Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат инспекциясининг Паркент тумани бўлими ходимлари томонидан суриштирув ишлари амалга оширилди ҳамда хабарда зикр этилган овчидан ёзма тушунтириш хати олинди. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар беради.
Суриштирув давомида фуқаро 2005 йилдан буён овчилар жамияти бирлашмасига аъзолиги ҳамда спорт ва ҳаваскорлик тарзида қонунда белгиланган тартибда овчилик фаолияти билан шуғулланиб келишини таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда кенг мунозарага сабаб бўлган мазкур постдаги фотосуратлар фуқаронинг 2012-2015 йиллар давомида Россия Федерациясида Овчилик хўжалигида фаолият олиб борган даврларида олинганлиги ҳамда дастлаб унинг ўзи томонидан ижтимоий тармоққа жойлаштирилганлиги аниқланди.
Шунингдек, фуқаронинг таъкидлашича, жорий йил 24 июль куни ўрта ёшли шахс томонидан унга қўнғироқ қилиниб, онаси бетоблиги туфайли жайра ёки бўрсиқ гўшти кераклиги сўралган. Фуқаро қўнғироқ эгасига ҳозирда ов мавсуми ёпиқлиги учун овчилик фаолияти билан шуғулланмаётганини, ов мавсуми бошланганда шундай ҳайвонлардан қонуний равишда ўлжа олса, сўралган нимтани етказиб бериши мумкинлигини маълум қилган.
Журналист ва блогерлардан асосланмаган ҳамда эски маълумотларни ижтимоий тармоқларга жойлаб, ёлғон шов-шувларни тарқатмаслик сўралган бошқарма баёнотида.