Маҳсулотлар фақат ички бозорга чиқарилмоқда. Бундан ташқари, моллар гўшт олиш учун ҳам боқилади. Ҳар бир наслли мол 1 тоннага етгунча боқилади. Ойига 40-50 тонна гўшт истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани «Истиқлол» МФЙдаги «Шукур Давлат» кўп тармоқли хусусий фермаси томонидан 1000 бош қорамолга мўлжалланган умумий қиймати 11,7 миллиард сўмлик чорвачилик комплекси ҳамда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа учун тадбиркор ўз ҳисобидан 1,5 миллиард сўм, хорижий кредит линиясидан 700 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлади.

Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг 100 та доимий ҳамда экин ва йиғим терим ишлари учун яна 100 дан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилди. Айни кунларда бу ерда 1200 бош зотдор қорамол боқилмоқда. Улар кўпайтирилиб, вилоятдаги бошқа фермер хўжаликларига шартнома асосида етказиб берилаётир. Замонавий сутни қайта ишлаш тармоғида ўндан ортиқ турдаги сут маҳсулотлари тайёрланяпти. Кунига 3 тоннадан зиёд сут қайта ишланиб, буюртмачиларга етказиб берилмоқда.

– Ота-боболаримиз чорвачилик билан шуғулланган, – дейди таъсисчиларидан бири Давлатжон Сайдалиев. – Мазкур корхонани узоқ йиллар давомида отам бошқарди. Кейин ишни акам билан давом эттирдик. Ёзда Эстония давлатидаги таъминотчи ҳамкорлар томонидан қиймати 623,7 минг еврога тенг 297 бош наслли қора мол олиб келдик. Ҳозирги кунда фермамизда Германия, Австрия, Эстониядан келтирилган 1 минг 200 га яқин наслли қорамол бор. Чорвачиликда ем-хашак етказиб бериш энг катта муаммо. Дастлаб озуқа етиштириш учун 150 гектар ер бор эди. Жорий йилда яна 400 гектар ер ажратиб берилди. Мазкур майдонларда ёввойи буғдой, макка жўхори каби озуқа маҳсулоти етиштирилмоқда.

Фермага Германия давлатининг “Mondelez International” компанияси томонидан дастгоҳлар ҳамда Туркия давлатининг “Cezar” компаниясидан сут соғиш ускуналари олиб келиниши учун шартномалар имзоланган. Ушбу ускуналар жорий йилнинг декабрь ойигача етказиб келтирилиши режалаштирилмоқда.