Куни кеча Самарқанд шаҳрида жойлашган Мирзо Улуғбек расадхонасида “Китоб карвони” лойиҳаси ташкил этилди. Тадбирда сиёсий фанлар доктори, профессор Назрулла Жўраев, Шаҳло Аҳророва, Ўзбекистон халқ артисти Одина Ғозиевалар қатнашди.
“Кўп китоб ўқийдиганлар устидан куладиганлар ҳам йўқ эмас, афсуски. Бу ҳолатга қандай таъриф беришни ҳам билмайман. Ахир ўйлаб кўриш керак, ўқимасдан туриб қайси соҳни эгаллаш мумкин?! Инсон қайси йўналишни танламасин у ҳақида билимга эга бўлиши керак эмасми?
Тарихни ўрганиш, уни ўқиш эса алоҳида масала. Ўз тарихини билган авлод йўл қўйилган хатоларни такрорламайди, аксинча хулоса чиқариб жамиятни ўзгартиради.
Мен ҳам, сизлар таниган бошқа таниқли инсонлар ҳам ўз-ўзидан машҳурликка эришмаганмиз. Барчасига устозлар йўл-йўриқлари ҳамда орттирган билимларимиз сабабдир”, деди Одина Ғозиева.
Китоб карвони доирасида Самарқанд вилоятига келтирилган китоблар ҳудуддаги таълим муассасаларига тарқатилади.