Учрашув аввалида Агентлик директори А.Бурханов президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот бериб, ўзаро доимий тажриба алмашиш механизмлари ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши стратегиясини ишлаб чиқиш, суд-ҳуқуқ тизими ходимлари учун коррупцияга қарши кураш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, соҳада кадрлар тайёрлашни тизимлаштиришда ўзаро ҳамкорлик қилиш таклифлари илгари сурилди.
Ўз навбатида, БМТ вакиллари Ўзбекистон коррупцияга қарши курашувчи идоралар фаолияти ва функцияларини таҳлил қилиш ҳамда илғор хорижий тажриба асосида соҳани такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш, шунингдек, янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Музокаралар якунида Агентлик ҳамда Қонун устуворлиги ва хавфсизлик институтлари бошқармаси ўртасида Стратегик ҳамкорлик битими имзоланди.
Битим доирасида икки идора ўртасида Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш салоҳиятини БМТ стандартлари ва талабларига мувофиқ ривожлантириш, шу жумладан, аксилкоррупция сиёсатига оид ҳужжатлар, касбий тайёргарлик, ўзаро тажриба алмашиш йўналишларида амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Битим, жумладан,
➖ коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича маълумот ва профессионал материаллар алмашинувини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш орқали Ўзбекистонда коррупцияга қарши сиёсати бўйича тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;
➖халқаро стандартлар асосида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга масъул органлар салоҳиятини ошириш;
➖давлат хизматчилари учун касбий малака ошириш курсларини ташкил этиш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, бу борада экспертлик ва техник ёрдам кўрсатиш;
➖қўшма семинар ва тренинглар ўтказиш каби бир қатор муҳим йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилишни назарда тутади.
Учрашувда ҳамкорлик битимининг ҳар бир йўналиши бўйича аниқ вазифа ва режалар белгилаб олинди ҳамда уларнинг амалга ошрилишидан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлиши қайд этилди.