Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази 1996 йил 24 октябрда ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида марказ Марказ зиммасига Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кинология хизматларини услубий таъминлаш, малакали кинологларни ва наслдор хизмат итларини тайёрлаш ва қайта тайёргарликдан ўтказиш каби вазифалар юклатилган. Ўтган давр мобайнида Миллий кинология маркази нафақат республикамизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида том маънода кинологлар ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланди.

Марказ фаолияти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа кўплаб ҳалқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақоми берилган.

Давлат божхона қўмитаси томонидан Миллий кинология марказига уюштирилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари ходимлари божхона органларида кинология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишди.

– Бу ерда гиёвандлик воситалари, қурол-яроқ, ўқ-дори ва портловчи моддалар, валюта қимматликлари, мина, тамаки маҳсулотлари, ўсимликлар уруғларини  қидириб топиш, антитеррор Из-қидирув ва ҳимоя-қоровул хизмати Қидирув-қутқарув хизмати йўналишлари бўйича хизмат итлари тайёрланади, – дейди Миллий кинология маркази директори Абдураҳмон Турсунов. – Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги  “Давлат божхона органлари фаолиятини тубдан такомилаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳа фаолиятини такомиллаштиришда, янги йўналишларни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 18 декабрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан давлат божхона хизмати органларида хизмат итларини овқатлантириш ва компенсация тўловларини ажратиш тартибини тасдиқланди.

Шунингдек, қарор доирасида Ўзбекистон Республикасининг резидент ва норезидентларига хизматга яроқсиз бўлган итларни белгиланган тартибда сотиш ҳамда шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг итларини умумий машқ курси ва ҳимоя-қоровул хизмати талабларига мувофиқ тайёрланади.

Марказда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар кинология хизматлари учун хизмат итларини танлаш, сотиб олиш, кўпайтириш ва парваришлаш ҳамда халқаро лойиҳалар доирасида хорижий давлатлар кинология хизматлари вакилларини ўқитиш борасида ҳам ишлар йўлга қуйилган. Бундан ташқари, хорижий давлатларнинг кинология йўналишдаги жамоат ташкилотлари ҳамда кинология хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик дастурлари доирасида зотдор хизмат итларини кўпайтириш, сотиб олиш, сотиш ва алмашиш йўлга қўйилган.

Бу ерда хизмат итларида турли вазиятларда вазифани бажариш кўникмасини шакллантириш учун амалий машғулотлар ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, дала шароитини тўла-тўкис ўзида акс эттирувчи машқ майдонлари, турли тўсиқлар ҳамда қидирув машқларини ўтказиш учун мосламалар, темир йўл вагони, теплоход, самолёт, контейнерлар, енгил ва юк автоуловлари, автобус, сунъий харобалар, тоғ-тошли рельеф, божхона назоратидан ўтказиш пункти макетлари мавжуд.

Жойлардаги кинологларнинг фаолиятини таҳлил қилиш, хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида, кинологлар фаолиятини  баҳолаш тартиби ва мезонлари ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилмоқда. Жумладан, кинология хизмати фаолиятидан самарали фойдаланиш мақсадида ҳудудий бошқармаларга хизмат итларини ташиш учун мўлжалланган 6 дона махсус автотранспорт воситаси ажратилди.

Ўтган давр мобайнида Марказда божхона органларининг 860 нафар кичик-инспектор кинологлари турли йўналишлар бўйича ўқув курсларида ўқитилиб, 860 бош хизмат итлари тайёрлаб берилди.  Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва идораларнинг буюртмаларига асосан 136 нафар кинологлар тегишли йўналишларда ўқитилиб, 136 бош хизмат итлари тайёрлаб берилди.

Марказда хориж тажрибасини ўрганиш ва амалиётга тадбиқ этиш, халқаро хамкорлик доирасида ҳам қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, Тожикистон Республикаси божхона хизматининг 15 нафар кинолог ходимлари “гиёҳванд моддаларни қидириш” ва “инструкторлик” бўйича ўқув курсларида, Арманистон Республикаси Давлат даромадлари қўмитасининг ходимлари инструкторларни тайёрлаш ўқув курсида таҳсил олди. 

Айни пайтда божхона органларида кинология хизматини такомиллаштириш, Марказда наслчилик ишлари самарадорлигини тубдан ошириш, кинологлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, хизмат итларини тайёрлаш ҳамда ушбу йўналишда кадрлар салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, мазкур соҳада самарали халқаро ҳамкорликни амалга ошириш бўйича биринчи галдаги устувор вазифаларни назарда тутувчи 2021–2023 йилларда Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш концепцияси ва “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси кинология йўналишдаги жамоат ташкилотлари ҳамда кинология хизматлари билан ҳамкорлик қилиш мақсадида, “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Кинология федерацияси, “Ўзбек бўрибосарлари” зотини сақлаш жамияти, Самарқанд ветеринария  медицина институти ҳамда Ички ишлар вазирлиги ўқув маркази билан Марказ ўртасида кинология соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланган. 

Мазкур меморандум доирасида ветеринария ва зоотехник мутахассислигига эга бўлган Марказнинг 32 нафар ходимлари 2020 йилда Тошкент давлат аграр университетида “Хизмат итларини парваришлашда ва уларда учрайдиган касалликлар, уларни олдини олиш, замонавий усулларда даволаш” мавзусида, 2 нафар ходимлари 2021 йил февраль ойида Самарқанд ветеринария медецина институтида малака оширди.

Ушбу қарорга асосан Марказ Ихтисослаштирилган ветеринария хизмати ходимлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларга ветеринария даволаш-профилактика ва лаборатория-диагностика ишлари бўйича пулли хизматлар кўрсатиб келмоқда.

Пресс тур доирасида журналистлар марказда “Ўсимликлар уруғларини қидириш” бўйича ўзлаштирилган янги йўналиш доирасида латвиялик халқаро мутахассис Валдис Биковскис томонидан олиб борилаётган амалий машғулотлар ва кинологларнинг хизмат итлари иштирокидаги кўргазмали чиқишларини томоша қилди.