Асар муаллифи – тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Аҳмадали АСҚАРОВ билан китобнинг ёзилиш тарихи, унда баён этилган янгича қарашлар ва башқа масалалар хусусида суҳбатлашдик.

 

– Китоб ёзилишига туртки бўлган ва бунга зарурият келтириб чиқарган омиллар нималардан иборат эди?

– Мен археолог сифатида ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи билан 30-35 йилдан бери шуғулланиб келаман. Бу менинг шу даврдаги археологик изланишларим, топилмаларим, илмий-ижодий меҳнатларимнинг маҳсулидир. Асар ўзбек халқининг этногенези, этник ва миллат бўлиб шаклланиш тарихига бағишланган, унда халқимизнинг яқин 4 минг йиллик тарихи археологик, антропологик, этнографик, лингивистик, тарихий топонимика ва қадимги ёзма манбалар маълумотларининг илмий таҳлили асосида баён этилган. Ушбу асарни ёзишга туртки бўлган сабаблар масаласига келсак, аввало, бу биз олимларга истиқлол берган ижодий эркинлик бўлса, ундан кейин она Ватан ва халқимга бўлган садоқатим, мавзу бўйича мутахассис сифатидаги бурчим эди.

Аслида олимлар бу мавзу билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келишади. ХХ аср бошларида академик В.Бартольд раҳбарлигида бир гуруҳ олимлар ўзбек халқи Мовароуннаҳр, ҳозирги Марказий Осиё ҳудудига XVI асрда келгинди, кўчманчи бўлиб кириб келган, деган назарияни ривожлантиради ҳамда бу фан томонидан тан олинади. Бу қараш жадидлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланган, чунки ўша пайтда илм-фаннинг даражаси шундай хулосани тақозо этарди. Сўнг 1940 йилларнинг бошида археолог олим, минтақамиз халқлари тарихининг чуқур билимдони, академик А.Якубовский ўзбек халқининг этногенези, халқ сифатида шаклланиши VI аср ўрталарида Ғарбий Турк хоқонлиги даврига бориб тақалади, деган таълимотни илгари сурди. А.Якубовский, асосан, ҳудудий бирлик, иқтисодий хўжалик бирлиги, этномоддий ва тил бирлиги, антропологик тип (қиёфа) бирлиги, диний бағрикенглик ва давлат бирлиги каби омилларга суяниб, шундай хулосага келган. Унгача Марказий Осиёда қадимий эрон тилларида гаплашувчи сўғдийлар, хоразмийлар, боҳтарийлар, саклар ва қадимги туркий тил лаҳжаларида сўзлашувчи уруғ ҳамда қабила жамоалари яшаган, айнан шу даврдан бошлаб уларнинг илк бор этник қовишуви бошланди, дейди олим. Бу В.Бартольд ғоясига берилган илк зарба эди.

Вақт ўтиши билан замон, фан, илм тараққий топиб, олимларнинг изланишлари ҳам кенг кўлам ола бошлади. Борган сари турли янги маърифий-назарий қарашлар илгари сурилди. А.Якубовскийнинг ўзбек халқининг этник шаклланиши ҳақидаги ғояси янада кенгроқ, янада бой бирламчи манбаларда ўз тасдиғини топа бошлади. Унинг ғоясини ўрганишда Марказий Осиё халқлари қадимги тарихининг чуқур билимдони, академик С.Толстовнинг хизмати катта бўлди. 1960 йилларга келганда С.Толстов ўзбек халқи этногенезининг бошланғич нуқтасини яқин минг йилга қадимлаштириб, ўзбек халқининг туркий ва эроний тилли аҳолисининг илк бор қоришуви антик даврда юз берди, яъни Канғ давлати даврига бориб тақалади, деган ғояни илмий асослади. Бизнинг авлод олимлари ана шу ғоялар остида шаклланганмиз. Бундай назарий ва маърифий қараш Ғарбий Европа ва шўролар даври тарих фанининг ҳукмрон ғоялари асосида қурилган бўлиб, бу ғоя “Авесто” ва “Веда” каби қадимги эроний тилларда битилган зардўштийлик диний ривоятларига асосланиб айтилган илмий фаразлар асосида шаклланган эди. Афсуски, ўз даврида тўғри топилган бу концепцияда эронистик ғоялар ҳукмронлик қилиб, ўзбек халқининг қадимги илдизлари ҳақида гап кетганда туркийлик сояда қолди, яъни археологик қазишмаларда учратилган (суяк, сопол, ёғоч ва тошга ёзилган), орамий алифбоси асосида битилган ёзув парчалари деярли қадимги эроний тилларда ёзилганлиги қайд этилиб, уларнинг илмий таҳлили ҳам эроний тиллар фойдасига хизмат қилиб келди. Тили эроний бўлмаган ёзув парчалари эса фанга “номаълум ёзув”, деб эълон қилинди.

Шўролар даври тарих фанининг назарий ва мафкуравий концептуал дастурида бронза, илк темир, ҳатто антик даврида ҳам Евроосиё даштларининг Тоғли Олтойдан бошқа барча ҳудудларида аҳоли эроний тилларда сўзлашганлар, деган ғоя олға сурилди ва шу руҳда илмий асарлар битилиб, ёшлар, бадиий ижод ва илм аҳли шу руҳда тарбияланди. Бу бирламчи археологик манбалар билан яхши таниш ўзбек олими сифатида менга ёқмас эди. Чунки аждодларимизнинг туркий илдизи билан боғлиқ археологик ёдгорликларнинг моддий маданияти (яъни сополлари, ҳарбий ва меҳнат қуроллари, тақинчоқларигача) бронза даврида Марказий Осиёнинг барча ҳудудларида бир хил, аҳолисининг антропологик типи ҳам бир хил. Аммо совет тарихшунослиги фанида уларнинг Тоғли Олтойда яшаганлари туркийда, қолганлари эса қадимги эроний тилларда сўзлашганлар, деган ғайри илмий ғоя ҳукмрон эди. Ҳақиқатда бундай қараш менга аспирантлик чоғимдан бошлаб тинчлик бермаган.

Аслида “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китобининг ёзилишига асосий туртки 2006 йилда бошланган. Бир куни икки киши мени йўқлаб кабинетимга кириб келди. Ўша пайтда Республикамизнинг Биринчи Президенти топшириғи эканини айтиб, мавзу билан шуғулланаётган олим сифатида менга тарихий адолатни тиклаш, тарихни ҳаққоний очиб бериш, ўзбеклар келиб чиқиши тарихини асослаб, борича кўрсатиб бериш масаласида суҳбатлашишди. Шу ишни амалга ошириш учун нималар қилиш керак, умуман, шу вазифани уддалаш мумкинми, деган саволларни беришди. Мен уларга мавжуд муаммоларнинг борини айтдим. Ўзимни қийнаётган саволлар, масала ва муаммоларни рўйи-рост гапирдим. Орадан 4-5 кун ўтиб улар яна келишди. “Президент сизнинг ғояларингизни маъқуллади. Сизга барча шароитларни яратиб бериш ва китоб ёзилиши, чоп этилиши ҳамда тарқатилиши билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал этишни тегишли кишиларга топширди”, деб айтишди. Мен дарҳол ишга киришдим ҳамда дастлаб “Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи” китобим 2007 йилда дунё юзини кўрди.

Сўнг маълумотларни тўплашда давом этдим. Орада не-не қийинчиликлар, қаршиликлар, оғир кунлар бўлди. Мавзуни давом эттириб, янги-янги манбалар топиб, уларга асосланиб, китобни яна тўлдириб боравердим. 2015 йил арафасида китобни катта олимларга, сафдошларимга, мутахассисларга ўқитдим. Ҳаммага ёқди, ижобий фикрлар билдиришди, аммо нашрга рухсат беришмади. Бу аслида биринчи раҳбарнинг топшириғи билан битилган китобнинг давоми, десамда фойдаси бўлмади. Китоб грант доирасида нашр этиладиган бўлгани учун муддатига 1 кун қолганда қийинчиликлар билан ўша пайтдаги молия вазири қабулида бўлдим. Бир кун кеч қолсам, маблағ куйиб кетарди, ғазначилик пулни ўтказмас эди. Вазирга тушунтирдим. Ниҳоят, пул ўтказилди. Улкан ва катта машаққатлар билан бўлса-да, “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китоби нашр этилди. Қийинчилик ва қаршиликлар шу билан тугамади. Арзимаган важлар билан китобни сотишга, тарқатишга монеликлар авж олди. Иложсиз, ўқув юртларига, изланувчиларга, тадқиқотчиларга китобни ўзимиз бепул тарқатдик. Орадан бирмунча вақт ўтиб, нуфузли комиссия тузилди ва комиссия китоб кенг оммага тавсия этилсин, деган хулоса берди. Шу зайл китоб бир неча бор чоп этилди.

Бир мунча вақт аввал китобни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ҳам совға қилдим. Жуда хурсанд бўлди, мени табриклади, раҳмат айтди. Суҳбатдан янги ғоялар олдим, янги режалар пайдо бўлди. Нокамтарлик бўлса ҳам айтаман, жорий йилда унинг учинчи нашри 5 минг нусҳада чоп этилиб, китобхонларга тарқатилмоқда.

– Ўзбеклар этногенези мураккаб ва баҳсталаб мавзу. Ўзбекларнинг келиб чиқишига оид сиз илгари сураётган ғоя аввалги назариялардан нимаси билан фарқ қилади?

– Қадимдан давом этиб келаётган этносиёсий вазиятга кўра, Марказий Осиёда икки тилли этник уруғ жамоалари, қабила ва элатлар истиқомат қилган. Улар микроҳудудий жиҳатдан алоҳида, ёнма-ён, кўп ҳолларда аралашиб яшаганлар. Улар ўртасидаги иқтисодий, маданий ва этник алоқалар узоқ давом этган тарихий жараёнлар бўлиб, муайян ҳудудлар доирасида, ўзаро қоришиб, янги этник бирликларнинг вужудга келишига, янги этносларнинг шаклланишига олиб келган. Ана шундай этногенетик жараёнларнинг этник ҳосиласини, айниқса, ўзбек ва тожик халқлари мисолида кўриш мумкин. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам эроний ва туркий этник бирликларнинг муайян нисбатда, узоқ асрлар давомида қоришуви асосида таркиб топган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам икки этник илдизли Ўрта Осиёнинг туб жойли автохтон аҳолиси ҳисобланади.

Юқорида таъкидлаганимдек, ўзбек халқининг этногенези муаммосида унинг археологик манбалар билан боғлиқ икки масаладаги кузатувларим менга тинчлик бермай келар эди. Улардан бири Марказий Осиё бронза даври дашт қабилаларига тегишли археологик ёдгорликларнинг ашёларидаги айнан ўхшашликлар бўлса, иккинчиси ўша давр одамларининг антропологик типидаги айнан бир хиллик эди. Чунки шўролар даврида лингивистик фаразлар асосида яратилган концепцияга кўра, Ўрта Осиё, ҳатто Евроосиё даштларининг бронза даври чорвадор аҳолиси қадимги эроний тилларда сўзлашган, уларнинг Тоғли Олтой ҳудудида истиқомат қилувчи қисмигина туркий тилли эди, деган қараш тарихшуносликда устуворлик касб этган. Бошқача айтганда, нега бир хил моддий маданият ва бир хил антропологик типли аҳолининг Тоғли Олтой зонасида яшаганлари туркийда, қолганлари эса эроний тилда сўзлашган, деган фараз жумбоқлигича қолиб келмоқда эди.

Кейинги йилларда қадимги Хитой ёзма манбаларининг аслияти асосида олиб борилган изланишлар туфайли Евроосиё даштларининг сўнгги энеолит ва бронза даври чорвадор қабилалари – хулар, дилар, ўғиз, тиек, хунну каби прототурк уруғ жамоалари бўлганлиги ҳақида янги маълумотлар олинди. Бунга кўра, у прототурк уруғ жамоаларининг археологик маданиятларда акс этган муқобиллари Евроосиё даштларининг чорвадор сруб-андроново қабилалари бўлиб, уларнинг моддий маданият излари милоддан аввалги II минг йилликнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиё ҳудудларида кенг тарқалган. Бу жараён археологик адабиётларда орийларнинг жанубга миграцияси билан узвий боғланиб келинади.

Шундай қилиб, юқорида келтирилган археологик материаллар ва уларнинг қадимги Хитой ёзма манбалари билан қиёсий локализациялаш асосида шундай фаразни ўртага ташлаш, Евроосиё даштларининг энеолит ва бронза даври қабилалари ҳамда улар билан келиб чиқиш илдизлари бир бўлган Қадимги Хоразмнинг Тозабоғёб ва Қадимги Фарғонанинг Қайроққум маданиятлари, Ўзбекистоннинг қолган барча ҳудудларидан топиб ўрганилган Андронова маданиятининг Фёдоров босқичи аҳолиси прототуркий тилли бўлишган. Демак, икки тиллилик минтақамиз қадимги аҳолиси учун характерли бўлиб, ўзбек халқининг ҳар икки тарихий илдизи автохтон асосга эга.

Ватанимиз тарихига чуқурроқ кириб борадиган бўлсак, ўзбек халқининг энг қадимги аждоди 1988 йилда Фарғона водийсининг Селунгур ғоридан топилган ашель даври одамларининг суяк қолдиқлари бўлиб, улар 35-40 ёшлардаги эркак, 40 ёшлардаги аёл ва 10 ёшлардаги болага тегишли бўлган. Улар, антрополог олимларнинг хулосаларига кўра, одамзоднинг илк аждоди, яъни архантроплардан палеоантропларга ўтиш даври одами билан характерланади. Ундан кейинги босқич одами аждодининг скелети (мустье даври) 1938 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун тоғининг Тешиктош ғоридан топилган. Тешиктош одамининг суяк қолдиқлари Селунгур одамига нисбатан анча ёш бўлиб, у неандерталлар даври одами типига киради.

1972-1974 йилларда Хоразм археологик экспедицияси томонидан қуйи Амударёнинг Сариқамиш дельтаси ҳудудидан, Тумек-Кичижик қабристонидан неолит даврига оид 30 га яқин қабр очиб ўрганилган. Антрополог Т.Трофимованинг таъкидлашича, бу ердан топилган одам бош чаноқлари, бир томондан, Яқин Шарқ антропологик типини (Ўртаер денгизи типини) эслатса, иккинчи томондан, шимолнинг протоевропеоид типининг айнан ўзгинасидир. Бундай мисол ва далилларни яна истаганча келтиришим мумкин.

– Ўз қарашларингизни яна қандай далил ва исботлар билан ҳимоя қилдингиз?

– Юқорида келтирилган археологик ва антропологик материаллар обзоридан маълумки, Ўзбекистон ҳудудларида инсоният ҳаётининг илк босқичларида ҳам одамзод яшаган. Аммо уларнинг ҳеч бирини ҳозирги замон Марказий Осиё аҳолиси этносининг бирортаси билан бевосита боғлаш мумкин эмас. Чунки у кезларда, яъни қадимги, ўрта ва янги тош даврида уларнинг (ҳозирги замон этносларининг) ҳеч бири муайян элат, халқ бўлиб шаклланмаган эди. Минтақамиз, жумладан, Ўзбекистон ҳудуди жуда қадим замонлардан хронологик кетма-кетликда одамзод яшаган макон бўлган. Улар ҳеч қачон изсиз йўқ бўлиб кетмаган, уларнинг энеолит ва бронза давригача етиб келган авлодлари Саразм, Сополли маданиятлари аҳолиси мисолида, тарих тақозосига кўра, қадимги сўғдий, боҳтарий, хоразмий тил лаҳжаларида, Тозабоғёб, Қайроққум маданиятлари аҳолиси мисолида эса прототуркийда сўзлашганлар.

– Демак, аввалги назарияларга қарши бемалол айтиш мумкинки, ўзбек халқи “келгинди” ёки “кўчманчи” эмас?

– Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларининг табиий-географик шароити, экологик имкониятлари қадимги тош давридан бошлаб аждодлар эътиборини ўзига тортган. Ашель даврида яшаган фергантроплар, мустье даврининг неандерталлари яшаб ўтган бу ўлка мезолит, айниқса, неолит даврига келганда жаҳон цивилизация марказларининг бирига айланишига асос берган. Бу бепоён замин бағрида неолит даврида икки маданий-хўжалик ва икки тилли автохтон уруғ жамоалари муштарак шаклланади. Минтақанинг шимолий ҳудудлар аҳолиси генетик жиҳатдан Евроосиё этномаданий дунёси (протоевропеоид, прототурк) билан боғлиқ бўлса, унинг жанубий ҳудудлари аҳолиси иқтисодий-хўжалик ва тил жиҳатидан (Шарқий Ўртаер денгизи типи ва эроний тиллар оиласи) Яқин ва Ўрта Шарқ минтақалари билан боғлиқ эди.

Китоб нима учун орадан бир неча йил ўтиб рус тилига таржима қилинди? Яна қайси тилларга таржима устида иш олиб бориляпти?

– Китобни рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилиш бўйича жуда кўп таклифлар бўлди. Аммо таржима – меҳнат, демак пул туради. Ҳомий, яъни маблағ масаласи катта муаммо бўлиб юзага чиқди. “Қишлоққурилишбанк” сиймосида ҳомий ҳам топдим. Лекин у ажратган маблағ нашр учун анча камлик қилар эди. 2016 йили нашриётдан қўнғироқ қилишиб, менга китобнинг ўзбек тилидаги нашри учун анчагина қалам ҳақи чиққанини айтишди. Бу хабар қалбимга илиқлик киритди ва уни китобнинг рус тилидаги нашрига сарфлашни режалаштирдим. Орада Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни академиклар билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбат қуриб, ҳар биримизга рағбатлантирувчи пул мукофотларини берди. Ҳомий ёрдами, ана шу мукофот ва шахсий маблағларимни китобнинг таржима ишларига ва нашрига жалб қилдим. Чунки бу халқимнинг маънавияти учун, янги ғояларимни кенгроқ ёйилишига керак эди.

Яқинда Хитойда бўлиб ўтган йирик халқаро илмий конференцияда иштирок этиб, китобдан бир нечта нусхасини хитойлик олимларга совға қилдим, улар асаримга қизиқиб қолишди. Турли қадимги ёзма манбалар ва бирламчи археологик топилмаларга, айниқса, янги ғояларимни қадимги хитой ёзма манбаларига асосланиб ёзганим учун китобни ўз тилларига таржима қилиш истагини билдирдилар. Келишувга ҳам эришдик. “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” асарим хитой тилида ҳам нашр этилади.

Ҳозир инглиз ва Европанинг бошқа тилларига таржима қилишга жазм қила оладиган, ўзига ишонган мутахассис-таржимонларни излаяпмиз. Чунки китоб илмий асар. Қисқартмалар, топонимларнинг илмий исботланган изоҳлари, мураккаб тарихий, илмий ва соҳага оид атамалар жуда кўп. Унинг таржимаси ҳам шунга яраша мураккаб, заҳматли меҳнат талаб қиладиган жараён. Хуллас, талабга ва вазиятга қараб бошқа тилларга таржима қилиш ниятларимиз йўқ эмас.

   Мутахассислар асарга юқори баҳо беришди. Ушбу монография ўзбек халқи тарихини янада бойитишда илмий асос бўлиб хизмат қилишини, китоб сўнгги йилларда Ўзбекистон тарихи бўйича яратилган энг яхши асарлар қаторидан ўрин олишини таъкидлашди. У илмий тадқиқот институтлари илмий ходимлари, этнография, тилшунослик, Ўзбекистон тарихини ўрганаётган талабалар ва профессор-ўқитувчилар, хуллос, ўзбек халқи этник тарихига қизиқувчилар учун тавсия этилган.

“Янги Ўзбекистон” мухбири
Нодир Маҳмудов суҳбатлашди.