Қонунчиликка кўра, солиқ тўловчиларга солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. 

Бундай имкониятдан қуйидаги асослардан биттаси мавжуд бўлганда фойдаланиш мумкин:

  • солиқ тўловчига табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилганлиги;
  • солиқ тўловчини бюджетдан молиялаштириш кечиктирилганлиги ёки давлат эҳтиёжи учун бажарилган ишлар ҳақини тўлаш кечиктирилганлиги;
  • солиқни бир йўла тўлаш натижасида унинг банкротлиги аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келганлиги;
  • фаолиятини 3 йилдан кўп даврдан буён амалга ошираётганлиги ҳамда ҳисобланган солиқларни ўз вақтида тўлаб келганлиги, аммо молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини белгиланган муддатларда тўлаш имконияти эга бўлмаганлиги;
  • тадбиркорлар солиқ тўлашни кечиктириш тўғрисидаги хабарномани ер, бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгандан 3 ойда солиқ органларига юборган бўлса;
  • жисмоний шахснинг мулкий ҳолати солиқни бир йўла тўлаш имкониятини истисно этиши;
  • товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш мавсумий хусусиятга эга эканлиги;
  • Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тўланиши лозим бўлган солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш учун асослар мавжуд эканлиги.