Шунинг учун инсон табиат қонунларига бўйсуниб яшашга мажбур. Жамият қонунларини  инсоннинг ўзи ўз ақли билан яратган, зарурат туғилганда уларни ўзгартира олади, эскирганини бекор қилиб, янгисини ярата беради. Инсонлар яратган қонунлар тўпламининг гултожиси ­– бу Конституциялардир. Лекин узоқ йиллар, балки асрлар давомида қатъий риоя қилиб келинган Конституциялар ҳам ўзгаради, айрим моддалари бекор қилинади, уларга қўшимча ва ўзгартишлар киритилади.

Умуман жамият қонунларининг, жумладан, конституцияларнинг ўзгаришига жамият тараққиёти сабаб бўлади. Айрим қонунлар маънавий жиҳатдан эскириб қолса, бошқа айрим қонунлар жамият тараққиётига зид келиб қолиши ҳам мумкин. Инсоний жамият шундай тирик вужудки, ўзига мос ва муносиб қонунларни ярата боради, қонунларда жамият тараққиётининг мезон ва даражалари ифодаланади. Қонунларда жамият тараққиёти аниқ ифодасини топиши керак.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакатимизнинг асосий қонуни бўлиб, унда жамиятнинг барқарор ривожланиши учун асос бўладиган ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу қонун, нафақат давлат ва жамият ҳаётини тартибга солувчи ҳужжат, балки халқимизнинг
маънавий-ахлоқий қадриятларини ҳам акс эттирувчи муҳим ҳужжатдир.

Мамлакат Конституцияси асосий қонун сифатида юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳаёти, тақдири, келажаги билан бевосита чамбарчас боғлиқ ўта муҳим ҳужжат саналади. Бошқа ҳар қандай қонун, норматив-ҳуқуқий ҳужжат, амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсат, олиб борилаётган ислоҳотлар мана шу ҳужжат мақсад-муддаоси, руҳига мос бўлиши, фақат ва фақат шу ҳужжатда белгилаб қўйилган эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоғи даркор. Бошқача айтганда, Конституция шундай кенг қамровли ҳужжат – халқ тақдирига оид дастурки, унда дунёда ягона Ўзбекистон Республикаси деган давлат ва унинг халқи ҳаётининг истисносиз барча қирралари умумий яхлитликда қамраб олинган. 

Конституциядаги маънавий қадриятларнинг аҳамияти шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини юксак даражада ҳимоя қиладиган ҳужжат сифатида маънавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Жумладан, Конституциянинг 2-моддасида давлат халқ манфаатларига хизмат қилиши лозимлиги таъкидланган. Бу модда халқнинг маънавий эҳтиёжлари ва қадриятлари ҳам давлат сиёсатида муҳим ўрин тутишини англатади.

 Шунингдек, Конституциянинг 35-моддасида ҳар бир шахсга виждон эркинлиги кафолатланган. Бу модда миллатимизга хос диний бағрикенглик, маънавий меъёрларга ҳурмат ва турли эътиқодларнинг эркинлигига асосланади.

Маънавий тарбияга оид асосий принциплар мисолида Конституцияда таълим-тарбия ва ёшлар сиёсатини тартибга солувчи қоидалар ҳам мавжуд. Хусусан, 50-моддада таъкидланганидек, ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга. Бунда маънавий тарбиянинг муҳимлиги кўзда тутилган бўлиб, ёшларни юксак ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланади.

Шунингдек, Конституциянинг 78-моддасида давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши кафолатланган. Бу орқали халқимизнинг бой маънавий меросини асраш ва авлодларга етказиш давлатнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Миллий маданият ва қадриятларнинг ривожланиши борасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси миллий маданият ва маънавий қадриятларни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратади. Давлат маданий объектларни ҳимоя қилиш, фуқароларни миллий маданият билан таништириш ҳамда унинг халқаро миқёсда танилишига кўмаклашиш борасида аниқ вазифаларни бажаради.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқнинг маънавий қадриятлари, миллий ўзлигини сақлаш ва ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Унда белгиланган меъёрлар миллатнинг маънавий юксалиши, ёшлар тарбияси ва маданият ривожи учун замин яратади. Конституция маънавий қадриятларнинг муҳофазаси ва уларни авлодларга етказишда муҳим ҳужжатдир. Асосий Қонунимизнинг амалда бўлиши билан, Ўзбекистоннинг маънавий мероси асраб-авайланиб, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини топишига хизмат қилмоқда.

Гулнора Носирходжаева,

ТДЮУ Умумтаълим фанлар ва маданият

кафедраси мудири, ф.ф.н., проф.