Ҳаётда турли воқеликлар бўлади. Баъзан 1 дақиқа ҳам аҳамиятли бўлиб, тақдиримиз шу вақт мобайнидаги ҳаракатга боғлиқ бўлиб қолади. (Гап соғлик, “Тез ёрдам” машинаси ҳақида кетаётганини билиб турибсиз).
Ишга, ўқишга шошиб турган чоғимиз эса, эшигимиз олдига қадар келадиган таксилар, айниқса, “Яндекс” хизмати жуда қўл келади. Бироқ аксарият ҳудудларда улар йўллардаги ноқонуний “пост”лар сабаб ўйлаганимиз қадар тез етиб келолмаяпти.
Зангиота тумани Қуёшли МФЙ ҳудудида жойлашган “Мафтункор” (аввалги Ҳ.Ҳайдаров)маҳалласини катта йўлга боғлайдиган кўча бошига 100-200 метр етмай, катта бетон қоплама тўсиб қўйилган. Одамлар ўтиши учун оралиқ жой қолдирилган, сакраб ўтмаётганимизга ҳам шукр. Бироқ, кўплаб ҳайдовчиларнинг яқинини узоқ қилаётган бу тўсиқ ўзбошимчалик билан ўрнатилган.
Ушбу ташаббус эгаларидан бири билан нега йўлни тўсиб қўйишгани ҳақида гаплашганимизда, у кўчада ёш болалар кўплигини асосий сабаб қилиб кўрсатди. Аслида, қайси кўчада ёш бола йўқ? Тўғри, ёш болаларни хавфдан ҳимоялаш керак, лекин йўлни тўсиб қўйиш эвазига-ми?
Бу ишни қилганларга ўзбошимчалик учун бирон жойдан эътироз бўлмабди. Шунинг учунми, улар бунга тўла ҳақлимиз деб ҳисоблашади.
“Йўл ноқонуний тўсиб қўйилгани ҳақида мутасаддиларга маълум қиламиз”, деган огоҳлантиришимизга жавобан у “майли” деди. Яна бизга маслаҳат ҳам бериб, шу кўчага параллел йўлдан юраверишимизни айтди. Бизку шу йўлдан юраверамиз, автомобиллар-чи?
Patrul.uz расмий каналининг маълум қилишича, ўзбошимчалик билан сунъий ҳаракат чекловчи қоплама (“Лежачий полицейский”) ўрнатган фуқаролар 660 минг сўм миқдорида жарима тўлайди. Ҳеч кимнинг рухсатисиз йўлни тўсиб қўйганлар-чи? Улар қонун олдида қандай жавоб беради?
Муножат Мўминова,
"Янги Ўзбекистон" мухбири