Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳар йили октябр ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланган.

Мазкур ҳафталик доирасида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан нуронийлар иштирокида “Кексалик ва маънавий мерос” ҳамда “Кексалари эъзозланган юрт” номли китоблар чоп этилиб, тақдимоти ўтказилди.

Тадқимот очилиш маросимида институт директори, профессор Нодира Эгамбердиева шундай деди:

– Кекса авлод вакилларини эъзозлаш, ҳозирги осойишта кунларимиз учун сидқидилдан меҳнат қилган инсонларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни қадрлаш халқимизга хос ҳислатлардан саналади. Шу мақсадда биз маҳалла ҳамда оилаларнинг тинч ва осойишта бўлишида айнан ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимизнинг узоқ йиллик ҳаётий тажрибасига таянамиз. Уларнинг босиб ўтган самарали ва сермазмун ҳаёт йўлларидан ўрнак оламиз. Янги нашрдан чиққан “Кексалик ва маънавий мерос” ҳамда “Кексалари эъзозланган юрт” номли китобларда ҳам айнан нуронийларнинг ҳаётий тажрибалари акс эттирилган.