– Наманган вилоятининг Уйчи туманида туғилиб ўсган оддий қишлоқ аёли бўлганман. Соҳадаги фаолиятимни қишлоқ колхозида ҳисобчи вазифасидан бошлаганман. Кейинчалик деҳқон, фермер сифатида хизмат қилдим. Қишлоқ хўжалигидаги 29 йиллик меҳнатимдан бугун чин маънода фахрланаман.
13 йил олдин «Уйчи Обод Замин» фермер хўжалигида раҳбарликка киришганимда катта тажрибага эга эмасдим. Ўшанда 120 гектар ер майдонида ғалла, пахта экиб, баъзан режадан анча кам ҳосил олган вақтларим бўлган. Йиллар давомида турли машаққатларни енгиб ўтиб, ҳозирда оилавий бошқараётган кўп тармоқли фермер хўжалигимиздан яхши даромад оляпмиз.
Мана, уч-тўрт йилдирки, мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланиб келинмоқда. Бу йилги байрам арафасида «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирландим. Куни кеча кўксимга тақилган нишон юксак ишонч рамзидир. Доим уни оқлашга, одамларимиз учун фидойи хизмат қилишга астойдил бел боғлайман. Мазкур мукофот алоҳида масъулият талаб этади. У нафақат меники, балки бир неча йиллардан бери камина билан елкама-елка жавлон ураётган фермер хўжалигимиз жонкуяр ишчи-ходимларининг қўшган улкан ҳиссаси деб биламан.
Илоҳим, ҳамиша юзимиз ёзимиз ёруғ, ҳосилимиз мўл, халқимиз фаровон бўлсин!
Барно МИРЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг аграр ва сув
хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.