Иккита янги тадқиқот коронавирус пандемияси жониворлар сотиладиган Хитойнинг Ухань шаҳридаги бозорда пайдо бўлганлиги ҳақида қўшимча далиллар келтирди. Унга кўра вирус ёввойи табиатда пайдо бўлган. У Хитой лабораториясидан келиб чиқмаган, деган назария илгари сурилмоқда. 

Science онлайн журналида чоп этилган тадқиқот шуни кўрсатадики, Ҳуанан денгиз маҳсулотлари улгуржи бозори ҳозиргача бутун дунё бўйлаб 6,4 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлган офатнинг дастлабки эпицентри бўлган. Олимлар COVID-19, SARS-CoV-2 ни келтириб чиқарадиган вирус ҳайвонлардан одамларга икки марта ўтган деган хулосага келишди.

«Бу маълумотларнинг барчаси бизга бир нарсани тасдиқлади. Яъни, вирус тўғридан-тўғри Ухань шаҳри марказидаги ушбу бозорга ишора қилади», деди Scripps Research иммунология ва микробиология кафедраси профессори ва тадқиқотлардан бирининг ҳаммуаллифи Кристиан Андерсен.

Кўпгина олимларнинг фикрича, вирус кўршапалаклардан одамларга тўғридан-тўғри ёки бошқа ҳайвон орқали ўтган. Аммо, июнь ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти лабораториядаги бахтсиз ҳодиса сабаб бўлиши мумкинми ёки йўқлигини чуқурроқ текширишни тавсия қилди. Танқидчиларнинг таъкидлашича, ЖССТ бу билан вируснинг лабораториядан сизиб чиқиш назариясини рад этишга шошилган.