Самараси эса шунга монанд — худди олис чўққиларга қиш бўйи ёққан қор фурсати етгач эриб, боғу далаларга оби раҳмат бўлиб ариқларни тўлдирганидек, узоқ вақт элу халқ камолига хизмат қилади. Китобхонлик масаласи ҳам шундай жараёнлар сирасига киради.

Тарихий тажриба кўрсатадики, ҳар қандай юксалиш даври билимга муносабат билан бевосита боғлиқ бўлган. Илмга, мутолаага, фикр алмашувига эътибор сусайган жамиятларда тараққиёт узлуксиз давом этмаган. Ўқиш мада­нияти шаклланган муҳитда эса фикр масъулияти, шахсий жавобгарлик ва умумий манфаат тушунчалари мустаҳкам ўрин олган. Шу сабабли китобхонлик жамиятнинг умумий ҳолати билан чамбарчас боғлиқ масаладир. Бугун иқтисодий ўсиш, инфратузилма янгиланиши, бош­қарув тизимлари такомиллашуви билан бир қаторда фикр сифати масаласи кун тартибига чиқаётганининг боиси ҳам шу. Жамиятнинг эртанги куни фақат моддий кўрсаткичлар билан ўлчанмаслигини тобора теранроқ англаб етар эканмиз, бу ҳолат, ўз навбатида, билимга, мутолаага, маънавий муҳитга нисбатан ёндашувни қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирди.

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнан шу эҳтиёж билан боғлиқ ҳолда қабул қилинган муҳим ҳужжатдир. Қарорда китобхонлик алоҳида кампания ёки қисқа муддатли ташаббус сифатида талқин этилмай, аксинча, мутолаага жамият ҳаётининг турли бўғинларига бевосита алоқадор стратегик вазифа ўлароқ қаралаётганини кузатиш мумкин. Бу ёндашув китобни маданий атрибут эмас, балки ижтимоий тараққиёт омили сифатида англашга асосланади. Яъни китобхонликка доир вазифалар маъмурий талаб шаклида қўйилмаган. Асосий эътибор шароит яратишга, имкониятларни кенгайтириш ва рағбатлантириш механизмларини шакллантиришга қаратилган. Шу нуқтаи назардан, китобхонлик масаласини миллий хавфсизлик, интеллектуал барқарорлик ва ижтимоий масъулият тушунчалари билан боғлиқ ҳолда тушунар эканмиз, айни вақтда қарор ортида турган фикрлар тизимини англаш ҳамда уларнинг жамият ривожига таъсир доирасини ўрганиш, атрофлича таҳлилга тортиш, муносабат билдириш эҳтиёжи пайдо бўлиши табиий.

 

Молиявий ва институционал ечимлар

 

Жамиятда муайян одатларнинг кенг тарқалиши уларнинг шахсий танлов доирасидан чиқиб, умумий қабул қилинган меъёр даражасига кўтарилганидан далолат беради. Бундай жараён одатда узоқ муддатли ижтимоий муносабатлар орқали шаклланади. Китобхонлик масаласи ҳам айнан шу йўсинда баҳоланиши лозим. Хусусан, қарорга мувофиқ, “Китоб — маърифат манбаи” лойиҳаси доирасида аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ва йилига ўртача 10 та китоб ўқиш мақсади жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу кўрсаткич орқали жамиятга аниқ йўналиш берилади, бундай ёндашув эса мутолаани алоҳида ташаббус даражасидан кундалик ҳаёт таркибига олиб киришга хизмат қилади.

Психологларнинг таъкидлашича, ­ижтимоий меъёр даражасига етган ҳар қандай одат ташқи назоратга муҳтож бўлмайди. Шу маънода, ўқиш маданияти кенг ёйилган муҳитда инсоннинг мутолаа билан шуғулланиши алоҳида ­эътироф талаб қилмайди. Аксинча, ундан четда қолиш савол туғдириши мумкин. Муайян муддатда ўқилиши белгиланган китоблар сони эса вақт тушунчасини қайта тартиблайди. Ўқиш жараёни бўш пайтга қолдириладиган машғулот эмас, режалаштириладиган фаолият сифатида идрок этилиши инсоннинг шахсий ривож­ланишга бўлган муносабатини ўзгартиради. Қисқаси, мутолаа билан вақтни мазмунан тўлдириш одатини шакллантириш орқали ўқиш жараёни узлуксиз ва барқарор тус олади.

Шу билан бирга, ҳар қандай ижтимоий ташаббус сингари китобхонлик масаласига доир молиявий ва институционал ечимларнинг алоҳида белгиланиши муҳим аҳамият касб этади. Негаки мақсад аниқ ифодаланган тақдирда ҳам молиявий ва ташкилий асослар етарли даражада мустаҳкам бўлмаса, натижа кутилган даражага етиши амримаҳол. Демак, Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилишидан кўзланган мақсадни тушуниш қийин эмас. Жамғарма китоб билан боғлиқ жараёнларни марказлашган ҳолда қўллаб-қувватлаш имконини яратади. Нашр, таржима, муаллифлик ҳуқуқи, тарғибот каби йўналишлар ягона молиявий механизм орқали мувофиқлаштирилади.

Аввалги даврларда китоб нашри ва таржима масалалари кўпинча алоҳида ташаббус­лар доирасида ҳал этилиб келинди. Бундай ёндашув узоқ муддатли режалаштириш имконини чеклаши аён. Жамғарма фаолияти эса бу жараённи тизимли йўлга қўяди. Молиявий ресурсларнинг мақсадли йўналтирилиши натижасида нашрлар сифати, таржималарнинг пухталиги ва муаллифлик ҳуқуқига муносабатда барқарорлик юзага келади. Таржима, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажатлари учун ажратиладиган маблағ миқдори оширилиши алоҳида мавзу. Бу орқали жаҳон тажрибаси, илмий ва бадиий мерос билан танишиш имкониятлари кенгаяди. Шу билан бирга, миллий адабиётнинг ички ривожи учун зарур шароит яратилади.

Молиявий механизмларнинг аниқлиги соҳада масъулиятни оширади. Маблағ ажратилиши билан бирга натижа учун жавобгарлик масаласи ҳам кун тартибига чиқади. Қайси лойиҳалар устувор ҳисобланиши, қайси йўналишлар жамият эҳтиёжларига мос келиши очиқ муҳокама этилиши бу борада муҳим. Шунингдек, жамғарма орқали таржима ва нашр харажатларининг муайян қисмини қоплаш механизми ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Бу, ўз навбатида, соҳага хусусий ташаббусларни жалб этиш имконини кенгайтиради. Нашриётлар, таржимонлар, муаллифлар учун хавф даражаси камаяди. Шу тариқа молиявий ва институционал асос­лар китобхонлик сиёсатининг таянч нуқтасига айланади. Бу асослар ташаббусларнинг узлуксизлигини, режаларнинг изчиллигини, натижаларнинг барқарорлигини таъминлайди.

 

“Жадидлар изидан”

 

Ёш авлод қандай билим эгаллайди, ўз ҳаёт концепциясини танлашда қайси манбаларга таянади, нималардан улги олади, фикрни қай тарзда шакллантиради, баён қилади — ана шу омиллар жамият эртанги кунининг сифатини белгилайди. Шу сабабли китобхонлик масаласида ёшлар билан ишлаш алоҳида йўналиш сифатида кўрилиши табиий ҳол. Ёш авлод билан боғлиқ сиёсатда асосий масала билимга, китобхонликка муносабатни шакллантиришдир. Ўқиш мажбурият сифатида қабул қилинган муҳитда мутолаа хўжакўрсиндан нарига ўтмайди, у эҳтиёжга айланганда эса тафаккур табиий равишда ривожланади. Қарорда ёшлар учун белгиланган ташаббуслар айнан шу фарқни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Чунончи, мактаб ёшида мутолаа одатини шакллантириш масаласига тўхталсак. Айнан шу даврда инсоннинг дунёни идрок этиш усули, савол бериш қобилияти, ўз фикрига муносабати таркиб топади. Китоб билан эрта танишган ёш воқеликни тайёр схемалар эмас, мулоҳаза орқали англашга мойил бўлади. Бу жараён шахсий интизомни, эътиборни жамлаш, фикрни изчил баён этиш кўникмаларини мустаҳкамлайди.

“Жадидлар изидан” номи билан йўлга қўйилаётган китобхонлик клуби лойиҳаси мазмунан тарихий хотирага суянади. Жадидлар фаолияти, аввало, ёш авлодни ўқишга, англашга, дунё билан фикр орқали мулоқот қилишга чорлаган. Уларнинг асосий ғояси тайёр ҳақиқатларни такрорлаш эмас, билъакс, савол қўйиш маданиятини шакллантиришдан иборат бўлган. Бугунги шароитда бу ёндашув замонавий эҳтиёжларга мос ҳолда қайта талқин қилиняпти.

Мазкур клуб доирасида ёшлар учун мутолаа индивидуал машғулотдан жамоавий тажрибага айлантирилади. Ўқилган асарлар юзасидан фикр алмашиш, баҳс юритиш, мулоҳаза билдириш ёшларни тайёр хулосани қабул қилиш ўрнига ўз қарашини шакллантиришга йўналтиради. Фикрни асослаш, далил келтириш, бошқача қарашларга муносабат билдириш маданияти аста-секин қарор топади.

Китобхонлик клуби ёшларнинг йилига камида 20 та китоб ўқишини таъминлашни назарда тутмоқда. Мазкур ташаббус мутолаани вақт билан боғлаш, ўқишни режалаштирилган фаолиятга айлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, ёшлар ўртасида китобхонликни рағбатлантириш масаласи устувор. Негаки рағбат меҳнат ва натижа ўртасидаги боғлиқликни кўрсатади. Ўқиш орқали эришилган билим ва тафаккур жамият томонидан эътироф этилиши ёшлар онгида ижобий муносабат уйғотиб, мутолаани ижтимоий нуфуз омилига айлантиради.

Мутолаа орқали шаклланаётган фикрлаш маданияти ёшларнинг ҳаётий танловларига ҳам таъсир кўрсатади. Ўқиган, солиштирган, хулоса чиқарган ёш воқеликка бир ёқлама ёндашмайди. У сабаб ва оқибатни ажратишга одатланади. Шахсий масъулият, ижтимоий позиция, онгли қарор қабул қилиш каби сифатлар айнан шу жараёнда ўз самарасини намоён этади.

 

Муаллиф ва ижод масъулияти:

адабий меҳнат баҳоси

 

Ҳар бир даврнинг ўз савол-сўроқлари бўлади, бу саволларга жавоб топиш жараёни эса муайян фикр эгалари орқали кечади. Ана шу жараёнда муаллиф шунчаки матн яратувчи шахс эмас, балки жамият онгига таъсир кўрсатувчи масъул субъект сифатида майдонга чиқади. Шу боис, адабий ижодга муносабат жамиятнинг қай бир маънода ўз фикрига бўлган муносабати ҳамдир. Шунга қарамай, узоқ вақт давомида ижодкор фаолиятига кўпроқ ички эҳтиёж маҳсули сифатида қаралиб келинди. Бундай ёндашув эса адабиётнинг ижтимоий вазифасини тан олмаслик, уни айланиб ўтишга беҳуда ­уринишдан бошқа нарса эмас. Ижодкорлар аслида жамият ҳаётида муҳим роль ўйнаса-да, уларнинг меҳнати кўпинча тизимли қўллаб-қувватлашдан четда қолиб келганини ҳам ҳеч бир важ билан оқлаб бўлмайди, назаримизда.

Ўзбекистон Президенти қарорида муаллифларни аниқлаш ва уларнинг ижодий фаолиятини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласининг кун тартибига чиқиши ушбу ­муаммо ўз вақтида англаниб, унга самарали ечим тақдим этилаётганидан дарак. Афсуски, ижодкорни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласи кўпинча нотўғри талқин қилинади. Моҳиятан гап фақат рағбат ҳақида кетаётгани йўқ. Асосий масала ижод учун зарур бўлган шароит яратишдан иборат.

Қарорда назарда тутилган “Истеъдодли муал­лифлар” лойиҳаси доирасида ёш ёзувчи ва таржимонларни рағбатлантириш механизми орқали танлов асосида аниқланадиган муаллифларга бир йилгача ҳақ тўланиши ижодий меҳнатни режалаштирилган фаолиятга айлантиради. Муаллиф ўз вақтини изчил равишда ижодга бағишлаш имконига эга бўлади. Бу ҳолат пухта ишланган асарлар яратилиши учун шароит ҳозирлайди. Айни пайтда ижод эркинлиги билан ижтимоий масъулият ўртасида мувозанат қарор топади.

Мазкур ёндашув адабий муҳитда танлов мезонларини ҳам аниқлаштиради. Ижодкорнинг фикр кенглиги, мавзуга ёндашуви, жамият ҳаётига муносабати эътибор марказига чиқади. Бу эса адабиётнинг ички сифатига ижобий таъсир кўрсатиши турган гап. Муаллифга яратилаётган шароитлар адабиётнинг жамият билан алоқасини мустаҳкамлайди. Ижодкор фикр билдириш, баҳсга киришиш, масъул саволлар қўйиш имконига эга бўлади. Шу орқали адабиёт жамият ҳаётининг фаол иштирокчисига айланади. Шу жиҳатдан ҳам муаллифларни аниқлаш ва уларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар китобхонлик сиёсатининг муҳим бўғинидир. Бу бўғин адабий сўзнинг ижтимоий вазнини оширади, фикрнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлайди.

Миллий адабиёт фақат ички имконият ва ресурслар билан чекланиб етарлича равнақ топа билмаслигини ҳам унутмаслик лозим. Унинг табиий эҳтиёжи ташқи макон билан мулоқот қилиш, бошқа тажрибалар билан юзлашиш, ўз овозини кенгроқ майдонда эшиттиришдан иборат. Айни ҳолда таржима масаласи алоҳида аҳамият касб этади, аниқроғи, у фикрлар алмашинуви, маданий тажрибалар учрашуви, интеллектуал уфқларнинг кенгайиш жараёнидир. Қарор билан энг сара жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига, миллий адабиёт намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш масаласининг алоҳида белгиланиши ана шу эҳтиёж билан боғлиқ. Айни мақсадда ­2026-2030 йиллар мобайнида “Жаҳон адабиёти ўзбек тилида” лойиҳаси доирасида хорижий адабиётларни таржима қилиш харажатларининг 80 фоизигача қисми қоплаб берилиб, ҳар бир лойиҳа учун БҲМнинг 600 бараваригача, шунингдек, “Миллий китоб таржимаси ва нашри” лойиҳаси учун жорий йилдан бошлаб ҳар йили БҲМнинг 60 минг бараваригача маб­лағ ажратилиши белгиланган.

Хорижий адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиш орқали жамиятнинг интеллектуал доираси кенгаяди. Турли даврлар, мактаблар, қарашлар билан танишиш имкони пайдо бўлади. Миллий адабиётнинг хорижий тилларга таржима қилиниши эса бутунлай бошқа масъ­улиятни юклайди. Таржима орқали миллий руҳ, тарихий хотира, маданий қарашлар ташқи ўқувчига етказилади. Шу сабабли қайси асарлар танланаётгани, қандай талқин берилаётгани алоҳида эътибор талаб қилади.

Қарорда таржима ва нашр харажатларининг муайян қисмини қоплаш механизми белгиланиши ушбу жараёнга тизимли ёндашув мавжудлигини кўрсатади. Таржима соҳаси кўп ҳолларда катта меҳнат талаб қиладиган, молиявий жиҳатдан мураккаб йўналиш ҳисоб­ланади. Давлат томонидан яратилаётган ­шароит ушбу йўналишда сифатли иш олиб бориш имконини кенгайтиради. Таржимон, муҳаррир, нашриёт фаолияти ўзаро уйғунлашади. Халқаро майдонда эса билвосита мамлакат ва ижодкор мансуб миллат имижини илгари суради, яъни ўқувчи бирор асар орқали жамиятнинг қадрият­лари, муаммолари, орзу-интилишлари ҳақида тасаввур ҳосил қилади. Шу нуқтада адабиёт юмшоқ таъсир воситаси — “юмшоқ куч” вазифасини бажаради. У бевосита тарғибот билан шуғулланмаса-да, ўқувчини фикр ортидан эргаштириши мумкин.

Мутолаанинг ижтимоий макони

 

Китобхонлик том маънода маданият даражасига етиши учун биринчи галда қулай муҳит, доимий мавжудлик ва кундалик ҳаёт билан уйғунлашган макон зарур. Шу боис, китобхонлик сиёсатида инфратузилма масаласи нақадар муҳим экани хусусида юқорида ҳам сўз юритдик. Бу борада кутубхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудлар кесимида янгиларини бунёд этиш долзарб вазифалардан. Жумладан, “330 та маҳалла кутубхонаси” лойиҳаси асосида маҳалла кутубхоналари замонавий форматга ўтказилиб, ҳар бир кутубхона учун БҲМнинг 180 бараваригача маб­лағ ажратилишини назарда тутувчи ташаббус илгари сурилмоқда. Зеро, маҳалла жамиятнинг энг қуйи ва энг тирик бўғини ҳисобланар, кундалик ҳаёт, мулоқот, тарбия ва муносабатлар ана шу маконда шаклланар экан, китоб ва китобхонликнинг айнан шу муҳитга кириб бориши мутолаа географияси ва қамровини ҳам кенгайтириши шубҳасиз.

Инфратузилма масаласида яна бир муҳим йўналиш — рақамли имкониятлар. “Мутолаа” лойиҳаси орқали жамоат транспорти ва инфратузилма объектларида электрон ва аудиокитоб­лардан фойдаланиш имконияти яратилиши ўқиш жараёнини макон ва вақт билан боғлиқ чекловлардан халос қилади. Бу, айниқса, ёшлар ва иш билан банд қатлам учун қулайлик яратади.

Жамиятда муайян фаолият кўпинча унга берилган баҳо ҳамда рағбатлантирувчи омиллар орқали барқарорлашади. Биз сўз юритаётган масалада ҳам айнан шу қонуният амал қилади. Қарор билан “Топ 100 китобхон” лойиҳаси дои­расида ўқувчи ва талабалар орасида энг кўп китоб ўқиганлар тақдирланиши, китобхонлик рейтингини шакллантириш борасидаги ташаб­бус ана шу эҳтиёждан келиб чиқди дейиш мумкин.

Рейтинг механизми орқали китобхонлик ижтимоий рақобат майдонига киради. Бу рақобат моддий манфаат учун эмас, балки интеллектуал фаолликни оширишни кўзда тутади. Инсонлар ўз устида ишлашга, кўпроқ ўқишга, фикр доирасини кенгайтиришга интилади. Шу тарзда мутолаа шахсий ривожланиш билан бирга ижтимоий нуфуз омилига айланади. “Топ 100 китобхон” дастури доирасида белгиланган рағбат механизми айни мақсадга хизмат қилади. Хусусан, интеллектуал рақобат муҳити шакл­ланиши жамиятда фикрлар хилма-хиллигини кучайтиради, фикр алмашиш маданиятини мустаҳкамлайди.

Шу ўринда қарорнинг жамият олдида ­масъул шахс сифатида муайян маънода фикр ташувчи субъект ҳисобланмиш давлат хизматчиларининг фикрлаш даражаси, дунёқараши ва қарор қабул қилиш маданиятига дахлдор жиҳатларига тўхталиш жоиз. Зеро, уларнинг интеллектуал тайёргарлиги давлат бошқарувининг ички сифати билан бевосита боғлиқ. Вазирлик ва идораларда касбий фаолиятга оид адабиётлар рўйхатини шакллантириш ташаббуси давлат хизматида билим билан ишлашга бўлган муносабатни ўзгартиришга қаратилган. Бу ёндашув ходимдан фақат амалдаги тартиб-қоидаларни билишнигина эмас, ўз соҳасининг мазмунини чуқур англашни ҳам талаб этади. Касбий адабиётлар орқали давлат хизматчиси ўз фаолиятини кенгроқ контекстда кўра бошлайди. Қарорлар тор доирадаги кўрсатмалар билан чекланиб қолмай, умумий жараёнлар билан боғланади.

Идораларда “Китоб бурчаги” ташкил этилиши эса давлат хизматчисининг кундалик иш муҳити билан мутолаа ўртасида бевосита боғланиш ҳосил қилади. Ходим керакли маълумотни излаш, ўрганиш, солиштириш орқали иш юритишга кўникади. Ҳар ойда йўлга қўйиладиган “Китоб ўқиш соати” хусусида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Бундан ташқари, давлат идораларида энг кўп китоб ўқиган ходимни моддий жиҳатдан рағбатлантириш ташаббуси ўқишга берилаётган эътибор даражасини аниқ кўрсатади. У билим ва меҳнат ўртасидаги боғлиқликни ифодаловчи восита вазифасини бажаради. Ўқиш орқали ўз устида ишлаган ходимнинг меҳнати эътироф этилади.

Мутолаа маданияти давлат хизматчисининг ахлоқий позициясини ҳам мустаҳкамлайди. Китоб орқали шаклланадиган фикр­лаш инсонни фақат ҳужжат билан эмас, жамият манфаатлари билан ишлашга ундайди. Ходим ўз фаолиятининг ижтимоий оқибатлари ҳақида мулоҳаза юритади. Давлат хизматида билимга таянган муҳит шаклланганида ташқи назоратга бўлган эҳтиёж камая­ди. Шу жиҳатдан қаралганда, вазирлик ва идораларда мутолаа маданиятини ривож­лантириш ташаббуслари давлат хизматининг ички сифатини оширади, маънан етук раҳбар-ходимлар сафини кенгайтиради.

Мазкур ҳужжатда илгари сурилган ташаббуслар бир-бири билан узвий боғланган ҳолда умумий мақсадга хизмат қилади. Китобхонликни ижтимоий меъёр сифатида қарор топтириш, молиявий ва институционал таянч яратиш, ёшлар билан тизимли ишлаш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, таржима сиёсатини йўлга қўйиш, инфратузилмани кенгайтириш, рағбат ва рейтинг механизмларини жорий этиш, давлат хизматида мутолаа маданиятини шакллантириш — буларнинг барчаси ягона мантиқий занжирни ҳосил қилади. Ана шу жараён орқали барқарор тараққиёт учун зарур бўлган онгли муҳит шаклланади. Бу муҳитда сўзнинг қадри ортади, фикрнинг масъулияти кучаяди, келажак ҳақида қарорлар аниқлик ва вазминлик билан қабул қилинади.

Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири