Қашқадарё вилоятидаги “Naxshab Tех Group” пахта-тўқимачилик кластери Касби туманида 150 та фермер хўжалиги билан ҳамкорлик қилиб келади. 2022 йилда фермерлар фьючерс шартномаси асосида 11,5 минг тонна ўрнига 15,4 минг тонна пахта хом ашёси етиштириб, режани ортиғи билан бажарди.
Кластер раҳбари ижобий натижага эришилишида муносиб ҳисса қўшган илғор фермерларни муносиб рағбатлантирди. Яъни пахтадан юқори ҳосил олган 24 нафар фермер мароқли дам олиши учун Миср давлатининг “Шарм аш-Шайх” дам олиш масканига жўнатилди.
Маълумот учун, “Sulton” бренди билан танилган мазкур кластер томонидан пахта хом ашёсини етиштиришдан бошлаб, уни чуқур қайта ишлашнинг барча босқичини қамраб олган қиймати 87,3 миллион долларлик 15 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Кластерда экспорт ҳажми йил якунигача 40 миллион долларга етказилиши режалаштирилган.