– Ҳаммасини олдиндан билишнинг имкони йўқ. Антитаначалар мавжудлиги ҳар доим ҳам тўлиқ ҳимояни таъминламайди, чунки нейтралловчи антитаначалар, уларнинг ҳимоя титри ва иммунитетнинг турғунлиги каби тушунчалар ҳам мавжуд.
Битта штамм билан такроран касалланиш ҳолатлари ҳақида ҳозирча дунёда, ҳеч қаерда маълумот эълон қилинмади. Бу, ўз навбатида, ушбу вирусга қарши иммунитет ишлашидан далолат беради. Аммо антитаначаларнинг касалланиб тузалган кишини аниқ ҳимоя қилиш қобилияти, коллектив иммунитет ривожланиши каби ҳодисалар ҳозирча ўрганиш ва илмий тасдиқланиш босқичида.
Тадқиқотлар натижаларига кўра, коронавирус (SARS CoV-2) тузилиши бўйича олдинги штаммга (SARS CoV) 85% ўхшайди. Бу — антитаначалар киши касалланган пайтдан бошлаб камида 16 ойгача сақланиб туриши мумкинлиги ҳақида тахмин қилишга асос бўлади.
Касалликнинг енгил ва аломатсиз шакллари бундан мустасно, уларда антитаначаларнинг сақланиш давомийлиги ҳозирги кунда дунё олимлари томонидан ўрганилмоқда.