Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолат юзасидан билдирилган расмий муносабатида маълум қилди.

2025 йил 16 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Оҳангарон туманида вояга етмаган қизга нисбатан номақбул ҳаракатлар содир этилгани ҳақида тарқалган хабар жамоатчиликда катта резонанс уйғотди. Ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолатни ўз назоратига олганини маълум қилди. Вояга етмаган жабрланувчи қизнинг ҳуқуқлари, психологик ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Ҳолат бўйича кейс очилган, жабрланувчи вояга етмаган қиз бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилган. Айни пайтда психолог томонидан дастлабки суҳбат ўтказилмоқда.

Маълумот учун: Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг Марказий тергов ҳибсхонаси тартибот бўлими сафдори Ш.О. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.