Шу йилнинг 3 –8 ноябрь кунлари онлайн тарзда ташкил этилган «InnoWeek.uz – 2020» ҳафталиги ихтиро ва лойиҳаларга бой бўлди. Инновацион ривожланиш вазирлиги шоурумда ташкиллаштирган кўргазмада юртимизда фаолият юритаётган корхона ва ташкилот вакиллари ўз инновацион лойиҳалари билан меҳмонларни лол қолдиришди.

Шундай ихтиролардан бири «Биогенетик» илмий ишлаб чиқариш корхонаси томонидан тайёрланган коронавирусни йўқ қилувчи қурилмадир.

Мазкур корхона директори Олимжон Юсуповнинг айтишича, қурилма вирусни ўлдириш хусусиятига эга бўлиб, бир неча босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган.

— Қурилма уч хил хажмга эга бўлиб, майдон кенглигига қараб танланади, — дейди О.Юсупов. — Қурилма ўзидан тўйинтирилган электронлар чиқаради. Дастлабки синовлар ўтказилганда, ҳаводаги мавжуд зарарли микробларни йўқ қилди. Унинг янги модели устида ишлаб, янада такомиллаштирилгач, коронавирусга ҳам қарши қўллаб кўрилди. Кутганларимиз ижобий натижа берди.  Қурилма ҳаводаги, сиртдаги барча мавжуд вирус ва коронавирусни буткул ўлдирди. Биринчи кўзланган мақсад вирусни зарарсизлантириб, ерга тушириб, кейин ювиб ташлаш эди. Аммо такомиллаштирилган қурилма ундан-да яхши натижа берди, яъни вирусни ҳавода турган ҳолатда ўлдирди.

Қурилмада  хеч қандай дори воситаси ёки вакцина мавжуд эмас. Технологиядаги мавжуд суюқлик вирусларни ўлдириш хусусиятига эга. Инсон организми учун зарарсиз. Бирор мебель, матоли нарсалар бўладими, сиртдаги мавжуд барча вирусни даф қилади. Ускуна 12 вольтли электр энергиясида ёки батареялар ёрдамида ҳам ишлайди.

— Қурилма бир нечта синовдан самарали ўтди. Ҳатто клиник синовлари ҳам ниҳоясига етди. Натижа ижобий. Қурилманинг автомобиллар учун фойдаланиладиган ҳажмдагисини ҳам ишлаб чиқдик. Тез тиббий ёрдам учун фойдаланилаётган «Damas» ва «Honda»да синалди. Яхши натижа берди. Қурилма учун зарур бўлган 12 вольт электр энергияси машина учун муаммо эмас, — деди О.Юсупов.

Ихтирочининг сўзларига кўра, қурилманинг нархи арзон бўлади. Чунки у юртимизда ишлаб чиқарилади ва таркибий қисмлари ҳам мамлакатимизда мавжуд.

Маълум қилинишича, қурилмани ишлаб чиқариш жараёни бошланган.

Азиза АСЛАНОВА,

Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази

матбуот котиби