Бозорларда оёқ қўйгани жой ҳам қолмай кетади мавсумда. Ур-сур таломон. Бақир-чақир, ишқилиб тезроқ савдони якунласа-ю, ғалвадан қутулса.
Биласизми, кийим сотиб олаётганда, айниқса, фарзандларга кийим олаётганда уни яхшилаб ҳидлаб кўриш керак. Россиялик маркетинг бўйича мутахассис Екатерина Дворникованинг тавсиясига кўра, кийимдан жуда ўткир хид келса, уни сотиб олмаган маъқул.
Болаларга кийим сотиб олаётганда, албатта, сертификат сўраш ва ёрлиқдаги маълумотларни ўқиш керак. Бола учун юқори сифатли ва қулай кийим-кечак синтетика қўшилган табиий матолардан, астар ва блузкалар эса бола терисига тегиб туриши сабабли фақат пахта матосидан тайёрланган бўлиши лозим.
“Нейтрал ранглардан тикилган кийимларни сотиб олиш ва жуда ёрқин ранглардан сақланиш лозим. Зеро, ўта ёрқин ранглар матода ҳаддан ортиқ бўёқлар мавжудлигини кўрсатади. Форма қанчалик ёрқин бўлса, бўёқлар массаси ҳам шунчалик юқори бўлади. Тўғри, ювган сари, матонинг ранги ўчади, аммо бўёқ ҳиди йўқолмади. Бу эса соғлиқ учун зарарли. Бундан ташқари, кўпчиликнинг бўёқларга алергияси бор”, — дейди Дворникова.