Дастур аввалида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан бир қатор устоз санъаткорлар ва ёш ижодкорлар “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги ҳамда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан устоз-шогирдчилик анъаналарини давом эттириш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, шоир, бастакор ва хонанда ижодий учлигининг ҳамкорлигини ривожлантириш, санъат оламида янги қўшиқлар яратилишини рағбатлантириш борасида доимий равишда иш олиб борилмоқда.

Ҳисобот дастури ана шу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, устоз-шогирд анъаналарини янгича йўналишда акс эттиргани билан аҳамиятга молик бўлди. Яъни мазкур дастурда бир қатор устоз санъаткорлар ўзлари эътироф этган ёш хонандалар ва шогирдлари билан биргаликда саҳнага чиқишди ҳамда рамзий маънода уларнинг келгуси ижодий йўлларига муваффақиятлар тилашди. 

Бундан ташқари, мазкур дастурда йил давомида муассаса томонидан ташкил этилган кастингларда саралаб олинган истеъдодли ёшлар ҳам илк маротаба катта саҳнага чиқишди.