Янги Ўзбекистоннинг олий ижтимоий мақсади мамлакатимизнинг Бош қомуси бўлган Конституциямизда акс этган моҳиятан эзгу ва инсонпарвар мазмунни ҳаётга жорий этишда, айниқса, ёрқин, намоён бўлмоқда. Бу улуғ ҳаракат, энг аввало, одамларнинг яратувчанлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, инсон капитали имкониятларидан самарали фойдаланишга ўтишдан иборат фаолиятда ёрқин ифодасини топмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг туб моҳияти турмуш тарзимизнинг барча жабҳаларини тубдан яхшилаш, инсонлар ҳаётининг бугуни ва эртасини обод этишдан иборат. Бу янги инсонпарвар сиёсат мамлакатимизнинг барча аҳолисини, хусусан, жамиятимизнинг энг эҳтиёжманд, кўмакка муҳтож қатламлари вакилларига ҳам муносиб турмуш шароитлари яратиб бериш, озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаб бериш тартибини амалиётга жорий этишда намоён бўлмоқда.

Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ана шу кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлиги, энг аввало, фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини теран англашлари, ҳуқуқий маданият кўникмаларига эга бўлишлари билан боғлиқ. Бунинг учун мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий стратегияни яратишга киришилгани ва бу борада бой амалиёт қўлга киритилганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жадал амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти ва ижтимоий кўламини теран англаш учун яқин ўтмишимизда халқимиз бошидан ўтказган давр воқеаларини ҳам қиёслаб туришимиз зарур. 130 йиллик истибдод даврида халқимизнинг ғурури, шаъни, қадриятларига, тарихий хотирасига қаттиқ зиён келтирилди. Одамларнинг киндик қони тўкилган ўз Ватанига бўлган муҳаббати, садоқати ва эътиқоди таъқиб этилди. Боз устига, инсонлараро муносабатларда жипслилик, аҳиллик, айниқса, меҳр ришталарининг мустаҳкам бўлишига эътибор суст бўлди.

Одамларда, айниқса, раҳбар ва орбў-эътиборли шахсларда давлатдан ялпи қўрқув ҳисси кучайтирилди. Бу эса Ватанга бўлган меҳр ва эътиқодий боғланишни кучайтириш эмас, балки уларда ватанпарварлик туйғулари сусайишига, юз бераётган бунёдкорлик ишларига бефарқлик, лоқайдликнинг кучайишига олиб келди. Бефарқлик ва лоқайдлик одамларда янгиликларга интилиш, бошқалардан ўрганиш ва ўзи билганини бошқаларга ўргатиш ҳаракатини сусайтирди.

Бозор иқтисодиётининг рақобатталаб табиати ва одамларда ўзиниўзи иқтисодий ҳимоялашни кучайтириб, муайян даражада улардаги индивидуализм, эгоизм хусусиятларининг илдиз отишига олиб келди.

Ўзбекистон Конституцияси нафақат иқтисодий маконни тизимли тартибга тушириш, янгилаш ва ривожлантириш, балки турли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий омиллар таъсирида жиддий зиён кўрган маънавий дунёмизни ҳам тубдан янгилаш ва юксалтиришни назарда тутади.

Ҳозирги даврдаги жадал тараққиёт тенденциялари мамлакатимизни индустриал ривожлантиришда шахс салоҳияти, маънавий–интеллектуал омил ривожига устувор аҳамият қаратишни долзарб масалага айлантирди. Ватанимизнинг барқарор тараққиёти учун мавжуд интеллектуал салоҳиятни самарали ишга солиш, мутахассисларнинг ўз фаолиятига онгли ёндашувини шакллантириш, уларнинг шахсий масъулият ва ташаббускорлик фазилатларини кучайтириш катта аҳамиятга эга.

Инсоннинг шахсий масъулият, ташаббускорлик ҳамда фидоийлик фазилатлари эса Ватанни чин дилдан севишдан, ватанпарварликдан куч олади, деб алоҳида қайд этадилар. Ватанпарварлик тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучидир. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳар қандай давлат маънавий сиёсатининг асосини ватанпарварлик тарбияси ташкил этади”. Бу эса одамларни ўз маънавий бисотлари, интеллектуал мулкларини нечоғли ўзлаштиришлари, китоб мутолаасига нечоғлик киришишлари билан ўлчанади. Шу боисдан Президент Ш.Мирзиёев китоб мутолаасини ривожлантириш масаласини давлатимизнинг устувор сиёсати даражасига олиб чиқди.

Ўзбекистон Конституцияси давлат ва жамият тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ватанпарварлик омилига мустаҳкам таяниб амал қилади. Ватанни севиш ўз оиласи, маҳалласи, касби, ҳудуди ва Ўзбекистонни қадрлашда намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизда аҳил жамият, дўстлик ва муҳаббат муҳитини барпо этади. Инсонлараро ички боғлиқлик, меҳр ришталари мустаҳкам боғланади. Ҳалоллик, айниқса, ҳар бир ишда тўғриликни бош қадрият деб билиш, уни иймон даражасида эъзозлаш ҳар бир инсоннинг эътиқодига, ҳаёт маслагига айланади.

Беҳруз Шамсутдинов

Тошкент давлат юридик университети

Жиноят-процессуал ҳуқуқи

кафедраси ўқитувчиси

 

Бахрам Худайбергенов

Тошкент давлат юридик университети

Жиноят-процессуал ҳуқуқи

кафедраси ўқитувчиси