилиш ва уларнинг реабилитация бўйича сифатли хизматлардан фойдаланишини таъминлаш, жамиятга мослашувини ошириш мақсадида янги авлод мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳам йўлга қўйилмоқда.
Жорий йил ҳолатига кўра, юртимизда ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари сони 74 тани ташкил этди. Яъни 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 60,6 фоиз камайди.
Алоҳида таълимга муҳтож болаларнинг билим ва тарбия олиши учун керакли шарт-шароитлар яратиш, уларга сифатли коррекцион-педагогик, реабилитацион ёрдам кўрсатиш мақсадида давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини коррекцион, педагогик ва реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш дастури амалга оширилмоқда. Унинг биринчи ва иккинчи босқичи доирасида Тошкент шаҳридаги кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари жиҳозланди. Дастурнинг учинчи босқичи доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги барча кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари махсус жиҳозларга эга бўлди.
Бу саъй-ҳаракатлар тизимда бажарилаётган ишларнинг муайян қисми, холос. Беш йилда қилинган ишларни батафсил шарҳласак, рақамларни келтирсак, саҳифаларга сиғмаслиги шубҳасиз. Зотан, мамлакатимизда қисқа муддатда мактабгача таълим соҳасида улкан ўзгаришларга эришилгани халқаро экспертлар, таниқли мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда. Бу ҳам керак, албатта. Бироқ биз учун энг муҳими фарзандларимизнинг ақлан ва жисмонан расо, руҳан соғлом ва баркамол бўлиб улғайишидир. Вақти келиб, бугунги ишлар самарасини давлатимизни тараққий эттириш учун жамиятимизга янгича куч бўлиб қўшилган дуркун, соғлом, интеллекти юксак йигит-қизлар тимсолида кўрсак, халқимиз олдида юзимиз ёруғ, қаддимиз тик бўлади.
Агриппина ШИН, мактабгача таълим вазири