Ўзгартиришлар «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги қонунлари ва Президентнинг 24.08.2020 йилдаги «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6044-сон Фармонига мувофиқ киритилган.
Хусусан, янги таҳрирдаги Низомнинг 8-бандига кредит бюросининг ижро органи раҳбарига нисбатан қўйиладиган қуйидаги талаблар киритилган:
- олий иқтисодий маълумотга эга бўлиши;
- камида 5 йиллик иш тажрибасига, шу жумладан кредит амалиёти билан боғлиқ йўналишда камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши;
- номзод ижро органи, кузатув кенгаши аъзоси ёки акциядор сифатида фаолият юритган юридик шахсда банкротлик ва мажбурий тугатиш ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;
- иқтисодиёт соҳасидаги жиноят учун судланганлик ҳолати бўлмаслиги ёки ноқонуний суд жараёнида иштирок этмаган бўлиши.
30-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди: «Кредит бюроси давлат реестрида рўйхатга олинган вақтдан бошлаб юридик шахс мақомини олади. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда унга лицензия берилади».
Янги таҳрирдаги 33-моддада лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонунга (20, 22, 23 ва 24-моддалари) мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.01.2021 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова.