Тоғолди зоналарда сада, терак, қайрағоч, чинор, мажнунтол, қайин каби дарахтлар жуда кўп. Бошқа ерларда учрамайдиган тобулғу деб номланадиган дарахт ёғочи ҳақида шоҳ ва шоир Бобурнинг «Бобурнома» асарида келтирилган. Шунингдек, туманда ўсадиган энг ноёб ва шифобахш гиёҳлардан айиқ ўти (меҳригиёҳ), кийик ўт, исириқ, тоғ пиёзи, дўлана, наъматак каби доривор ўсимликлар «Қизил китоб»га киритилган.

Косонсой кўплаб кўҳна маконлари, нодир-ноёб топилмалари, тарихий ёдгорликлари, табаррук зиёратгоҳлари билан ҳам ўз ўрнига эга маскандир. Жумладан, Ғўзапоямозор, Султон Малик Вали Зарбахш мақбараси, Садпири Комил ва Аълохон Махдум жомеъ масжидлари, Ковутпўш-Кунтуғлик ота мозори, Юсуфхон Тўра мақбараси, Мавлоно Саййид Жалолиддин ибн Саййид Жамолиддин каби зиёратгоҳлар бу масканда ўз даврининг етук авлиёлари, имом ва алломалари етишиб чиққанидан гувоҳлик беради.

Яқинда вилоятнинг туризм бошқармаси вакиллари тумандаги зиёратгоҳлар ва бошқа диққатга сазовор жойларнинг мониторингини ўтказиб, мазкур ҳудудда зиёрат ва экотуризмни ривожлантириш учун етарли база мавжуд, деган хулосага келишди. Айни пайтда бу борада йўл харитаси тузиш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, биринчи навбатда, Ғўзапоямозор, Махдуми Аъзам каби объектлар консервация, реконструкция қилиниши кўзда тутилган.

Махдуми Аъзам зиёратгоҳи

Махдуми Аъзам, Имом Косоний, Хожаи Косоний, Саййид Аҳмад Даҳбедий номи билан машҳур бўлган мовароуннаҳрлик аллома, йирик диний арбоб, нақшбандия тариқати пирларидан бири Саййид Аҳмад ибн Саййид Жалолиддин Косоний - Махдуми Аъзам (1461-1542) Косон шаҳрида таваллуд топган.

Тарихнинг шоҳидлик беришича, Махдуми Аъзам Мовароуннаҳрда нақшбандийлик таълимотини ривожлантиришда беқиёс хизмат кўрсатган улуғ зот сифатида машҳур бўлган. Темурий шаҳзодалардан Мирзо Бобур, Шайбоний ҳукмдорларидан Убайдуллохон, Жонибек Султон, Исфандиёр, Абдулазизхон уни ўзларига пир деб билганлар. Чунончи, буюк шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ул зотни чуқур ҳурмат қилган ва Махдуми Аъзамга атаб рубоийлар бағишлаган:

Нафс ҳавосини дебон ҳар қайдаким юргандамиз,

Дилда доим изтироб дил олдида шармандамиз.

Бир назар бул хастадил мухлисларингга ташлаким,

Хожагини қўйган эрдик, Хожагига бандамиз.

Шарқшунос олим Илёсхон Ғозий Бобур Мирзо ушбу мисраларни битишининг сабабини қуйидагича изоҳлайди: «Хожагон-нақшбандия тариқатига Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг умаролари ҳам катта эътиқод қилган эканлар, чунки Бобур Мирзонинг устига сон-саноқсиз душман лашкари (Ҳиндистонда) бостириб келганда, ўз вазири амир Дарвеш Муҳаммаднинг маслаҳати билан Бобур жами девон мулозимларини нақшбандия тариқати муршидлари руҳу арвоҳларига тоат-ибодат билан мурожаат қилишларини буюрган экан. Хуллас, бундан огоҳ бўлган Махдуми Аъзам гўё ўз ғайриоддий қобилияти билан душманнинг икки юз минглик лашкарини заифликка (ривоятларга кўра, катта қўшин лашкарни ўртага олиб, нобудлик ҳолига келтирган экан) учратган ва Бобур Мирзо фурсатдан фойдаланиб, душманни қириб ташлаган экан. Уруш Бобур ғалабаси билан тугагандан сўнг у Даҳбедга ўз махсус кишисини (амир Қўзини) кўп инъомлар билан юбориб, унга икки рубоий битиб, Махдуми Аъзам қўлига топширишни буюради».

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бундай буюк зотларнинг хотираларини абадийлаштириш, меросини ўрганишга эътибор кучайтирилиб, Махдуми Аъзам туғилиб ўсган Косонсой шаҳридаги маҳаллага унинг номи берилди. Косонсой сойининг сўлим қирғоғида зиёратгоҳ барпо этилди. Бу ишга барча косонсойликлар ўз ҳиссаларини қўшишди. Ниҳоят, 2007 йилда Ҳазрат Махдуми Аъзамга аталган муҳташам зиёратгоҳ қад ростлади.

Бугун бу маскан халқимизнинг муқаддас зиёратгоҳига айланган. Зиёратчилар орасида қўшни, узоқ хориж давлатлари фуқароларини учратиш мумкин.

Ғўзапоямозор масжиди ва қадамжоси

Косонсой шаҳрининг Қалъача — ҳозирги Абдураҳмон Жомий маҳалласига кираверишдаги Ғўзапоямозор масжиди ва қадимий қабристон сирли тарихий ёдгорлик сифатида бир неча асрлардан бери кишилар диққатини тортиб келмоқда. Ушбу меъморий мажмуа масжид, минора, бир-бирига туташ учта мақбара, дарвозахона, ҳужралар ва чиллахонадан иборат бўлган. Бу маскан тўғрисидаги турфа ривоятлар оғиздан оғизга ўтиб келмоқда. Шу маҳаллада яшовчи марҳум Исохон ҳожи Иноятуллаевнинг ҳикоя қилишича, “Сомонийлар сулоласидан бўлган Султон Саййид Жалолиддин Сомоний Косон шаҳрига ташриф буюриб, хилват бир ерда яшай бошлаган. Ислом илмини чуқур билгувчи ва тақводор инсон бўлгани учун маҳаллий аҳолининг у кишига тезда муҳаббати ортади. Маҳаллий одамлар билан бу буюк зот орасида илиқ муносабат пайдо бўлиб, ҳазрат бу ерда бир масжид бино этишга аҳд қилади. Тезликда масжид қурилиши бошланиб кетади. Лекин масжид ўртасига қўйиш учун махсус хари ёғоч зарур бўлиб қолиб, уни топишнинг имкони бўлмайди.

Ривоят қилишларича, масжид қурилаётган ерга яқин бўлган Жўйишаҳар ариғига ғўза пояси оқиб келиб, одамлар уни четга чиқариб қўядилар. Эрталаб чиқиб кўрсалар, ўша ғўзапоя ўрнида улкан хари турган эмиш. Усталар харини олиб, жойига қўйиб кўрсалар, бироз калта экан. Шунда усталар Султон Саййид Жалолиддинга маслаҳат солишибди. У киши «Темирни чўзса узаяди, нега энди ёғоч узаймас экан, тортиб, чўзинглар зора узайиб кетса», дейди. Шайхнинг сўзи билан ғўзапояни икки томонга тортсалар, у чўзилиб, бир тўсин пайдо бўлган ва ўз ўрнига тушган экан.

Яна бошқа бир ривоятда нақл қилинишича, Султон Саййид Жалолиддин — Косоний бир кишини шайх Зунун Мисрий-Юмалоқшайх олдига юбориб, қураётган масжиди хариси учун бир дона ёғоч юборишини илтимос қилади. Ўз даврининг буюк табиби ва сўфиси бўлган шайх Мисрий бир дона ғўзапояни ушлаб, отга миниб келиб, қўлидаги ниҳолни ариқ четига ўтқазиб, икки ракаат намоз ўқигач, Аллоҳнинг инояти ила ушбу ниҳол ўсиб, тезда азим дарахтга айланган ва дарахт танаси хари учун ишлатилган экан.

Бу ривоятлар тарихий ҳақиқатга яқин ёки узоқлиги борасида фикр юритиш мушкул. Тўрақўрғонлик мутафаккир Исъҳоқхон Ибратнинг «Фарғона тарихи» асарида Султон Саййид Жалолиддин ҳақидаги маълумотлар зикр қилинган. Муаллифга кўра, Косон шаҳрига араблар ислом динини олиб кирганларидан сўнг мусулмон маданияти ва динини мустаҳкамлаш мақсадида Бағдод шаҳридан Султон лақабли ўн икки киши келиб, Косон шаҳрида турган экан. Улардан бири Султон Жалолиддин Сомоний бўлиб, бу киши Ғўзапоямозор гумбазида дафн этилган. Дарҳақиқат, бу ерда нафақат масжид, балки мақбара ҳам мавжуд бўлган. Қизиғи шундаки, мазкур мақбара Бухородаги Исмоил Сомоний мақбарасига ўхшаб бунёд этилган.

Исъҳоқхон Тўра Ибрат бундай баён этади: «Аммоки, Косон демак шул эканки, араблар тарафидан маданияти арабни маҳкам қилмоқ учун Бағдод шаҳридан Султон лақабли 12 киши дини муҳаммадияни интишор қилмоқда, илм ўргатмоқда бўлиб, Косонда турган эканлар. Косонийлар аларни ҳурмат қилиб, ўзлари форсий сўғд тили илан Султонлар зикр қилган Касон деб зикр қилур эканлар. Косон демак — кишилар демак. Форсийда бу алфоз кўп айтилиб, исми Косон бўлиб кетган экан, чунончи, ўшал султонларнинг бирлари Султон Жалолиддин Сомоний, яъни Ғўзапоямозордаги гумбазда ётган кишидурлар. Иккинчилари, Қалмоқ ариғи бўйида гумбазда ётган Султон Муҳаммад қози деган киши. Бўлаклари атрофи Косондадурлар».

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Исъҳоқхон Тўра Ибратнинг Косон номи келиб чиқишидаги ўн икки султон билан боғлиқ ривояти ва Султон Жалолиддин Сомоний ҳақида ёзган маълумотлари, Сайфуддин Ахсикандарийнинг «Мажмуа ат-таворих» асарида ҳам ўз ифодасини топган. Мазкур зиёратгоҳ мажмуаси ҳақида Германиянинг Эрнст Вазмут нашриётида санъатшунос олим Э.Кон-Винернинг 1930 йилда чоп этилган “Turan: Islamische baukunst In mittelasien” («Турон: Марказий Осиёдаги ислом меъморчилик санъати») китобида ҳам маълумотлар келтирилган (Аҳмадалиев Т. Наманганнинг ўрта асрдаги меъморий қиёфаси (Султон Саййид Жалолиддин мақбаралар мажмуаси асосида); Марказий Осиё археологияси, тарихи ва маданияти халқаро илмий конференция маърузаларининг тезислари) мазкур зиёратгоҳ юзасидан изланишлар олиб борган Т.Аҳмадалиев бу ҳақда, жумладан, қуйидагиларни келтиради:

“Наманган вилоятининг Косонсой шаҳрига тегишли, ҳозир бузилиб кетган (биргина масжид биноси сақланиб қолган) Султон Саййид Жалолиддин мақбаралар мажмуаси муайян бир санъат қирраларини даврий қиёфасида намоён этгани билан аҳамиятлидир. Ушбу мақбарани ўрганган тадқиқотчи олимлар уларни шарқий, ўрта ва жанубий деб атаганлар. Мақбаралар ўрни эркин ҳолда бир-бири билан бириккан тарзда лойиҳаланиши бу номланишларнинг юзага келишига сабаб бўлган. Мақбараларнинг иккитаси шарқий ва ғарбий томонда, учинчиси эса жанубда жойлашган. Жанубий мақбаранинг ўйма сопол терракота техникасида бажарилган безаклари, ёзувлари Ўзган мажмуасидаги мақбараларга хос услубда бўлиб, тадқиқотчи олимлар диққатини жалб қилган. Жанубий пештоқ тарзида сақланиб қолган ҳашаматли арабий ўйма ёзувни М.Е.Массон таржима қилган бўлиб, унда «Давлатимиз фахри, ғурури, дин ва миллат тузувчи султонларнинг султонига шон-шарафлар, 741 ҳ.й. 1340-1341 м.й.» ёзуви битилган... Таъкидлаш жоизки, Х-ХII асрлар водий архитектурасининг қиёфаси Ўзган мажмуаси, 1152 ва 1187 йилдаги мақбаралар, ХI аср минораси ва Сафед Булон қишлоғидаги Шоҳ Фозил мақбаралари асосида ўрганилар эди. Бу даврнинг меъморий қиёфасини ўзида мужассам этган Султон Саййид Жалолиддин мақбаралар мажмуаси улардаги анъаналарнинг давомчиси сифатида эътироф этишга лойиқдир”.

Косонсойлик машҳур меъмор ва ҳаттот Муҳаммад Аминхўжа Косоний Қўқон хонлиги даврида олиб борилган кўплаб қурилиш ишларида фаол қатнашган ва ўзи бир неча бино қурган ҳамда қадимий меъморий обидаларни таъмирлаб, иморатлар пештоқига нозик ҳарфлар билан ёзувлар битган. Жумладан, Косонсойда яшаб ўтган машҳур шайх ва олим Саййид Жалолиддин Сомоний хотирасига қурилган мақбарани Муҳаммад Аминхўжа Косоний 1809 йили таъмирлаб, мақбара деворига таъмирлаш тарихини назм билан битиб қўйган. ХХ асрнинг 30 йиллари туман ҳудудини тадқиқ қилган рус олими Б.Е.Засипкин мақбара тарихини ҳам ўрганган. У мақбаранинг айрим қисмларидан намуналар ҳамда мақбарага тегишли баъзи қўлёзма ва ҳужжатлар ҳамда мақбаранинг ўша даврдаги ҳолати туширилган фотосуратларни Россияга олиб кетган. Айнан шу маълумотлар ҳозир Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги машҳур Эрмитаж музейида сақланмоқда.

Косонсойлик машҳур уста Камолиддинхўжа отанинг эслашича, 1974 йили Ғўзапоямозор масжидини очиб, таъмирлаш пайтида масжид тўсинлари орасидан ғўзапоя мисоли йўғоч тўсин чиққан ва бу йиғилганларни ҳайратга солган. Шунингдек, ўтган асрнинг 60 йилларида мақбарани рус ва татар фуқаролари учун турар жой қилиб бериш мақсадида бино ертўласи очилганида ҳам бутун бир бинони улкан ёғоч кўтариб турганини кўриб, бу ерда ҳозир бўлганларнинг барчаси ажабланган экан. Бундан ҳам ҳайратланарлиси, ўша улкан ёғоч ғўзапоя дарахти танаси экан. Бу ҳақда бир қанча ривоятлар мавжуд. Ривоятлар афсонадай туюлиши мумкин, лекин Лотин Америкаси ва Ҳиндистонда кўп йиллик ғўзапоя дарахти ўсишини ҳисобга олсак, ҳар қандай ривоят ортида ҳақиқат ётишини англаб етамиз. Ушбу ғўзапоя дарахти ҳозир ҳам сақланиб қолган бўлиб, зиёратчиларни ҳамон ҳайратлантирмоқда.

Ертўланинг шарқий қисмида ер ости йўлининг бошланиш қисми сақланиб қолган. Бу йўл 40 та ҳужрага олиб борган. Мана, сизга сайёҳларга кўрсатиш мумкин бўлган сирли маскан.

Фазлий Намангонийнинг «Мажмуаи-шоирон» тазкирасининг (1821) 472-саҳифасида «Дар фазли Муҳаммад Амин Косоний» («Муҳаммад Амин Косоний фазилати ҳақида») сарлавҳаси остида қуйидагилар ёзилган: “Муҳаммад Аминхўжа Қўқон хонлиги даврида олиб борилган кўпгина қурилишларда фаол қатнашди, бир неча биноларни қурди, қадимий меъморчилик обидаларни таъмирлади, иморатлар пештоқига нозик ҳарфлар билан тарихлар битди. Жумладан, Косонда яшаб ўтган Султон Саййид Жалолиддин хотирасига қурилган мақбарани (бу мақбарага Косонсой шаҳридаги Ғўзапоя масжиди ёнида бўлган) Муҳаммад Амин Косоний 1809 йилда таъмир қилди ва таъмирлаш тарихини мақбара деворига назм билан қуйидагича битди: «Сар фурулʼ бурдон ва жой би ҳаш дар базми ҳузур кашф шуд тарихи сол аз равзаи Султон Жалол». Мазмуни: «Унинг ҳузури базмида бошимни қуйи солиб ўйласам, равзаи Султон Жалол деган сўздан таъмирланган йили тарихи ҳосил бўлди».

Косонсой - уста ҳунармандлар юрти

Ривоятларга кўра, қадим замонда бир подшонинг ёлғиз ўғли тузалмас дардга чалиниб, ётиб қолибди. Ҳеч қандай даво кор қилмагач, бир табиб бундай дебди: «Шаҳзода тузалиши учун бир томонида тоғ, иккинчи томонида кўм-кўк водий-боғ, остида зилол сувли сойи бор жойни топасиз. Сувга тилладан шернинг ҳайкалини ясатиб, ташлаб қўясиз. Ўғлингиз ҳар тонг тоғдан келаётган, тилла сингдирилган зилол сувда ювиниб, шу сувдан ичиб, тоғ шаббодасидан нафас олади, водийни томоша қилиб завқланади, кўзи қувнайди, натижада бир йилда дарддан фориғ бўлади».

Подшо табибнинг бу гапларидан сўнг аёнларига шундай жойни топишни буюрибди. Лашкар ва чопарлар бир неча вақтдан сўнг табиб айтган жой бор экани хабарини олиб келибдилар. Дардманд шаҳзодани улар айтган жойга олиб боришибди. Подшо табиб айтган шартларни бажариш учун бир неча кишини шу ерда қолдириб, юртига қайтибди. Орадан бир йил ўтиб, подшо ўғлидан хабар олгани келибди. Не кўз билан кўрсинки, шаҳзода соғайиб, юра бошлаган экан.

Бу синоатни кўрган подшо бу жойни шаҳарга айлантиришга ният қилибди ва ўз юртидан турли касб эгалари - новвойлар, косиблар, дегрезлар, кулоллар ва бошқа уста-ҳунармандларни бу ерга кўчириб келтирибди. Шундай қилиб, «косибон» ҳунармандлар шаҳри бўлмиш Косон шаҳри бунёд бўлибди. Бугун туманнинг маркази бўлмиш Косонсой шаҳри дарҳақиқат қўли гул уста ҳунармандлар ва уларнинг харидорлари билан янада гавжум. Айни пайтда туманда истиқомат қилаётган 212 мингга яқин аҳолининг аксарияти юқорида санаб ўтилган ҳунар турларининг қайси бири биландир машғул.

Бугунги кунда миллий ҳунармандчилигимиз сайёҳлар диққатини жалб қилишда ҳам муҳим ўрин тутади. Шундай экан, мамлакатимиз туризмини ривожлантиришга ҳисса қўша оладиган ҳудуд сифатида Косонсойнинг ҳам Ўзбекистонда ўз ўрни, ўзига хос нуфузи бўлиши шубҳасиз.

Муножат МЎМИНОВА,

«Янги Ўзбекистон» мухбири