Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Барқарор ривожланиш маркази томонидан офлайн ва онлайн форматда ўтаётган тадбирда  депутатлар, давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, академик ҳамжамият, хорижий ва халқаро экспертлар иштирок этмоқда.

Тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад конституциявий қонун лойиҳаси бўйича бўлиб ўтган умумхалқ ва халқаро муҳокамаларнинг дастлабки натижалари таҳлил этиш, бу жараёнда  кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар хусусида фикрлашишдир.

Форум иштирокчилари томонидан Конституциявий комиссия ўз фаолиятини очиқлик ва ошкоралик тамойилларига таяниб олиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, конституциявий ислоҳотларга  илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар, маҳаллалар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, соҳа экспертлари кенг жалб этилмоқда. Бу йўналишда хорижий давлатларнинг тажрибаси чуқур ўрганилди.

Тадбир давомида Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли конституциявий  ислоҳотларнинг асл мақсади – халқ иродаси, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва пировардида, инсон қадрини улуғлаш, унинг оғирини енгил қилиш, ҳаётини яхшилаш, ижтимоий адолат тамойилини ҳаётга татбиқ этиш эканлигига алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Янгиланаётган Конституциямизнинг асосий муаллифи ва ижодкори том маънода Ўзбекистон халқи, унинг илҳомлантирувчиси шахсан Давлатимиз раҳбари эканлиги алоҳида эътироф этилди. 

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказилган умумхалқ муҳокамасида колл-марказ, фуқароларнинг бевосита қабули орқали, “Meningkonstitutsiyam.uz” платформаси, анъанавий мурожаатлари ҳамда жамоалар томонидан жами 150 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Бу 1992 йилдаги умумхалқ муҳокамасига қараганда 25 баробардан юқоридир. Ушбу таклифларнинг 56 фоизи эркаклар, 40 фоизи аёллар томонидан, 4 фоизи  аноним тарзда билдирилган. Унда хориждаги ватандошлар томонидан юборилган таклифлар ҳам инобатга олинган ва илмий ҳамжамият иштирокида атрофлича муҳокама қилини, Конституциявий комиссияга тақдим этилган.

Тадбир иштирокчиларининг таъкидлашича, жойлардаги учрашувларда фуқаролар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, ташаббус ва таклифлар таҳлили  халқимизнинг Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларга бефарқ эмаслиги, балки ислоҳотларнинг, ҳусусан конституциявий ислоҳотларнинг фаол  иштирокчисига айланаётганини кўрсатмоқда. Зеро, янгилинаётган Конституция – халқимизнинг орзусидаги ижтимоий ва адолатли Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс асосини яратишнинг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. 

Табирда кейинги даврда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ҳуқуқшунос олимлар, академик ҳамжамият, “ақл марказлари” мазкур жараёнда фаол иштирок этаётганига урғу берилди. Ушбу институтлар Конституциявий комиссия фаолиятига ҳам яқиндан кўмак кўрсатди. Хусусан, БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕИ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида қабул қилинган 400 дан ортиқ халқаро ва минтақавий конвенциялар, декларациялар, резолюциялар ҳамда конституциявий ривожланиш борасидаги халқаро тажриба ўрганиб чиқилди.. 195дан зиёд мамлакатлар конституциялари, конституциявий ислоҳотлари тизимли равишда таҳлил этилди.

Халқаро анжуманда мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба Конституциявий қонун лойиҳаси жамоатчилик, гендер, бола ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари, аксилкоррупция, лингвистик ва бошқа экспертизалардан ўтказилгани  таъкидланди.  Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Конституциявий қонун лойиҳасига расмий изоҳи ва таклифлари олинди.

Конституциявий қонун лойиҳасини аҳолига кенг таништириш, оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқларда ҳар бир модда бўйича кенг жамоат муҳокамасини ташкиллаштириш, фуқаролар фикрини ўрганиш, бу борада аҳоли турли қатламлари ва Конституциявий комиссия ўртасида мустаҳкам алоқаларни таъминлашда журналистлар ва блогерлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. 

Тадбир сўнггида халқаро конференция иштирокчилари томонидан якуний ҳужжат қабул қилинишига келишиб олинди.

 Баҳор ХИДИРОВА,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири