Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи М.Маматхонов ва Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг Ўзбекистондаги «EPS» марказига тайинланган янги директори Квон Тхе Гём щртасида учрашув ўтказилди.

Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг Ўзбекистондаги «EPS» маркази аввалги директори Сонг Санг Жингнинг шартнома бўйича иш муддати тугаб, янги директор тайинланганлиги муносабати билан ташкил этилган учрашувда ўзаро танишув ва келгусидаги ишлар муҳокама қилинди.

Учрашувда Корея Республикасига вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жўнатилаётган фуқаролар сонини янада ошириш масаласи Агентлик бошлиғи томонидан билдирилиб, келгусида пандемия ҳолатининг яхшиланишига қараб жорий йилнинг февраль-март ойларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ва масъул ходимларининг Корея Республикасидаги тегишли ташкилотларга ташрифи уюштирилиши, ушбу мамлакатга Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда кетишини тезлаштириш масалаларини режалаштириш бўйича келишиб олинди.

Бугунги кунда икки мамлакатдаги пандемия шароитига қараб Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга босқичма-босқич кириб бориш масаласи бўйича фикр алмашилиб, бу Агентлик ҳамда Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматидан ташқари юқори ташкилотлар билан келишган ҳолда ечим топиш масалалари бўйича фикр алмашилди, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.

Маълумот ўрнида, Корея Республикасида ишлаш вақтида меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган кўплаб фуқаролар пандемия сабабли мамлакатлар ўртасида авиақатновларнинг вақтинча тўхтатилиши оқибатида иш жойига қайтиб кета олмаётган эди. 2020 йилда ана шундай фуқаролардан 152 нафарига чартер рейси орқали ушбу давлатга учиб кетиши учун кўмаклашилди.