Илмни қандай олиш мумкин? Жавоби жуда оддий. Илмни китоб ўқиш орқали олиш мумкин. Китоб инсонни камолотга етаклайди. Китоб ўқиш орқали инсон кўплаб билим ва кўникмаларга эга бўлишни бошлайди. Бу нарса эса уни атрофдаги инсонларни тушунишга, жамиятдаги ўзгаришларга қарашини ўргартиради. Китоб ўқиган инсон бошқаларга қараганда теран фикрлайдиган, юриш-туришида ажралиб турадиган, ўзининг оламига эга бўлган шахс ҳисобланади. Шунинг учун ҳам китоб ўқиган, унга меҳр қўйган, китобни муқаддас билиб унга меҳр қўйган инсонларни зиёлилар деймиз. Айнан зиёлилар ўзининг хатти-ҳаракатлари, фаолияти билан жамиятни нурлантирувчи, маънавий-ижтимоий барқарорликни таъминловчи одамлар ҳисобланишади.
Шу ўринда Асқад Мухторнинг китоб ҳақидаги ажойиб фикрига эътибор қаратамиз. “ Китоб — бойлик. Лекин сотиб олингани эмас, ўқилгани”.
Тадқиқотчилар қайси давлат аҳолиси ҳафтасига неча соат китоб ўқишга вақт сарфлашини ўрганиб чиқишди. Натижаларга кўра, энг тараққий этган эмас, балки сўнгги йилларда тезлик билан ривожланаётган давлатлар аҳолиси кўпроқ китоб ўқиши маълум бўлди. Аҳолиси энг кўп китоб ўқийдиган давлатларнинг дастлабки 10 талиги қуйидагича:
1.Ҳиндистон — ҳафтасига 10,7 соат.
2.Таиланд — ҳафтасига 9,4 соат.
3.Хитой — ҳафтасига 8 соат.
4.Филиппин — ҳафтасига 7,6 соат.
5.Миср — ҳафтасига 7,5 соат.
6.Чехия — ҳафтасига 7,4 соат.
7.Россия — ҳафтасига 7,1 соат.
8.Швеция – ҳафтасига 6,9 соат.
9.Франция — ҳафтасига 6,9 соат.
10.Венгрия — ҳафтасига 6,8 соат.
Бу рейтингда Ўзбекистон номи келтирилмаган. Демак, бизда китобхонлик даражаси паст. Китоб ўқишга қизиқиш ёшлар орасида кам. Ҳозирда айрим ёшлар телефон, турли ижтимоий тармоқларга вақтини беҳуда сарфлашмоқда. Бу эса, ўз навбатида, бора-бора маънавий қашшоқликка олиб боради. Оқибатда жамиятда маънавий онгсиз қатлам шаклланади.
Бунинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак?
Тарбия аввало оиладан бошланади, деган гап бекорга айтилмаган. Оилада яхши тарбия, билим олган инсон вояга етганидан кейин ҳам шу мафкурада ўсади. Оилада ота-она томонидан берилган тарбия, кўникмалар кейинчалик вақт ўтиб ҳаётий тажрибаларда ўз самарасини беради. Ҳозирги кунда оилаларда болалар тарбиясига лоқайд қараш кўп кузатилмоқда. Боғча ёшидаги бола қўлида ҳам смартфон бор. Ҳатто кўпчилик ота-оналар боласига мактабга ҳам телефон бериб юборишади. Балоғатга етмаган болага телефон нимага керак? У телефондан нима мақсадда фойдаланмоқда? Ота-оналар буни назорат қиляптими? Айнан шу саволлар ҳозирги кунда жамиятимиздаги долзарб муаммога айланиб бормоқда.
Айрим ота-оналар фарзандларига эртак айтиб беришга эринади. Аксинча, уларга эртак айтиб китобга ошно қилиш керак. Байрамларда, туғилган кунларда ота-оналар болаларига китоблар совға қилиши мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Ёшлигидан китобга ошно бўлган болалар кейинчалик ҳам китоб ўқишда давом қилишади. Демак, оила жамиятнинг асосий бўғини деган гап ҳам бекорда айтилмаган.
Ҳозирги кунда Ўзбекитонда ёшларнинг китобхонлик даражаси қай аҳволда?
Бу саволга жавоб топиш учун Тошкентдаги китоб дўконлари, метро бекатлари ва автобусларни кузатдим. «Илдиз» китоб дўконига (олдин номи Азон эди) бордим. Ходимларининг айтишича кунига ўртача 200-300 нафар инсон келар экан. Асосан харидорларнинг 60 фоизини аёллар ташкил қиларкан. Диний-маърифий мавзудаги китоблар харидоргир эканини таъкидлашди. Яна бошқа — «Қамар» дўконига борганимда ҳам у ерда ҳам шунга ўхшаш гапларни айтишди.
Бошқа бир китоб дўконига борганимда у ерда кунига ўртача 20-30 та одам келишини ва китоб сотиб олишини айтишди. Яна шунга ўхшаш китоб дўконларида кунига 30 та атрофида харидорлар келишини аниқладим. Демак, номи машҳур бўлмаган китоб дўконларига китобхонларнинг келиши камроқ бўларкан. Лекин шуни таъкидлаш жоизки, бу фақат Тошкент шаҳридаги вазият.
Бир ой давомида автобус ва метрода юриб одамларни кузатдим. Автобус метрода одамлар китоб ўқимайдиган бўлишган. Ҳар замон кўзим тушиб қолади. Лекин улар бир ёки иккитани ташкил қилади. Ҳозир ёшларимиз фақат телефон орқали ишини битирадиган бўлиб қолишган. Йўлда, уйда автобус, метро ҳатто ўқишда ҳам. Китобни ҳам телефон орқали ўқишади.
Хўш, электрон китоб ёки қоғоз китоб. Қайси бир афзалроқ? Электрон китобларнинг ҳам, қоғоз китобларнинг ҳам ўз афзалликлари мавжуд. Экектрон китобларнинг ҳам афзалликлари бор. Ҳар бир инсон кичик ҳажмдаги китобни ўз смартфонида сақлайди. Кўплар китобларни олиб юрмасдан уларни телефонда сақлаш ва ўқиш мумкин. Қурилма орқали ўқийдиган китобнинг шрифт ва ёрқинлигини назорат қилишингиз, бир неча хатчўплар ва эслатмалар қилишингиз мумкин. Электрон китобнинг афзалликлари бўлгани каби камчиликлари ҳам бор. Асосий камчилиги қоғоз китобга қараганда кўзнинг кўриш қобилияти пасайиши бўлса, яна бошқа бир камчилиги аккумлятор масаласидир. Унинг захирасига қарамасдан эртами-кечми у ноқулай вазиятда ўчиб қолиши мумкин.
Қоғоз китобнинг афзалликлари кўп. Агар китоб сотиб олсангиз у абадий сизники бўлади. Ундан исталган вақтда фойдаланишингиз мумкин;
Китоб ҳеч қачон бузилмайди. Фойдаланиш ҳам осон; Китобнинг ўзига хос ҳиди бор. Унга тегиниш орқали сизда бошқача хис пайдо бўлади; Уни бемалол яқинларингизга бериб туришингиз мумкин. Бундан ташқари китобнинг аккумлятори ҳеч қачон тугамайди; Китоб энг яхши совға. Китоб ёш танламайди. Онамизга, дўстимизга ҳам бирдек манзур келадиган энг яхши совға бу китоб.
Ўзбекитон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020-2025 йилларда «Китобхонлик маданиятини ривожлатириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида» қарори қабул қилинди. Унда қуйидаги бандлар мавжуд:
- аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш;
- миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, республиканинг олис ҳудудларида ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш;
- китоб савдосини ташкил этиш тартибларини соддалаштириш, янги нашр этилган китобларни етказиш ва ахборот манбаларини тарқатиш тизимини такомиллаштириш;
- аҳолининг китобхонлик даражаси ва китобга қизиқишини тизимли ўрганиб бориш, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва танловларни ташкил этиш, кутубхоначи кадрлар салоҳиятини ошириш;
- хорижий асарларга онлайн буюртма бериш, уларни республика ҳудудига олиб келиш ва тарқатиш тизимини ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.
- китоб етказиб берувчиларни замонавий ижтимоий эҳтиёжларга мослаштириш, инфратузилмани яхшилаш, ахборот-кутубхона марказларини чоп этиладиган босма нашрлар ва уларнинг электрон нусхалари билан тўлдириб бориш, электрон китоблар яратиш, китобларни рақамлаштириш ва электрон каталогларни тузиш ҳамда тизимли равишда янгилаб бориш;
Хулоса қилиб айтганда, давлатимизда китобхонликка яратилган шароитлардан, ислоҳотлардан биз ёшлар оқилона фойдаланишимиз керак. Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ёшларни китобхонликка жалб қилиш учун Хоразм, Наманган ва Қорақалпоғистонда катта кутубхоналар очилди. Бундан ташқари Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий номидаги «Турон» кутубхонаси ҳам қайта иш фаолиятини бошлади. Бу кутубхоналардан турли хилдаги ўзбек, рус ва ғарб адабиёти намоёндаларининг асарлари топиш мумкин. Яратилган бундай имкониятлар ёшларни сифатли таълим олишига улкан ҳисса қўшади.
Ёш авлоднинг китобга меҳр қўйишида аввало ҳар бир боғча, мактаб, лицей, университетларнинг ўрни алоҳида ҳисобланади.
«Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафасидир». Шундай экан, боланининг қандай тарбия ва билим олишида юқорида айтилганидек аввало ота-она маъсул ҳисобланади. Боғча ёшлигидан болага китобга меҳр қўйишни ҳар бир боғча ходими ўргатиши керак. Мактаб даврида ҳам синф раҳбарлари ўқувчиларга ҳеч бўлмаса ойда битта китоб ўқишни вазифа қилиб бериши ва янада қизиқиши ортиши учун совғалар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирлаб туриши керак. Китобхонлик кечалари уюштирилиб унда ўқувчиларни кўпроқ бунга жалб қилиш ва уларни бунга йўналтириш керак. Олий ўқув юртларида ҳам шунга ўхшаган турли хил китобхонлик тадбирларини кўпроқ ўтказиш керак. Ёшларни бўш вақтини самарали ўтказиш учун ҳар хил турдаги китоб кўргазмалари амалга ошириш ва намунали талаба ёшларни тақдирлаб туриш керак. Шундагина жамиятда аҳолининг саводхонлик даражаси ўсади. Лекин бир нарса одамни хурсад қиладики, яқин 3-4 йилга нисбатан аҳолининг китобхонликка қизиқиши анча ошганини кўриш мумкин. Бу эса жамиятдаги ёш ўғил-қизларга ўзларига бўлган мотивацияни оширади деган умиддаман.
Жаҳонгир ОТАБОЕВ,
Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси
Халқаро муносабатлар 4-курс талабаси