Юқоричирчиқда янги  кўприк

 Юқоричирчиқ туманининг Қизилсой маҳалласида узунлиги 96, кенглиги 13 метрли янги кўприк ишга туширилиши нафақат маҳалла, балки туман аҳли учун ҳам қувончли воқеа бўлди.

Кўприкнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиши керак бўлган бундай кўприклар мамлакатимиздаги изчил ислоҳотларнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.

Туманда аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш мақсадида 7 та маҳаллада 19,2 километр ички йўлга асфальт ётқизилди. Нурафшон маҳалласидаги 1,4 километр ички йўл таъмирланди.

Энг асосийси, маҳалла бўйлаб жамоат транспорти ҳаракати йўлга қўйилди. Тумандаги Нурли замин маҳалласида жойлашган 1-маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ишга тушиши ҳам алоҳида бир янгилик бўлди. Энди у “Нурли замин”, “Саховат”, “Янгиҳаёт”, “Жалолтепа”, Аҳмад Яссавий ва “Қизилсой” маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳам  хизмат кўрсатади.

Оҳангаронда янги завод ишга тушди

Бугун Оҳангарон туманига катта ҳажмда хорижий инвестиция жалб этилаётгани ҳудуд экспорт салоҳияти янада юксалишига хизмат қилмоқда. 

Яқинда туманда “Toshkent conch cement” МЧЖ томонидан клинкер цемент ишлаб чиқарувчи янги йирик завод ишга туширилди. Ушбу воқеани Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги дўстона алоқалар, икки давлат раҳбарларининг ўзаро учрашувларидаги музокараларнинг амалдаги самараси сифатида эътироф этиш мумкин.

2019 йил 22 октябрда корхона билан туман ҳокимлиги келишуви асосида янги завод қурилиши учун 34,2 гектар, махсус карьер учун эса 183,3 гектар ер ажратилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 320 миллион АҚШ долларига тенг. Маҳсулотининг 30 фоизи экспортга мўлжалланган завод кунига 6300 тонна клинкер цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. У ишга тушиши билан 300 та янги иш ўрни яратилди.

Хорижий ҳамкор Хитойнинг “Аnhui Conch Group Co.Ltd” компанияси бўлиб, унинг дунё бўйлаб 500 дан ортиқ шўъба корхонаси мавжуд.

 — Янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, халқимизнинг том маънодаги замонавий тарихини барпо этиш йўлида улкан марралар олинди, — дейди  Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Абдуллаев. — Натижада инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, саноатга юқори технологияларни жорий этиш, қулай инвестициявий муҳит яратиш йўлида янги-янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.  Бу завод бугун туманда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин  намунасидир.

 Оҳангарон Тошкент вилоятининг саноати ривожланган туманларидан. Ҳудуддаги янги саноат лойиҳаларига хорижлик инвесторларнинг қизиқиши тобора ортиб бораётир. Хитойлик тадбиркорлар бу борада алоҳида фаоллик кўрсатмоқда.

Чирчиқда  8 та корхона иш бошлайди

Президентимиз  шу йил август ойи бошида Тошкент вилоятига ташрифи чоғида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида ҳам бўлди. Татаристон Республикаси билан ҳамкорликда фаолият юритаётган  мазкур технопарк ўтган йилнинг март ойида очилганди.

Технопаркнинг умумий майдони 35,1 гектар бўлиб, биринчи босқичда 14 та корхона фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Учта майдонга бўлинган мазкур технопаркда қурилиш-монтаж ишлари босқичма-босқич объектлар кесимида ташкил этилган.  Бугунги кунгача 10,2 миллион долларлик 5 та лойиҳа ишга туширилди.  

— “Родиум полимер” масъулияти чекланган жамияти технопаркда ташкил этилган корхоналардан бири бўлиб, бу ерда кўпиклантирилган полипропилен ишлаб чиқарилади, — дейди “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки директори Жаҳонгир Абдураҳмонов. — Лойиҳа қиймати 3,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Корхонада йилига икки  минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади ва икки миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Шу йил якунига қадар қиймати 18,5 миллион доллар бўлган яна 8 та лойиҳа ишга туширилади ва 61,8 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Ушбу саъй-ҳаракатлар ҳудудда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, минерал хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорга рақобатбардош маҳсулотлар етказиб беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ангрен: тўйга тўёна билан...

“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида “Eden-pupe production group” МЧЖ  корхонаси фойдаланишга топширилиши мустақиллик байрамига муносиб совға бўлди. Янги корхона ичимлик сув ва оқова тармоқларида кенг фойдаланиладиган қувурлар тайёрлайди.

Энг асосийси, Ангрен шаҳри ва Оҳангарон туманида “Ёшлар дафтари”га  киритилган ёшларнинг бандлиги таъминланиб, 50 та янги иш ўрни яратилди.

Ушбу саноат зонасида яна 42 та лойиҳа бўйича иш олиб борилмоқда ва 5 мингдан зиёд иш ўрни очилиши арафасида. Истиқлолимизнинг ўттиз икки йиллик санаси муносабати билан бу каби ташаббуслар ҳудуд аҳолисига катта совға бўлмоқда.  

Бекободда янги инвестиция ўзлаштирилмоқда

Жорий йилда Бекобод туманида 10 миллион долларлик хорижий инвестиция ўзлаштириш белгиланган бўлиб, январь-июнь ойларида шунинг 5,6 миллион доллари ўзлаштирилди.

Яқиндагина Бекобод шаҳри кичик саноат зонасида хитойликлар билан ҳамкорликда “Шенгли стелл” қўшма корхонаси фойдаланишга топширилди. “Темир чиқиндиларини қайта ишлаш” лойиҳаси учун 5 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, 100 га яқин одам ишли бўлди. 

Пскентда Фарғона тажрибаси

Тошкент вилояти ҳудудларининг ички имкониятлари ва иқлим шароитидан келиб чиқиб янги боғлар барпо этиш, ток навларини янгилаш ва сара навлар яратиш мақсадида олтиариқлик миришкор боғбонларнинг илғор тажрибаси татбиқ этилмоқда.

 Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, Пскент туманида 390 гектар ер узумчиликка ихтисослаштирилади. Унинг 20 гектарида агротуризм имкониятлари қўлланилиб, 40 та янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, узумчиликда 370 гектарда кооперация усулида иш ташкил қилинади ва 740 киши иш билан таъминланади. Бунинг эвазига 5 минг 920 тонна ҳосил олиниб, унинг 3 минг 600 тоннаси виночиликка, 2 минг 320 тонна қайта ишлашга  йўналтирилади.

Жумладан, янги боғларда дастлабки 3 йилда оралиқ экин сифатида пиёз, саримсоқпиёз, сабзи ва бодринг етиштирилади. Яқиндагина Фарғонанинг Олтиариқ, Қўштепа туманларидан келган боғбон ва агрономлар ўзлари етиштирган мевалар, бой тажрибасини Тошкент вилояти боғбонлари  билан ўртоқлашди ва ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар бўйича келишиб олди. 

Бўка ишсизликдан холи ҳудуд бўлади

Жорий йил 2 август куни давлатимиз раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жойларда солиқ базасини кенгайтириш учун мавжуд имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Бўка туманидаги ишлаб чиқариш тармоқларини янада ривожлантириш борасида керакли тавсиялар берилди. Бундан кўзланган мақсад  туман бюджетига қўшимча 30 миллиард сўм тушумни таъминлашдир. Бу эса ҳудудда  йиллик тушумни кўпайтириш ва бандлик масаласи ҳал бўлишига, туман “ишсизликдан холи ҳудуд”га айланишига имкон беради.

Шуни эътиборга олган ҳолда туман маҳаллаларида солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича махсус штаб иш бошлади. Унга Солиқ бошқармаси, Савдо-саноат палатаси, Кадастр ва Давлат активларини бошқариш агентликлари, Марказий банк ҳамда бошқа давлат идораларининг вилоят ва туман тузилмаларидан малакали мутахассислар жалб қилинган. Улар тумандаги 44 маҳалла ва уларда фаолият юритаётган 2776 тадбиркорлик субъектини хатловдан ўтказди.

Ўрганишлар натижа берди. Умумий майдони 111573 минг квадрат метр бўлган 240 та бўш турган бино ва 190,6 гектар бўш ер майдони борлиги аниқланди. Жойларда паст қувватда ишлаётган 444 та корхона фаолияти ўрганилди.

Шу билан бирга, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритиладиган ўттиздан зиёд салоҳиятли тадбиркор борлиги аниқланди. Янги лойиҳа доирасида тумандаги 25 минг 651 та хонадон хатловдан ўтказилиб, аҳолига кредит, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ер майдони ажратиш режалаштирилган. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида  8 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.  

Кўнгилларга кўчаётган байрам

Дарҳақиқат, бу йил халқимиз истиқлолнинг муборак санасини Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очилган даврда кутиб олмоқда. Улар­нинг руҳияти, келажакка ишон­чи, ғайрат ва шижоати ҳам мутлақо ўзгача. Тараққиётнинг янги тўлқинидан куч олган  янги Ўзбекистон халқи буюк келажагини ўз қўли билан қуришга қодир эканини ҳаёт­да ўз сўзи ва меҳнатлари билан  исботлаб турибди!

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири