Хориждаги консуллик муассасаларида консуллар томонидан нотариат ҳужжатларини талаб даражасида сифатли расмийлаштириш, ушбу йўналишда фуқароларга малакали консуллик маслаҳатларини бериш, шунингдек, фуқароларга кўрсатилаётган консуллик хизматларининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган мазкур семинар очиқ мулоқот, давра суҳбати кўринишида ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Нотариал Палатаси раиси Дилшод Ашуров сўзга чиқиб, фуқароларга консуллик хизматларини кўрсатишга, жумладан, нотариат сохасида кўрсатилаётган хизматларга тегишли қонунчиликдаги ислоҳотлар, янгича ёндошувлар, соҳада замонавий ахборот технологияларини тадбиқ қилган ҳолда иш юритиш ҳақида маъруза қилди.
Ўз ўрнида семинар иштирокчилари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари консул ходимлари томонидан уларни қизиқтирган саволлар берилди, мавжуд муаммолар кўтарилди.

Нотариал палата тарафидан хориждаги дипломатик ваколатхоналаримизга улар томонидан нотариат соҳасида хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди. Нотариал палата томонидан Ўзбекистонда нотариат соҳасида замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда иш юритиш услубини хориждаги консуллик муассасаларига ҳам тадбиқ қилиш, консуллар учун нотариатдаги энг долзарб ҳаракатларни ўз ичига олган “Консул иш китоби” тайёрлаб бериш таклифи берилди.
Семинар якунида Ўзбекистон Республикаси Нотариал Палатаси билан Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти ўртасидаги ҳамкорликни давом эттиришга ва бундай онлайн семинарларни мунтазам ўтказиб туришга келишиб олинди.
- Келгусида чет элда бўлган Ўзбекистон фуқароларига жойларга чиқиб, Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Бепул маслаҳатлар куни” жорий қилиб, ушбу амалиётни Ўзбекистон амалиёти сифатида халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, бу билан фуқароларимизнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва улар учун қулайликлар яратиш таклифи берилди, - дейди Нотариал палата раиси Д.Ашуров.
Айтиш жоизки, Нотариал палата томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва билимларини ошириш ва уларни қизиқтирган саволларга тезкор жавоблар бериш мақсадида “Telegram” мессенжери ҳамда “Facebook” ижтимоий тармоғида Нотариал палатанинг саҳифалари фаолият кўрсатмоқда.